Линклар

Қирғизистонда сайлов натижасидан норозилар яна намойишга чоғланмоқда


Қирғизистонда “Бутун Қирғизистон” партияси тарафдорлари уларнинг номзодлари парламентга қабул қилинмаса, Бишкек-Ўш магистрал йўлини беркитишдан огоҳлантирмоқда.

Овозларнинг қайта саналишини талаб қилган партия тарафдорлари ҳозирда магистрал йўлнинг Тош-Кўмир шаҳридан ўтувчи қисмига йиғилаётгани айтилмоқда.

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси раиси Ақилбек Сариев бугунги матбуот анжуманида норозиларнинг талабларига жавоб берар экан, овозлар қайта саналмаслигини айтди. Бироз муқаддам Сариев партия етакчилари билан учрашиб, уларнинг номзодлари парламентга киритилиши учун камида 150 минг овоз олиши кераклиги, аммо, улар тўплаган овоз 145 мингни ташкил қилганини айтган эди.

Ундан аввал “Ата-журт” партияси ғалабасини қоралаган 50 га яқин одам буни “Бақиевнинг коррупциялашган режимига қарши курашда жонини берган яқинлари хотирасининг таҳқирланиши”, деб баҳолаб, Бишкек шаҳридаги бош майдонга йиғилган эди.

Айни пайтда парламентга кириш учун зарур бўлган 5 фоизлик тўсиқдан ўтган “Республика” партияси раиси Ўмурбек Бабанов Бош вазири лавозими, “Ата-Мекен” партияси етакчиси эса раис лавозимини сўрашга чоғлангани янги баҳсларни пайдо қилиши тахмин қилинмоқда.

XS
SM
MD
LG