Линклар

Халқаро эшиттиришлар бўйича АҚШ кенгаши Абдумалик Бобоев тақдири хусусида ташвиш билдирди


Uzbekistan - correspondent of VOA Abdumalik Boboyev, undated

Uzbekistan - correspondent of VOA Abdumalik Boboyev, undated

Халқаро эшиттиришлар бўйича АҚШ кенгаши 13 октябр куни Прага шаҳридаги Озод Европа/Озодлик радиоси Бош қароргоҳида бўлиб ўтган йиғинда “Америка овози” радиоси мухбири Абдумалик Бобоев масаласини муҳокама қилди.

Кенгаш аъзолари Ўзбекистон ҳукуматининг журналист Бобоевнинг овозини ўчириш уринишлари ҳамда мамлакатдаги матбюуот эркинлигининг аянчли аҳволи юзасидан жиддий ташвиш билдирди.

“Ўз қарашларини эркин ифодалаган журналистларни жазолашда суд тизимларидан фойдаланиш Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларига зиддир”, дейилади Кенгашнинг интернет сайтида эълон қилинган баёнотда.

Халқаро эшиттиришлар бўйича АҚШ кенгаши Ўзбекистонни Бобоевга қўйилаётган айбловларни олиб ташлаш ҳамда журналистларнинг Ўзбекистонда эркин маълумот олиш ва тарқатишига тўсқинлик қилмасликка чақирди.

Абдумалик Бобоев Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244, 140, 139, 223-моддаларига биноан туҳмат ва ҳақорат, Ўзбекистон давлат чегарасидан ноқонуний ўтиш ва жамоат тартибига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш ёҳуд тарқатишда айбланмоқда.

Абдумалик Бобоев айбдор деб топилса, бир неча йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG