Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:43

Сайлов тугаб, босим тикландими?


Абдусаттор Шоятов июн ойида Ўшдаги Наримон қишлоғида ўтказилган рейд пайтида калтакланган.
Абдусаттор Шоятов июн ойида Ўшдаги Наримон қишлоғида ўтказилган рейд пайтида калтакланган.

Ўш вилоят Қорасув туман давлат маъмурияти бошлиғининг биринчи ўринбосари Абдусаттор Шоятовнинг уйида 12 октябр куни эрталаб тинтув бошланди. Бу ҳақда Озодликка Шоятовнинг уйи атрофида йиғилган юзлаб қорасувликлардан бир нечаси хабар қилди. Бироқ Қирғизистон ички ишлар вазирлиги бу хабарни инкор қилмоқда.


Афтидан, Бишкекда жойлашган вазирлик матбуот хизмати мамлакат жанубидаги вазиятдан бехабар.

Чунки, Абдусаттор Шоятовнинг уйида тинтув ўтказилгани аниқ.

Ўзини Гулмирахон, деб таништирган ҳамшира аёл воқеа тўғрисида мана бундай ҳикоя қилди:

- 12 октябр куни эрталаб соат 9да маскалилар эски шаҳар ҳокимимиз Шоятовнинг уйига келди.

Озодлик: Нечта одам келди?

- 10 чоғли борда.

Озодлик: Сиз ўзингиз кўрдингизми?

- Ўзим кириб, ичида ўшани кўриб чиқдим. Ҳозир 10 мингга яқин одам мана бу ëқда турибди ҳамма тўпланиб.

Озодлик: Маска таққан 10 киши қўлида автомат билан келди. Келиб нима қилди улар?

- Келиб, уйда ҳеч ким йўқ. Бир ëшгина келини бор. Шуни чақириб “Уйни текширгани келдик” деб уйни текширишиб, бир автоматлиси ташқарига чиқиб туриб “Сенлар қочириб юбординг” деб биз аëлларга нападение қилди.

Озодлик: Қилган нападениеси қанақа бўлди?

- Мен “Нимага энди автомат билан келдинглар? Халқнинг тинчини бузмасдан автоматсиз келсанглар ҳам, маскасиз келсанглар ҳам киргизамизку” десам, автомати билан “Сен нима деяпсан” деб аëлларга қичқириб, автомати билан сал қолса отиб юборармидикан депман. Автомати билан югурган эди, началниги чиқиб қайтарди, дейди ўзини Гулмира, деб таништирган қорасувлик ҳамшира.

Абдусаттор Шоятовнинг уйи олдида йғилган қорасувликлардан яна бири пенсионер Олимжон ака тинтув ўтказишга келганларни назарда тутиб, бундай хабар қилди:

- Уйнинг ичига кириб олишган ҳаммаси. Ҳеч кимни яқин йўлатмаяпти. Бу ерда нима қилишаяпти билмаймиз ҳам. 4000-5000 одам оқсоқоллар кўчада турибмиз, дейди пенсионер Олимжон ака.

Гулмирахон ва Олимжон ака билан 12 октябр, маҳаллий вақт билан кундуз соат 1 ларда гаплашдик.

Орадан 1-2 соат ўтгач¸ Қорасув шаҳри давлат маъмуриятининг бир масъул ходими билан боғланишга муваффақ бўлдик.

Жавобларини ёзиб олдик. Лекин у киши исмини айтмаслигимизни, овозини эшиттирмаслигимизни илтимос қилгани учун айтганлари мазмунини Сизга етказиш билан чекланамиз.

Саволларимизга жавоб бераётган дақиқаларда, масъул ходим Шоятовнинг уйидан эндигина қайтган экан. “Тинтув якунига етди, уйдан ҳеч қандай ғайриқонуний нарса топилгани йўқ, тинтувни МРУ ўтказди, Шоятовнинг ўзи қаердалигини билмайман”, деди масъул ходим.

Унинг айтишича, ёши 60дан ошган Абдусаттор Шоятов Қорасув туман ҳокими ўринбосари лавозимидан жорий йил бошида бўшаган (ёки бўшатилган).

“Шоятов июн воқеалари кунлари Наримон қишлоғига ҳоким ўринбосари сифатида эмас, оддий фуқаро сифатида борган ва қаттиқ калтакланган эди”, деди Қорасув шаҳри ҳокимлиги вакили.

Масъул ходим айтаётган идора – МРУ – билишимизча, Ички ишлар вазирлигининг Минтақалараро бошқармасидир.

Шунинг учун вазирлик матбуот хизмати билан боғландик. Хизматнинг ўзини Эрнис, деб таништирган ходими воқеадан хабарсиз эканлигини айтиб, билиб беришга ваъда қилди.

Айтилган вақтда яна боғландик.

- Мен ҳозиргина Ўш вилоят ички ишлар бошқармаси билан боғланиб, Шоятовнинг уйида ҳеч қандай тинтув ўтказилмагани тўғрисида маълумот олдим, деди вазирлик матбуот хизмати вакили.

Биз, табиийки, тинтувни МРУ ўтказибди, бу идора Сизларга қарайди-ку, деган саволни ҳам бердик ва мана бу жавобни эшитдик.

- Тинтув ўтказилган бўлса, ўтказилгандир, лекин унга милициянинг алоқаси йўқ, деди Эрнис.

Балки, чиндан ҳам МРУнинг (балки МРО)нинг Ички ишлар вазирлигига алоқаси йўқдир. Балки, тинтувни ўтказган идора МРУ ҳам, МРО ҳам эмасдир.

Тинтувни қайси ташкилот ўтказганини аниқлаш бир неча кунга чўзиладиган иш ва аниқлаган тақдиримизда ҳам, муҳими бу эмас.

Муҳими, тинтув учун қандай вақт танланганида.

Шоятовнинг уйи олдида йиғилган қорасувликлар сайлов арафасида тўхтаб қолган зачисткалар, тинтувлар сайлов ўтиши биланоқ қайта бошланиб кетганидан аччиқланмоқда.

- Бизда тинчлик бўладими бўлмайдими? Бизнинг ҳақимизни ким нима қилади? Бизни ҳимоя қиладиган одам борми йўқми, деб зорланди пенсионер Олимжон ака.

Қорасувлик Дилёр Жумабоев мухбирингиз билан суҳбат чоғида Абдусаттор Шоятовнинг яқинлари билан гаплашганини, унинг устидан жиноят иши 14 июнда, Шоятов Наримонда калтак еган куни (ёки эртасига) очилганини айтишган. “Яқинларининг айтишича, дейди Дилёр, Шоятов жиноятни яширганликда, гумон қилинмоқда”.

Агар чиндан ҳам шундай бўлса, сайловнинг эртасигаёқ Шоятовнинг уйида “маски-шоу” ўтказишдан мақсад нима?

Ё июн воқеаларида қўли борлиги тўғрисида кўп гапирилган куч ишлатар идоралар чиндан ҳам ўзбекларга босимни давом эттирмоқчими?

Қорасувликларга шу савол тинчлик бермаяпти.

Норасмий хабарларга қараганда, шу кунда Шоятов републикадан ташқарида даволанмоқда. Лекин бу маълумотни текширишнинг иложи бўлмади.
XS
SM
MD
LG