Линклар

Малик Мансур: Мен айбдор эмасман!


Суднинг учинчи мажлисида журналист адвокатининг ўнга яқин илтимосномаси рад этилди.

Суднинг учинчи мажлисида журналист адвокатининг ўнга яқин илтимосномаси рад этилди.

“Америка овози” радиоси мухбири Абдумалик Бобоев устидан бошланган суд жараёни 13 октябр куни давом этди. Суднинг учинчи мажлисида адвокат суд раисини отвод қилган, бироқ бу раддия асоссиз деб топилиб, судя маҳкамани давом эттирган.


13 октябр куни Тошкент шаҳри жиноий ишлар бўйича Мирзо Улуғбек туман судида Абдумалик Бобоев устидан бошланган маҳкаманинг учинчи мажлисида журналист ва унинг адвокати судга ўнга яқин илтимоснома киритган, бироқ уларнинг барчаси рад этилган.

Абдумалик Бобоевнинг Озодликка билдиришича, илтимосномалардан бирортаси ҳам қабул қилинмагач унинг адвокати судя Саъдулла Ашурматовга отвод берган.

- Суднинг бугунги жараëнида бирорта ҳам илтимоснома инобатга олинмади. Кейин адвокат судга отвод берди, лекин бу ҳам қабул қилинмади. Суд барибир ўша ҳайъатда ишини давом эттирди, дейди Абдумалик Бобоев.

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги қошидаги мониторинг маркази Абдумалик Бобоевнинг Америка овози радиоси орқали эфирга кетган йигирмага яқин мақоласини Ўзбекистонга нисбатан туҳмат ва ҳақорат дея топган.

- 2009 йилдаги мақола бу иқлим ўзгаришининг минтақага таъсири ҳақидаги, кейин 2009 йил 28 августдаги молиявий инқирознинг Ўзбекистонга таъсири ҳақида, кейин 2009 йил 14 сентябр кунда эълон қилинган мақола. Бу ерда соғлиқни сақлаш тизими, хусусан беморларга хизмат кўрсатиш, касалликлар ҳақида гап боради. Бу мақолаларда мен асосан халқаро ташкилотлар ҳисоботига асосланганимни айтдим. Менинг мақолаларим ҳақидаги эксперт хулосаси бўҳтон, туҳмат, ҳақорат деб топилган. Лекин бу маълумотлар қанчалик асосли эканлигини текшириб кўриш мумкин. Ушбу мақолаларимда тегишли ташкилотларнинг маълумотларидан фойдаланганман. Мен судга мазкур ташкилотларнинг номларини ва мақолаларимда интервью олган кишиларнинг исми-шарифларини бериб, уларни ҳам судга гувоҳ тарзида чақиртирилишини сўрадим. Лекин суд буларни инобатга олишмади, дейди Бобоев.

13 октябр куни адвокат Сергей Майоровнинг судга тақдим қилинган экспертизани бошқатдан ўтказиш борасида судга киритган илтимосномаси ҳам рад қилинган.

- Адвокат экспертизани мутлақо бошқатдан, малакалироқ мутахассисларни жалб қилган ҳолда ташкил этишни сўради. Яъни Мониторинг маркази томондан берилган экспертиза яъни Муҳаммедов ва Зуфаров ўтказган экспертизани бошқатдан малакалироқ эскпертлар иштирокида, яъни Тошкент миллий университети экспертларини жалб қилган ҳолда ўтказишни сўради. Лекин бу илтимос қондирилмади, дейди Бобоев.

Шунингдек, суднинг учинчи мажлисида журналист Бобоев кўрсатма бериб, ўзига қўйилган барча айбловларни рад қилган.

- Кўрсатма ҳам бердим судда. Яъни мақолаларимга нисбатан чиқарилган айбловнинг мутлақо асоссизлиги, эксперт хулосалари мутлақо бир томонлама ўтказилганлиги, жумладан менинг мақолаларимда аниқ манбаларнинг борлигини, умуман экспертиза ҳам, айблов хулосаси ҳам асоссизлигини айтдим. Мени мутлақо айбим йўқ. Мен айбдор эмасман, дейди Бобоев

Абдумалик Бобоев иши бўйича маҳкамани кузатаётган Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов маҳкама жараёнида қонунбузилиш ҳолатлари ҳам бўлаётганини айтади.

Унга кўра, журналист Бобоев унинг мақолаларини экспертизадан ўтказган шахслардан бири Элдор Зуфаров билан аввалдан таниш бўлган. Бу эса Ўзбекистон қонунларига зид ҳолат, дейди Суръат Икромов.

- Абдумалик Бобоев очиқдан очиқ айтдики, Зуфаров билан олдин давлат газетасида СССР пайтида ишлаганлиги тўғрисида гапирди. У экспертлик қилиш ҳуқуқи йўқ эди. Лекин судя негадир шунга ҳам эътибор бермади. Бу процессуал кодекснинг бузилиш ҳоллари. Процессуал кодексда “Судланувчига агар эксперт бўладими, судя бўладими, прокурорми, ким бўлишидан қатъий назар унинг ишида иштирок қилаётганлар унга қариндош, таниш-билиш бўлса, ўшанда бу асоссиз ҳисобланади ва улар ўша нимадан чиқарилиши керак” деган моддаси бор. Булар эса буни инобатга олишмаяпти, дейди Суръат Икромов.

Малик Мансур тахаллуси билан ижод қилган Абдумалик Бобоев “Америка овози” радиосининг ўзбек хизматида 2002 йилдан буён штатсиз-жамоатчи мухбир бўлиб ишлаб келаяпти.

“Америка овози” радиоси ўзбек хизмати бошлиғи Жавдат Сайҳон Озодлик билан суҳбатда журналист Малик Мансур Ўзбекистондаги воқеаларни холисона ёритиб келгани, ўз вазифасини профессионал даражада, қолаверса, “Америка овози” журналистик қоидаларига содиқ ҳолда бажариб келаётганини таъкидлади.

Абдумалик Бобоев Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244, 140, 139, 223-моддаларига биноан туҳмат ва ҳақорат, Ўзбекистон давлат чегарасидан ноқонуний ўтиш ва жамоат тартибига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш ёҳуд тарқатишда айбланмоқда.

Айни пайтда ЕҲХТ ва АҚШ расмийлари, шунингдек, “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти Абдумалик Бобоевга нисбатан судлов жараёни мутлақо сиёсий мотивларга асослангани ва бунинг ортида мустақил журналистларга нисбатан таъқибнинг янги кўриниши бошланаётган бўлиши мумкинлигидан хавотир билдирилганлар.

Суднинг кейинги мажлиси 15 октябр кунига белгиланди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG