Линклар

Пахта ярмаркаси иштирокчилари огоҳликка чақирилди

  • Барно Анвар

Елена Урлаева Ўзбекистонда болалар меҳнати муаммосига қарши курашаётган маҳаллий фаоллардан биридир.

Елена Урлаева Ўзбекистонда болалар меҳнати муаммосига қарши курашаётган маҳаллий фаоллардан биридир.

Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари алянси раҳбари VI Халқаро пахта ярмаркаси бораётган “Ўзэкспормарказ” биноси олдида 10 дақиқалик пикет ўтказди. Елена Урлаева Ўзбекистонда пахта етиштиришда болалар меҳнатидан мажбуран фойдаланишга чек қўйилишини талаб қилди.


“Ўзэкспормарказ” биноси олдида 10 дақиқалик пикет ўтказган Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари алянси раҳбари Елена Урлаева VI Халқаро пахта ярмаркаси иштирокчилари эътиборини ўзбек далаларида пахта тераётган болалар муаммосига қаратишга уринар экан, одатдагидек, ички ишлар идоралари ходимларининг чекловлари бунга тўсқинлик қилганини айтади.

- Мен ёлғиз ўзим пикет қилдим. Агар мен ташкилотимиз аъзоларига қўнғироқ қилсам, бундан милиция хабар топган ва ҳаммамизни уйимизда қамал қилган бўлар эди. Аммо, мен 10 дақиқа турдим ва пахта етиштиришда болаларни мажбуран ишлатишга чек қўйиш ҳақидаги талаб битилган палакатимни тадбирга келганларнинг баъзиларига кўрсатишга улгурдим, дейди Елена Урлаева.


Шундан сўнг “Ўзэкспормарказ” биноси қўриқчилари милиция нарядини чақирган ва ҳуқуқ фаоли уни қўлга олишмасларидан қочиб қолишга муваффақ бўлган.

Ҳуқуқ фаолига кўра, уни ярмаркага киргизишмаган ҳам.

- Менга бу ёпиқ тадбир, унга фақат таклиф қилинганлар киргизилади, дейиши ва бино ичкарисига қўйишмади, дейди ҳуқуқ фаоли Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари алянси сўнгги икки йилдан буён Ўзбекистон пахта далаларида болалар меҳнатидан мажбуран фойдаланиш жараёнини кузатиб келаётган мустақил ташкилотлардан биридир.

Ташкилот раҳбари Андижон, Фарғона ва Тошкент вилоятларида ёш болалар ёппасига пахтага олиб чиқилгани ҳамда жуда оғир шароитда пахта меҳнат қилаётгани ҳақида навбатдаги ҳисоботини эълон қилишга ҳозирланаётганини маълум қилди.

- Биз тез орада ҳисобот эълон қиламиз. Бизда жуда кўп маълумотлар бор. Мен ўзим яқинда Андижон вилоятидан келдим. У ерда Марҳамат, Пахтаобод туманларида бўлдим. Далаларда мактаб болалари жуда оғир шароитларда пахта тераётганини кўрдим. Хуллас, бизда фото, аудео, видео фактларга асосланилган жуда кўп маълумотлар бор.

Елена Урлаеванинг айтишича, Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари алянсига кўнгилли ишчи бўлиб ёлланган аъзолар сони ҳам ортмоқда ва улар айнан пахта йиғим-теримида болалар меҳнатидан мажбурий фойдаланишга оид маълумотларни йиғишда ташкилотга кўмаклашмоқда.

- Болалар меҳнатидан фойдаланишга имкон қадар тезроқ чек қўйиш керак. Биз бу ярмаркада халқаро ташкилотлар ва хориж давлатларининг Ўзбекистон билан турли шартномалар тузишига қаршимиз ва уларни ожизгина болаларнинг мажбурий меҳнати эвазига териб олинган пахтанинг саноатда фойдаланишига чек қўйишга чақирамиз, дейди Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари алянси раҳбари Елена Урлаева.

Айни пайтда ўзбекистонлик бир гуруҳ инсон ҳуқуқлари фаоллари Тошкентда бошланган VI Халқаро пахта ярмаркаси иштирокчиларига очиқ хат ҳам йўллади.

“Ўзбек пахтасини харид қилар экансиз, сиз беихтиёр ўзбек болаларини пахта қулларига айлатирганларга шерик бўласиз ва Ўзбекистонда коррупция ривожига ҳисса қўшган бўласиз”, дейилади ўзбекистонлик мустақил ҳуқуқ фаолларидан бир гуруҳи йўллаган мактубда.

13 октябр куни Тошкентда VI Халқаро пахта ярмаркаси иш бошлагани ҳақида хабар берган эдик.

Ярмаркада 600 минг тонна пахта толаси сотувга қўйилгани хабар қилинмоқда. Шунингдек, тахминан, 500 миллион долларлик савдо келишувлари имзоланиши кутилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG