Линклар

logo-print

Озодлик бекорчиси: Ўзбеклар қўрқоқми ёки андишали?

  • Садриддин Ашур

14 октябр "Бекорчиси" Садриддин Ашур

14 октябр "Бекорчиси" Садриддин Ашур

Ассалому алайкум, ҳурматли дўст! Сиз менинг фикрларимга маслакдош бўласизми ёки йўқ, бундан қатъий назар Сизни Дўст деб атадим. Зеро, душманни ҳам дўст деб атасангиз, балки унинг кўнглидаги нафрат бир мунча юмшар. Яхшилик қил дарёға сол, дарё билмаса, балиқ билади, балиқ билмаса, Холиқ билади, дейдиларку. Балки бу менинг табиатимдан келиб чиққан фикрдир.


"Озодлик Бекорчиси" лойиҳаси пайдо бўлганда кўнглимда тугиб юрган бир мавзу ҳақида Сиз билан бир дардлашгим келган эди. Ва мана ниҳоят бизга ҳам навбат етиб келди.

Мен Ўзбекистондаги чойхонада, тўйхонада, кўча-кўйда ҳамма гапириб гапириб юрадиган бир мавзу ҳақида гаплашмоқчийдим. Озодликда ишлаганимдан буён бу мавзуга боғлиқ ҳолатларга жуда кўп бора дуч келдим.

Яқинда Сурхондарё вилоятининг Қизириқ тумани прокурори отаси тенги фермерларни пахта кам топширяпсан деб, ҳаммани олдида муштлади, тепди, калтаклади. Соч-соқолига оқ оралаган фермерлар, “прокурор бово, қуллуқ, қуллуқ”, деб туришаверди. Агар сайтимизда ўқиган бўлсангиз:

“Пахта қабул қилиш пунктида бўлади. Мана кечқурун тўққизда чақиради. “Масалан, сен эртага қанча тонна пахта топширасан? Қанча ваъда берасан?”, дейди. Масалан, “Эртага 4 тонна олиб келаман”, дейди. 4 тоннани олиб кела олмайсиз. Чунки йўқ. Далада ҳеч нарса қолмаган. Фақат ғўзапоянинг ўзи қолган. Йўқ ҳеч нарса. “Қани кечаги ваъданг?”, дейди. Кейин прокурор шапалоқлаб ўнг, чап юзларига уриб, кейин орқангиздан келадида тиззаси билан орқага тепади”.

Бу ўғли тенги прокурордан калтак еган фермернинг гапи эди. Нега фермер бобо ҳеч бўлмаса, прокурор бўлсанг ўзингга демади, нега ҳеч бўлмаса қўлингни торт демади.

Хўш, бу нима? Бу қўрқоқликми? Ёки андиша?

Ёки уйингизга милиция ходимлари келиб, уриб-калтаклаб ўғлингизни олиб кетди. Қўшнилар девор тирқишидан томоша қилиб тураверди? Чиқиб нега бундай қиляпсан, уришга ҳаққинг йўқ-ку деёлмади? Буниси нима? Қўрқоқликми ёки эҳтиёткорлик?

Ўзбеклар илгари ҳам шундаймиди?

Масалан, бундан 20 йил ёки 30 йил илгари.

Ёки эгилган бошни қилич кесмайди деган нақл ўзбекнинг бутун вужудига, қон-қонига сингиб кетдими?

Баъзилар ўзбекларнинг жамиятдаги ҳозирги ҳадигини ўтган асрнинг 30 йилларига қиёслашади. Балки шундайдир, яна ким билсин.

Хуллас, менга ҳам бир ўзбек сингари бу ҳолатлар жуда оғир ботади. Менинг ҳам бу хусусда ўз нуқтаи назарим бор. Аввал Сиздан эшитайликчи. Сиз нима дейсиз, эй Дўст!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG