Линклар

logo-print

Сочидаги мардикорлар ҳаққи берилмади


Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари 5 октябр куни Сочи мэрияси олдида пикет ўтказган эди.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари 5 октябр куни Сочи мэрияси олдида пикет ўтказган эди.

Сочидаги қурилишлардан бирида июл ойидан бери ишлаб, иш ҳақини ололмаган ўзбекистонликларни шаҳар миграция хизмати Ўзбекистонга жўнатмоқда. Улар 5 октябр куни шаҳар маъмурияти биноси олдида норозилик акцияси ўтказган ва масалалари ҳал бўлишига умидлар пайдо бўлган эди.

Бу ўзбекистонлик мардикорлар 5 октябр куни Сочи шаҳар мэрияси биноси олдига тўпланиб ўз ҳақларини талаб қилганида мэрия маъмурияти расмийси Вера Пашкова ўзбекистонликларни ишлатган “Новый город” ширкати вакилини чақиртириб, томонлар ўртасидаги музокараларга воситачилик қилган эди. Музокаралар натижасида Сочи мэрияси ва “Новый город” ширкати ўзбекистонлик мардикорларга қарзларни тўлиқ тўлаш ва уйларига жўнатишга кўмак беришига келишиб олишган эди.

Сешанба куни эса, 4 ойдан бери маошларини ололмаётган мардикорлар гуруҳ-гуруҳларга ажратилиб, Миграция хизмати назорати остида маошлари тўлиқ берилмасдан жўнатиляпти, дейди Озодлик билан суҳбатда Эрали исмли йигит.

- Болаларни жўнатишди, шанба куни, 10 кишини. Ҳеч кимга пулини бермади, 2,5 ой ишлаган эди. Минг сўм, уч мингдан аванс бериб турган эди, жами 15 мингдан бўпти. Сизларга билет олиб берсак бўлди, расчет бўласизлар, деб жўнатди.


Озодлик: Бу гапни ким айтди, иш берувчими?

-Ҳа, шунақа.


Озодлик: Ҳеч қанақа бошқа ваъда ҳам бергани йўқ?

- Йўқ, ҳаммадан ушлаб қоламан 33 процентдан, деди. Уларга ҳеч нарсага жавоб ҳам бермасдан самолётга солиб жўнатворган-ов...


Озодлик: Қолганлар нима қиляпти?


- Ётибмиз мана, 40-тача одам бор.


Озодлик: Прокуратурадан, бирор бошқа жойдан аҳволларингни текширгани биров келдими?


- Бу ерга ҳеч ким келмади. Мана 28 июлдан бери ётибмиз.


Озодлик: Қаедай тирикчилик қиляпсизлар?


- Овқат беряпти,3 маҳал. Мана март ойидан бери пулимизни берамиз деб алдаб келяпти, билмадик...


Озодлик: Энди Нима қилмоқчисилар, бирор режа борми?


- Уже қаёққа боришга ҳам билмаймиз энди. Шу приказ чиқса пулимизни олиб уйга кетамиз, деб ўтирибмиз ҳаммамиз.

Бу сочилик пул ололмаётган мардикорлардан бири билан суҳбат эди.

Хўш, расмий органлар нима дейди?

Сочи шаҳар прокуратурасига қилган қўнғироғимиз самара бермади: матбуот ходими ишда йўқлиги сабабли Сочи прокуратурасининг бошқа ходимлари биз билан мулоқот қилишдан бош тортди.

Ниҳоят, Сочи шаҳар маъмурияти ахборот бошқармаси бошлиғи Татьяна Пшеничнова “Новий город” ширкати ва ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ўртасидаги можарони бартараф этишда шаҳар маъмурияти шу кунгача қилган ишидан ортиқ ёрдам бера олмаслиги сабабларини шундай тушунтирди.

- Аслида, 1 сентябр куни бу 51 кишининг Ўзбекистонда имзоланган шартнома муддати ниҳоясига етган. Сўнгги 2 ой давомида улар дарҳақиқат маош олмаган, лекин “Новий город” ширкати раҳбари Лукич Ненад томонидан 3 маротаба иссиқ овқат билан таъминланиб келган. Лукич муддат тугаганидан кейин уларни Ўзбекистонга жўнатишни таклиф қилган, лекин улар рози бўлмаган. Боз устига, уларнинг бу ердаги расмий қайд муддати ҳам ўз якунига етган, яъни ҳозирда улар Россия ҳудудида ноқонуний яшамоқда. Лекин шаҳар маъмурияти ширкат раҳбарларини чақиртириб муайян келишувларга эришилди. Миграция хизматидан бизнинг мардикорларни ўз ҳақларини олгунига қадар депортация қилмасликни илтимос қилдик. Хизмат илтимосимизни инобатга олди. Лукич Ненад эса муҳожирларни ҳақларини тўлиқ тўлаб жўнатиш графигини ишлаб чиқди. Пул масаласида эса биз бу ташкилотга буйруқ беришга ваколатларимиз йўқ, деди Сочи шаҳар маъмурияти ахборот бошқармаси бошлиғи Татьяна Пшеничнова.

Сочидаги ўзбекистонлик мардикорлар можаросини кузатиб бораётган Сиёсий қочқинлар жамияти президенти, ўзбекистонлик сиёсий муҳожир Баҳром Ҳамроев, юзага келган вазият нафақат меҳнат муҳожирларининг ўз ҳақларини талаб қила олмаслиги оқибати, балки бундай вазиятнинг юзага келишидан давлатнинг коррупциялашган органлари манфаатдор эканлигидадир, деган фикрда.


- Бу ўзбекларга нисбатан бўлаётган биринчи ҳолат эмас-ку. Бу системага айланиб қолди.


Озодлик: Нима қилса бўлади юзага келган вазиятда?


- Мен бошқача айтолмайман: Ўзбекистон ҳукумати Россияга арзон, ҳақ-ҳуқуқсиз ишчиларни таъминлаб бериш ваколатини ўз бўйнига олган, ўхшайди! Неча йилдан бери бунақа вазиятлар такрорланаётганини биламан. Айнан Ўзбекистон аҳолиси шу аҳволга тушади. Бутун Россиядаги оғир-енгил ишларнинг энг арзони ўзбекларники, энг кўп ишлаб кам маош оладиган ўзбеклардир. Аҳвол худди шунақа... Ҳуқуқсиз қилиш йўлларидан энг биринчиси: хужжатларнқонун талаб қиладиган даражада қайд қилинмаслидир. Қулликка олиб борувчи йўл хужжатлар нотўғрилигидан бошланади! Мен Сочидаги шу ёмон аҳволга тушган меҳнат муҳожирлари билан гаплашганимда, рухсатномаларингиз борми, хужжатларингиз жойидами, деганимда, йўқ дейишган. “Нега ўзларинг бунга ўз вақтида қизиқмагансизлар”, десам, “Раҳбарлар хужжатларни қилиб берамиз, деган эди,” дейишган, дейди Баҳром Ҳамроев.

XS
SM
MD
LG