Линклар

Қурмонбек Бакиев: Ҳозирча Қирғизистонга қайтиш ниятим йўқ


Ҳокимиятдан ағдарилган президент Қурмонбек Бакиев Минскка кетганидан кейин қирғизистонлик сиёсатчиларнинг бирортаси билан боғланмаганини айтади.

Ҳокимиятдан ағдарилган президент Қурмонбек Бакиев Минскка кетганидан кейин қирғизистонлик сиёсатчиларнинг бирортаси билан боғланмаганини айтади.

Қирғизистонда 10 октябр куни ўтказилган сайловда собиқ президент Қурмонбек Бакиевни мамлакатга қайтариш режасини билдирган айрим партиялар парламентда энг кўп ўринни эгаллайдиган бўлиб турибди. Аммо Озодлик мухбири билан суҳбатда жаноб Бакиевнинг ўзи бундан буён сиёсатга аралашмаслигини таъкидлаб, Қирғизистонга қайтишга ошиқмаётганини айтди.

Озодлик: Қирғизистонда парламент сайловлари бўлиб ўтди. Айрим хабарларга қараганда, Сиз ва сизнинг чет давлатлардаги иттифоқчиларингиз Қирғизистондаги айрим сиёсий партияларга парламентдан жой эгаллашлари учун хуфиёна молиявий ёрдамлар берган, шу тўғрими?

Қурмонбек Бакиев: Бу ҳаммаси бўҳтон, очиқ айтай, Худо кўриб турибди. Тўғри, менга анча-мунча партия вакилларидан "Қурманбек Салиевич, шу бизни қўллаб-қувватласангиз бўладими?" деган сўровлар бўлди. Мен уларга айтдим - тўғри тушининглар, мен на моддий на маънавий жиҳатдан бирон партияни қўллаган эмасман. Ўша мен билан ишлашган бир гуруҳ етакчилар ҳозир бошқа-бошқа партияларга ўтиб кетишган. Улар "Ата-Журт"да ҳам бор, "Ар-Намис"да ҳам бор, "Республика"да ҳам бор, "Бутун Қирғизистон"да ҳам бор. Мен уларга айтдим: "Сизлар бирлаша олмаяпсизлар, ҳозир мен бир партияни қўлласам-да, қолганларини қўлламасам бўлмайди. Эл барчангизни яхши билади, улар ҳозирги сиёсатчиларни беш қўлдай билади, шунинг учун уларни ўзлари тўғри қарорни беради", деганман. Мана, тўғри бўлиб чиқди.

Озодлик: Қайси партиялар сиздан ёрдам сўраганини айта оласизми?

Қурмонбек Бакиев: Йўқ, айта олмайман. Чунки ўша партияларнинг лидерлари менга тўғридан-тўғри чиқишганида эди, айта олар эдим. Улар шу партия номидан чиқишди-да. Менга эмас, яқинларимга чиқишди, нималарни гаплашишганини Худо билади. Шунинг учун бировлар ҳақида нотўғри маълумот билан уларга зиён келтиришни хоҳламайман.

Озодлик: Бу сайловлар Сизни Қирғизистонга қайтишингизга йўл очди, десак бўладими? Хабарингиз бўлса керак, "Ата-Журт"нинг айрим етакчилари сайловлардан олдин Сизни мамлакатга қайтариш режалари борлигини айтишган эди.

Қурмонбек Бакиев: Биринчидан, мен ҳозир Қирғизистонга қайтиш ҳақида ўйлаётганим йўқ. Иккинчидан, сайловдан олдинги бу каби баёнотлар халқнинг саволларига жавоб берган сиёсатчиларнинг баёнотлари эди. Менинг ўзимга келсак, ҳозирча мамлакатга қайтиш ниятим йўқ.

Озодлик: Сизни қайтариш ҳақида гапирганлардан бири "Ата-Журт" лидери Қамчибек Ташиевдир. У билан қандай алоқангиз бор?

Қурмонбек Бакиев: Қамчибек Ташиев билан ҳам ҳукуматимдаги бошқа вазирлар каби муносабатимиз яхши бўлган, деб айта оламан, ҳеч ким билан ёмон бўлди, деб айта олмайман. Султонов бўладими, Ташиев бўладими, Бабанов бўладими, Қулов бўладими - уларнинг ҳаммаси билан ишлашганмиз. Улар менинг ҳукуматим аъзолари бўлишган ва қўл остимда ишлашган. Ишда камчилик бўлса, мен уларга очиқ айтар эдим, айтган гапларим анча-мунча қаттиқроқ теккан бўлса, бу иш юзасидан бўлган.

Озодлик: Бу етакчиларнинг айримлари билан шахсий дўстлигингиз борми?

Қурмонбек Бакиев: Мен Қирғизистондан кетганимдан бери, очиғини айтиб қўя қолай, бу йигитлар билан боғланган эмасман. Мен Қирғизистондан кетганимдан кейин, Минскга келишим билан уч марта матбуот анжумани ўтказдим. Беларусдаги журналистларнинг барчасини чақиртириб, "мен сиёсатга бошқа аралашмайман" деб ўшанда айтган эдим. Бу ерда ўтириб олиб, сиёсатга аралашишим нотўғри бўлади. Ҳозир ҳам ўша сўзимда турибман.

Озодлик: Ҳозир қаердасиз? Беларусни тарк этганингиз ва бошқа давлатда яшаётганингиз ҳақида гап-сўзлар бор.

Қурмонбек Бакиев: Мен ҳам бу гапларни эшитдим, бу нотўғри. Ҳеч қаерга кетганим йўқ, Беларусдаман. Яна бир бор қайтариб айтаман, Қирғизистонга қайтиш ниятим йўқ, бу масалани кўтаришга ҳали эрта.

Озодлик: Айрим давлат етакчилари Қирғизистонда парламент тизими ишламайди, дейишади. Сиз бу ҳақда қандай фикрдасиз?

Қурмонбек Бакиев: Ҳокимият тўнтаришидан кейин Қирғизистоннинг иқтисоди ҳозир йўқ деганда 10 йил ортга кетди. Парламент бошқарувининг камчилиги нимада десангиз, дебатлар, тортишувлар кўп бўлади ва бу ҳукумат ишини анча қийинлаштириб қўяди. Сабаби, парламент бошқаргандан кейин, ҳукумат барча масалани парламент муҳокамасига қўйиб, уни тасдиғидан ўтказиши керак. Ҳозирги глобал иқтисодий бўҳрон даврида ҳукумат тезкор чора кўриш учун қарорларни бир-икки кун ичида қабул қилиши керак. Бир–икки соат ичида ечимини топиши керак масалалар чиқиб қолиши мумкин. Улар нима қилади - "биз демократмиз" деб, парламентнинг ичида ухлаб ўтираверади.

Озодлик: Беларусда нима эвазига кун кечираяпсиз?

Қурмонбек Бакиев: Мен 1985 йилдан буён раҳбар лавозимларда ишлаб келганман. Шундай экан, бир оилани боқишга қурбим етади, Худога шукур.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG