Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:16

Тожикистондаги экспорт тақиқи бозордаги нархларни пасайтирмади


Тожикистонда расмийлар томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар бозорлардаги нарх-наво ўсишига монеъ бўлолмаяпти.
Тожикистонда расмийлар томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар бозорлардаги нарх-наво ўсишига монеъ бўлолмаяпти.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон фармони билан қорамол, гўшт, картошка, жун ва металл экспорти тўлиқ таъқиқланди. “Ҳукумат ички ишлаб чиқариш учун шароит яратиш ва озиқ-овқат бозорида нархларни тартибга солиш мақсадида шундай қарор қабул қилган”, дейилади расмий маълумотда.

Тожикистон президенти ҳукумат расмийлари билан ўтказган йиғилишда жорий йил тўққиз ойида ялпи ички маҳсулот ҳажми 6,2 фоизга ўсгани, инфляция даражаси эса 6,7 фоизни ташкил қилганини айтар экан, мамлакат аҳолисини озиқ-овқат билан таъминлаш мақсадида бир қатор маҳсулотлар экспорт қилинишини таъқиқлаш лозимлигини таъкидлади. У Россия ва Қозоғистон хорижга буғдой экспорт қилишни таъқиқлаганидан сўнг республика хукумати ана шундай қарорга келишига мажбур бўлганлигини айтди.

Расмий маълумотда айтилишича, мамлакатда буғдой ҳосили ўтган йилдагидан кам бўлган. Бу ҳақда гапирган Тожикистон Қишлоқ хўжалик вазирлиги вакили Нарзулло Дадабоев айни пайтда жаҳон бозорида буғдой нархи 10 фоизга қимматлаганини қайд этди.

- Жорий йилда буғдой экиладиган асосий вилоятлар - Хатлон ва Сўғдда ўтган йилдагига нисбатан юз минг тонна кам буғдой етиштирилди. Биринчидан, жанубда қурғоқчилик бўлди. Сўғдда эса экин майдонлари ўтган йилдагига нисбатан 20 минг гектарга кам эди. Россия ва Қозоғистон буғдой сотмасликка қарор қилганидан кейин биз ҳам буғдой ва картошкани экспорт қилмасликка қарор қилдик. Бу билан мамлакат аҳолисини энг зарур маҳсулотлар билан етарлича таъминлашга эришилади ва бу қадам бозорларда нархлар кўтарилишига тўсиқ бўлади, деди вазирлик масъули.

Унинг сўзларига кўра, 2009 йили мамлакатда бир миллион тоннадан ортиқ буғдой етиштирилган бўлса-да, бу аҳоли эҳтиёжининг 60 фоизини ташкил қилади, холос.

Мутахассисларга кўра, республикага хориждан олиб кирилувчи буғдойнинг асосий қисми Россиядан келтириларди. Эндиликда Россия Тожикистонга буғдой сотмаяпти, Қозоғистон ғалласи эса икки баравар қимматлаган. Шу нуқтаи назардан олиб қаралганда республикада озиқ-овқат танқислиги юзага келиши мумкин.

- Мамлакатдаги оғир иқтисодий вазият ва бу йилги табиий офатлардан етган зарар натижасида мамлакатнинг ўн фоизга яқин аҳолиси очлик домида қийналиб қолиши мумкин. Бу йил бозорларда ун ва буғдой нархи кескин кўтарилди. Россия Тожикистонга буғдой сотишни тўхтатганидан кейин аҳоли ваҳимага тушиб қолди. Шунинг учун бозорларда буғдой, ун ва ун маҳсулотлари нархи борган сари кўтарилмоқда. Жумладан, Сўғдда бир килограмм буғдой нархи икки сомонийгача (тақрибан 0,45 доллар – таҳр.) кўтарилди. Ҳукумат қўллаётган чоралар нархларнинг тушишига таъсир қилмаяпти, аксинча нархлар янада ошди, дейди таҳлилчи Абдужаббор Холиқов.

Айни пайтда давлатнинг буғдой заҳираси келгуси йилга-да бемалол етишини айтаётган таҳлилчилар ҳам бор. Улар Тожикистонда озиқ-овқат тақчиллиги бўлмаслигига ишонишларини айтишаркан, нархлар савдогарлар томонидан сунъий равишда кўтариб юборилаётганлигига урғу беришди.

- Бозорлардаги нарх-наво маҳаллий савдогарлар томонидан сунъий равишда оширилган. Омборларда ун кўп. Улар мамлакатга буғдой ва ун келмай қўйди, деган баҳона билан илгари арзон нархда олиб келган унни ва буғдойни бир неча баравар қимматга сотишмоқда, дейди таҳлилчи Хайрулло Ҳамидов.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон расмийлари шу йил август ойида 2011 йилнинг баҳоригача Афғонистон ва Ўзбекистонга буғдой ва картошка экспортини таъқиқлагандилар. Бироқ бу чора ҳам мамлакат бозорларида озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг пасайишини таъминлай олмади.
XS
SM
MD
LG