Линклар

Бакиев Қирғизистонга қайтиш нияти йўқлигини айтди


Қирғизистоннинг шу йил апрел ойида ҳокимиятдан ағдарилган президенти Қурмонбек Бакиев ҳозир ҳам мамлакатга қайтиш ҳақида ўйламаётганини айтди.

Озодлик билан суҳбатда Бакиев Қирғизистондаги айрим сиёсий партияларга парламентдан жой эгаллашлари учун хуфиёна молиявий ёрдамлар бергани ҳақидаги хабарларни ҳам рад этди.

- Бу ҳаммаси бўҳтон, очиқ айтай, Худо кўриб турибди. Тўғри, менга анча-мунча партия вакилларидан: "Қурманбек Салиевич шу бизни қўллаб-қувватласангиз бўладими?" деган сўровлар бўлди. Мен уларга айтдим - Тўғри тушининглар, мен на моддий, на маънавий жиҳатдан бирон партияни қўллаган эмасман. Ўша мен билан ишлашган бир гуруҳ етакчилар ҳозир бошқа-бошқа партияларга ўтиб кетишган.

Улар "Ата-Журт"да ҳам бор, "Ар-Намис"да ҳам бор, "Республика"да ҳам бор, "Бутун Қирғизистон"да ҳам бор. Мен уларга айтдим: "Сизлар бирлаша олмаяпсизлар, ҳозир мен бир партияни қўлласам-да, қолганларини қўлламасам бўлмайди. Эл барчангизни яхши билади, улар ҳозирги сиёсатчиларни беш қўлдай билади, шунинг учун уларни ўзлари тўғри қарорни беради", деганман. Мана, тўғри бўлиб чиқди, - деди ҳозирда Беларусда муҳожиратда яшаётган Қурмонбек Бакиев.

Қирғизистонда 10 октябр куни ўтказилган сайловларда Бакиевнинг мамлакатга қайтариш ниятидаги миллатчи "Ата-Журт" партияси энг кўп овоз тўплаган эди.

"Ата-Журт" раҳбарияти ҳокимиятдан кетказилган президент Қурманбек Бакиев қўли остида ишлаган шахслар бўлиб, улар ҳокимиятга келадиган бўлсалар, Бакиевни яна Қирғизистон президентлигига қайтариш ғоясини илгари сурганлар.

Парламентда ўринга эга бўлиш учун талаб этиладиган беш фоизлик тўсиқдан ҳукуматпараст Социал-демократик ҳамда яна тўрт партия ўтишга муваффақ бўлди. Аксар кузатувчилар сайловларни адолатли ва шаффоф ўтди, деб баҳолашган.
XS
SM
MD
LG