Линклар

Ўзбекистон иқтисодиёти: "Доллар тушган бўлса бизга нима?"

  • Садриддин Ашур

АҚШ долларининг жаҳон бозоридаги нархи тушгани билан, сўмга нисбатан нархи кўтарилмоқда.

АҚШ долларининг жаҳон бозоридаги нархи тушгани билан, сўмга нисбатан нархи кўтарилмоқда.

Forex бозорида АҚШ доллари еврога нисбатан сўнгги саккиз ой мобайнида энг паст даражага тушди. 12 октябр куни 1 евро 1,38 АҚШ долларига тенглашди. Хўш, доллар курсининг бошқа валюталарга нисбатан тушиб бориши Ўзбекистон иқтисодиётига ва унинг миллий валютаси сўмга қандай таъсир қилмоқда?


Дунё бозорида АҚШ доллари қийматининг бошқа валюталарга нисбатан тушиб бориши Ўзбекистон иқтисодиётига ва унинг миллий валютасига ҳеч қандай таъсир қилмайди,- дейди ўзбекистонлик иқтисодчи Ориф Ҳошимов.

- Ўзбекистонни ўзингиз жуда яхши биласиз. Агар бизнинг экспорт ва импорт позицияларимизга қарайдиган бўлсангиз, асосий битимлар Ўзбекистонда, деярли 95-98 фоиз битимлар долларда амалга оширилади. Қачон курс фарқи бўйича йўқотишлар юзага келади? Қачонки бир неча валютада фаолиятингизни амалга оширадиган бўлсангиз. Агар Ўзбекистонда ташқи савдо операцияларининг 50-60 фоизи еврода, қолган 30-40 фоизи долларда амалга оширилганида эди, айтишимиз мумкин эди қолганини ҳам еврога ўтказишимиз керак деган маънода.

Биз қайси валютага товаримизни сотсак, худди ўша валютага товар сотиб оламиз. Яъни бу ерда ҳеч қандай ютқизиқ тўғрисида гап бўлиши мумкин эмас. Ички бозорда ҳам, ташқи ҳамкорларимиз билан бўладиган операцияларда ҳам Ўзбекистон 90-95 фоиз валюта операциялари фақат долларда амалга оширилади. Ҳаттоки Европа Иттифоқи мамлакатлари билан ҳам савдо битимлари долларда амалга оширилади,- дейди Ориф Ҳошимов.

Ўзбекистонда сўнгги 7 ой ичида АҚШ долларининг қора бозордаги нархи нисбатан барқарор қолмоқда, дея давом этади иқтисодчи.

- Қора бозор курсида Ўзбекистонда барқарорлик юзага келган. 2150-2250 атрофида. Қора бозор ҳеч бу диапазондан чиқиб кетаëтгани йўқ. Яъни давлатнинг ўзида қандайдир хоҳиш пайдо бўлди шу курснинг ўсиб кетишининг олдини олиш бўйича ва шуни бажараяпти. Олдин ҳам айтганман, бундан кейин ҳам айтаман, қора бозор курсига энг катта таъсир кўрсатадиган фактор бу давлатнинг ўзи. Давлатда хоҳиш бўладиган бўлса, бу курсни тушириш бўйича, қисқа муддатда буни амалга ошира олади. Бугун шундай хоҳиш йўқ.

Билсангиз, 2003 йилда шундай ҳолат юзага келганда бунинг барҳам берилишига ташқи босимлар, Халқаро валюта фондининг, Жаҳон банкининг, Европа тикланиш ва тараққиëт банкининг катта босими остида амалга оширилган эди. Ҳозир бундай босим йўқ. Уларнинг миссиялари ҳам келаяпти. Миссиялари келган пайтда билмайман уларга қандай муомала қилинаяпти, қайси ердаги статистик маълумотлар тақдим этилаяпти, қисқа муддатда, бир ҳафта-10 кун ичида миссия ўз ишини бажариб, Ўзбекистоннинг валюта сиëсатига ва иқтисодий ислоҳотларига +4 баҳо бериб қайтиб кетишаяпти,- дейди иқтисодчи Ориф Ҳошимов.

Айни пайтда Ўзбекистонда 1 АҚШ долларининг расмий ва қора бозор курси орасида 630 сўм атрофида фарқ бор. Ўзбекистон Марказий банки томонидан 12 октябрга белгиланган 1 долларнинг расмий курси 1621 сўм. Бозор курси эса:

- 1 октябр ҳолатига АҚШ бир долларига Ўзбекистоннинг 2200 сўмини бераëтган эди. Мана бугун 12 октябр бўлса, 1 АҚШ долларига 2250 сўм бераяпти,- дейди тошкентлик тадбиркорлардан бири Жаҳонгир Шосалимов.

Тадбиркорга кўра, Ўзбекистонда доллар курсининг ўсиши ёки камайиши ҳукумат томонидан қаттиқ назорат қилинади ва доллар курсининг сўмга нисбатан жуда ҳам ошиб кетмаётганлигига ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг катта ҳиссаси бор.

- Конвертация йўқку Ўзбекистонда. Конвертация бўлмагани учун асосан Марказий банкка яқин, сўзи ўтадиган одамлар ими-жимида "иш" қилиб олишади. Бу уларнинг иши. Лекин қора бозорда қаердан келишидан қатъий назар 2250 сотилади. Долларнинг мамлакатга кириб келишининг асосий қисми гастарбайтер деган миллий қаҳрамонларимиз ҳиссасига тўғри келади. Ана ўшаларнинг оиласи учун юборган пули долларнинг қора бозордаги курсини ушлаб туриш учун жуда катта рол ўйнаяпди. Мен шуни аниқ биламан,- дейди тошкентлик тадбиркор.

Ўй-жой олди-сотдиси билан шуғулланадиган тошкентлик маклер Фозилжоннинг айтишича, дунё бозорларида доллар қийматининг бошқа валюталарга нисбатан тушиб бориши, Ўзбекистонда сезилмаяпти. Суҳбатдошимиз ўз фикрини пойтахтда кейинги ойларда кўчмас мул нархининг тушиб кетгани, ҳозир эса бу соҳада ҳам барқарорлик кузатилаётгани билан изоҳлашга уринди.

- Уйларнинг нархи бир тушаëтган эди. Тушдида, яна туриб қолди ҳозир. Ҳайронман. Ҳозир квартираларни олувчининг ўзи йўқ. Ҳозир шу кунларда квартира нархи тушган, деб ўйлайман. Умуман кризис бўлганми, халқда пул йўқми олувчилар йўқ. Камдан кам сотиб олинаяпти. Сотувчи кўп, олувчи кам,- дейди тошкентлик Фозилжон.

АҚШ долларнинг дунё бозорида бошқа валюталарга нисбатан тушиб кетаётгани Ўзбекистонга ҳеч қандай акс таъсир кўрсатмаётгани муштарийда, нега, деган саволни туғдириши табиий.

Иқтисодчи Ориф Ҳошимовга кўра, одатда у ёки бу валюта қийматининг ўзгариб туриши икки сабаб билан боғлиқ. Биринчиси фундаментал таъсир, яъни дунёдаги қудратли банклардаги ҳисоб ставкаларининг ўзгариши, ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши, инфляция, ишсизлик даражаси. Бироқ, айни пайтда дейди Ориф Ҳошимов доллар курсининг бошқа валюталарга нисбатан таъсир қилишининг сабаби техник омил билан боғлиқ.

- Иккинчи фактор, технический факторлар. Бу қайсидир Марказий банкнинг ëки ҳукумат бошлиғининг баëноти, қанақадир бир қисқа муддатли валюта курсига таъсир кўрсатадиган ҳодисалар, нефт нархининг ўзгариши, валюта интервенциялари – бу техник омиллар ҳисобланади. Сабаби агар кўраëтган бўлсангиз, охирги кунларда жуда кўп гапирилаяпти валюта урушлари тўғрисида. Энди қарайдиган бўлсангиз, ҳозир ривожланаëтган мамлакатлар, йирик мамлакатлар, булар Бразилия, Хитой каби.

Иқтисодиëти экономикага ориентация қилинган, экспортга ориентация қилган мамлакатлар асосан ўзининг экономикасини кризисдан чиқаришнинг бирдан бир йўлини ўзининг валюта курсини тушириш орқали ҳал қилмоқчи бўлаяпти. Бу қандай амалга ошаяпти? Бу долларни сотиш ва ўзининг валютасини қайтариб сотиб олиш орқали, валюта интервенцияси орқали. Агар кўрган бўлсангиз, охирги 10-15 кун ичида Япония, Бразилия, Тайван шундай ишни амалга оширди. Яъни муомаладан ўзларининг миллий валютаси қайтариб сотиб олинаяпти ва доллар қайтиб сотилаяпти бозорга. Валютанинг интервенциялари шундай тахлит амалга оширилаяпти. Бу ўз ўзидан долларнинг курсига таъсир ўтказмай қолмаяпти,- дейди тошкентлик иқтисодчи Ориф Ҳошимов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG