Линклар

Анвар Ортиқов билан суҳбат

  • Сарвар Усмон

Анвар Ортиқов Қирғизистон парламентига сайланган саноқли ўзбекдан биридир.

Анвар Ортиқов Қирғизистон парламентига сайланган саноқли ўзбекдан биридир.

"Партиямиз уч куннинг ичида тартиб ўрнатади!" Бу - "Ар-Намис" партияси аъзоси, ўшлик ўзбек Анвар Ортиқовнинг гапи. Жаноб Ортиқов аъзоси бўлган партия якшанба куни Қирғизистонда ўтказилган парламент сайловида 5 фоизли тўсиқдан ошиб ўтиб Жўғўрқу Кенешдаги депутатлик ўринларидан бир нечасини эгаллайдиган бўлди.


Сайловнинг дастлабки натижаларига қараганда, Анвар Ортиқов Қирғизистон парламентига сайланган 2 ўзбекдан биридир.

Қиёслаш учун: президент Бакиевнинг амалдан кетиши билан тугуган апрел воқеаларидан кейин тарқатиб юборилган парламентда 5 ўзбек депутат бор эди.

Ундан аввалги чақириқ парламентларда ўзбеклар миқдори 7 нафаргача етган.

13 октябр куни Анвар Ортиқов Озодлик саволларига жавоб берди.

Озодлик: Сиз “Ар-намис” партиясининг рўйхатида бешинчи ўринда сайловга кирдингиз-а?

- Ҳа.

Озодлик: Сиз “Ар-намис”нинг раҳбариятида бормисиз йўқмисиз?

- Борман.

Озодлик: Шу партия раҳбарларидан бири сифатида сайлов натижаларини қандай баҳолайсиз?

- Сайлов бурунги сайловларга қараганда анча тоза ўтди. Лекин барибир административ ресурс қўлланилди. Бу ëқда давлат бошлиғидан буйруқ бўлди ўқитувчиларга, бюджетда ишлайдиганларга, врачларга, органларга топширмалар бўлди. Лекин ўта ошиқча қалбакилик бўлди деб айта олмайман.

Озодлик: Умумий натижаларга қараганда республика бўйича биринчи ўринни ололмадинглар. Мен ўшликлар билан гаплашдим. Ëқиб юборилган мактабда бўлиб ўтган сайлов натижаларини билдим ëки ўзбеклар мутлақ кўпчиликни ташкил қиладиган Турон шаҳарчасидаги сайлов натижаларини билдим. Ўша жойларда “Ар-намис” партиясига энг кўп овоз берилибди. Айтиш мумкинки, қирғизистонлик ўзбеклар асосан “Ар-намис” партиясига овоз берибди. Шу тўғрими?

- Тўппа тўғри. Ўзбекларнинг асосий кўпчилиги “Ар-намис” партиясига овоз берди.

Озодлик: Бунинг сабаби нима?

- Бунинг сабаби битта. Одамларга тинчлик олиб келадиган фигура керак бўлди. Тартибни ўрната оладиган одамни булар Феликс Қуловда кўришди. Бу одам 1990 йилларда, 2005 йилларда қўлидан нима келишини кўрсатган.

Озодлик: Баъзилар айтишдики, “Ар-намис”га овоз берганининг сабаби партиянинг рўйхатида, юқори жойида Анвар Ортиқов тургани учун дейишди. Бошқалар “Анвар Ортиқовнинг борлиги ҳам омиллардан бири, лекин асосийси эмас. Асосийси “Ар-намис” таклиф қилган иқтисодий дастур. Мамлакатни кризисдан олиб чиқиш йўлидаги дастури. Қолаверса, Қуловнинг раҳбарлиги” дейишди. Сиз нима деган бўлардингиз?

- Албатта, “Ар-намис” партиясининг дастури мукаммал ëзилган. Буни катта-катта илмий ишхоналар анализ қилиб кўриб, юқори баҳо беришди. Лекин мен ўйлайман иқтисодий дастур асосий ролни ўйнагани йўқ. Бунга ишонганлар албатта кўп бўлди. Асосий нима тартиб-интизом, қонун ишлаши, инсон ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши масалалари атрофида кўп гаплар бўлди учрашганимизда. Албатта менинг ҳам анча-мунча ҳиссам бўлса керак. Чунки мени қўллаганлар ҳам бор, яхшигина топилади. Лекин биз сайловнинг асосий шиори қилиб “Қонуннинг темир қалқони” деб қабул қилдик. Хўрланганларнинг ҳуқуқларини тенг қилиш, барча миллатлар ҳуқуқларини тенг қилиш тўғрисида гаплар бўлди.

Озодлик: Қирғизистондаги сиëсий-ижтимоий ҳаëтнинг жуда муҳим жиҳатига келдингиз. Иқтисодий дастур асосий бўлмаган бўлиши ҳам мумкин. Чунки мана 20 йилдан бери Қирғизистон халқи ҳукуматга эмас ўзининг кучига ишониб келади. Сизлар учун овоз берган қирғизистонлик ўзбекларнинг бугунги кунда асосий ташвиши кечаги июн ойидаги бўлган воқеалардан кейинги кризисдан қандай чиқиб кетиш. Сизларнинг партиянглар миллий озчиликлар, хусусан ўзбекларга нимани ваъда қилаяпти? Умуман шу сиëсий-ижтимоий кризис, июн воқеалари билан боғлиқ кризисдан чиқиб кетиш учун нималар қилмоқчисизлар?

- Милиция органлари, махсус хизмат органлари, бошқа органларни реформалаш, қонунни юқори даражага қўйиш, қонунни бузганларни даражасига қарамасдан қаттиқ жазоларга тортиш ва шунга ўхшаган бир тўп масалалар бор. Бундан ташқари Қуловнинг ўзининг тажрибаси бор бу борада. Албатта тез орада тартиб-интизом ўрнатаман деб ваъда берди. Бу киши бир ерда бир “Мана Андропов даврида кўргансизлар. Уч кунда ҳамма одамлар тўғри йўлга тушиб тартиб ўрнаб қолган” деб эслатиб кетди. Худди шундай тартибни мен ҳукумат бошига келсам, уч кунда кейин кўрасизлар деган гапни айтди.

Озодлик: Шу уч кун ҳақида гапирмаганингизда балки айтмасдим ҳозирги информацияни. Бугун мана 13 октябр куни сиз билан гаплашиб турибмиз. Бугун соат 2да Ўшда ҳарбий гарнизон биносида суд мажлиси бўлиши керак эди ва ўша ерга келган очиқда юрган судланувчи, судланувчилардан бирининг учта қариндошини, судланувчиларнинг икки адвокатини қирғиз эркаклари ва аëлларидан иборат бўлган оломон калтаклади. Калтакланганлар касалхонага тушди. Демак, Ўшдаги вазиятни ҳануз соғлом деб бўлмайди. Шу вазиятни соғломлаштириш учун, уч кун ҳақида гапирганингиз учун айтаяпман, парламентга сайловда ўтган партия сифатида сизлар шошилинч қанақа чоралар кўра биласизлар ëки кўришни ҳукуматдан талаб қиласизлар?

- Биз ҳали мандатларимизни қўлга олганимиз йўқ. Ҳукумат тузилгани йўқ. Сизнинг гапингизга мен аниқ жавоб берай. Бу нарса бугун эмас олти ойдан бери давом этиб келаяпти. Чунки бизда давлат бошқаруви деган нарса йўқ. Ҳамма ерда бошоломонлик. Ҳар ким хоҳлаган ишини қилаяпти. Президентнинг гапи бировга ўтмайди, ҳукумат фақат ўзи учун ишлаяпти. Вақтли ҳукумат нафақат ўзига дунë орттиришди, амалларга ўз одамларини қўйди. Лекин бугун давлат машинаси ишламаяпти. Умуман ишламаяпти десак ҳам хато бўлмайди. Айб қилган одамалр жазога тортилмаганлиги учун у қайталаниб давом этаяпти. Албатта тартиб ўрнатиш, мен сизга айтиб қўяйин, бу жуда тез орада бўлиши мумкин.

Озодлик: Парламент ўз ишини бошлаганида, “Ар-намис” партияси биринчи бўлиб қанақа қонун лойиҳасини таклиф қилади?

- Биринчи тартиб ўрнатилади. Тартиб ўрнатилиб, одамларга эртанги кунга ишонч берилади. Қолган ҳаммаси жуда осон бўлади. Қолган қонунлар ҳаммаси дастурда ëзилган.

Озодлик: Тартибни қайси партия билан бирга ўрнатмоқчисизлар? Қайси партия билан коалицияга киришасизлар? Умуман “Ата-журт” билан коалицияга киришасизларми йўқми?

- Сиз боя менга телефон қилганингизда мен самолëтда учиб келаëтган эдим. Ҳозир Бишкекда ҳали биров билан учрашиб гаплашганим йўқ. Буни коллегиално ўтириб, баҳамжиҳат ҳал қиламиз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG