Линклар

Тожикистонда террорчиларга кўмаклашганликда гумонланган имом ҳибсга олинди


Тожикистон шарқидаги Нуробод тумани имом-хатиби Зайнолобиддин Маннонов ва унинг тўрт ўғли Рашт туманида юрган террорчиларга ёрдам берганликда айбланиб ҳибсга олинган. Бу ҳақда бугун Тожикистон Бош прокурори Шерхон Салимзода журналистлар билан бўлган учрашувда маълум қилди.

Прокурорнинг сўзларига кўра, имом-хатиб Покистонда диний таълим олган. У ўз уйида диний мактаб очиб, у ерда ёшларга қўпорувчилик амалиётларини ўргатган.

- Домланинг Раштда фаолият юритаётган террорчилар билан алоқаси борлиги аниқланган. Тергов давом этмоқда, - деди Бош прокурор.

Салимзода, шунингдек, Раштдаги воқеаларга тўхталиб, айни пайтда туманда вазият осойишта экани, маҳаллий ҳукуматлар одатдагидек фаолият юритаётганлигини айтди.

- Тўғри, тоғларда қуролланган гуруҳлар мавжуд. Лекин уларнинг сони жуда кам. Улар ҳозир қаерлардадир яшириниб юришибди. Уларни топиш ва зарарсизлантириш амалиёти давом этмоқда, - деди Бош прокурор.

Салимзоданинг сўзларига кўра, ўз ихтиёри билан қуролини топширган қуролланган террорчи гурух аъзолари жиноий жавобгарликдан озод қилинади.
XS
SM
MD
LG