Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:01

Тошкентдаги авиасозлик заводи синиши мумкин


Бир пайтлар мантиқасқонлар чиқариб омон қолган ТАПОиЧ бугун синиш ёқасига келиб қолди.
Бир пайтлар мантиқасқонлар чиқариб омон қолган ТАПОиЧ бугун синиш ёқасига келиб қолди.

Тошкент шаҳар хўжалик суди “Чкалов” номли Тошкент авиасозлик ишлаб чиқариш бирлашмасига нисбатан банкротлик жараёнини бошлади. Бу жараён Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ташаббуси билан бошлангани айтилмоқда.


Чкалов номидаги Тошкент авиасозлик ишлаб чиқариш бирлашмаси ходими Владимир Ерофеев корхонада вақтинча кузатув жорий қилингани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади.

- Вақтинча кузатиш жараёни Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг Тошкент шаҳар бошқармаси аризасига асосан амалга оширилмоқда. Бунинг нимаси ҳайратланарли? Ярим йил олдин “General Motors” ширкатига нисбатан банкротлик жараёни бошланганида ҳамма ҳайратга тушган эди. Ҳеч нарса бўлмади. Ҳаммаси жойида бўлди. Қачонки қарзлар оборотдаги капитал миқдоридан ошиб кетса, бу нормал иқтисодий жараён ҳисобланади. Бунинг ҳайратланарли ери йўқ. Мен ҳаммаси яхши бўлади деб ўйлайман, - деди Чкалов номидаги Тошкент авиасозлик ишлаб чиқариш бирлашмаси ходими.

Бироқ собиқ авиасоз Шавкат Бадаловнинг фикрича, “ТАПОиЧ” номи билан ҳаммага яхши таниш бўлган Чкалов номидаги Тошкент авиасозлик ишлаб чиқариш бирлашмасида банкротлик жараёни бошлангани кутилган воқеадир. Унга кўра, Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин Чкалов заводи оғир вазиятга тушиб қолган, рус миллатига мансуб аксар мутахассислар Россияга кетиб қолган, ишчиларга маош бериш учун цехларда хўжалик ва уй-рўзғор буюмлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

- Уй-рўзғор буюмлари ишлаб чиқарганини мен ўзим ҳам бориб кўрганман. Икки йил олдин мана шунақа нарсалар ишлаб чиқарган. Бундан ташқари яна майда-чуйда нарсалар ҳам бор. Ҳалиги штамповка усули билан ишлаб чиқариладиган “листовой изделиялар”, маҳсулотлар бор эди. Ўрисларнинг ҳаммаси Россияга кетвордику, яхши-яхши мутахассислар. Бу ерда уларнинг ишини бажара оладиган специалистлар қолгани йўқ, - дейди ўзбекистонлик собиқ авиасоз.

Айрим таҳлилчилар хориждан келтирилган эҳтиёт қисмлар ҳисобидан самолёт ишлаб чиқариш иқтисодий жиҳатдан фойдали эмас деган фикрда.

“Uzmetronom” интернет-газетаси мухаррири Сергей Ежков бу фикрга қўшилади. Ежков “ТАПОиЧ”да банкротлик жараёнини бошлаб Ўзбекистон ҳукумати тўғри қилганини айтади.

Ежков Ўзбекистон хорижий давлатлардан келтирилган эҳтиёт қисмларга қарам бўлиб самолёт ишлаб чиқаришдан кўра иқтисодий жиҳатдан рентабелли бўлган бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарса, мақсадга мувофиқ бўлади деган фикрда.

- Ғарб ёки Россиядан олинган эҳтиёт қисмлар ҳисобига ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш тўғри эмас. Агар ҳаёт Ўзбекистонда автомобил ишлаб чиқариш самарали эканини кўрсатган бўлса, демак, самолёт ишлаб чиқаришга уринмасдан автомобил саноатини ривожлантириш керак. Барибир самолётларни бошқалардан яхшироқ ишлаб чиқара олмаймиз, дейди ўзбекистонлик мустақил журналист.

Сергей Ежков агар “Чкалов” бирлашмаси банкрот деб топилиб фаолияти тўхтатилса, унинг ўрнида “GM-Uzbekistan” қўшма корхонаси енгил автомобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмади. Эслатиш жоизки, ҳозир Чкалов заводининг ижарага олинган цехида “GM-Uzbekistan” қўшма корхонаси “Epica” ва “Captiva” русумидаги енгил автомобиллар ишлаб чиқармоқда.

Чкалов номидаги Тошкент авиасозлик ишлаб чиқариш бирлашмаси ҳозирча ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Июл ойида завод “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллиай авиакомпаниясига Ил-114-100 русумидаги бешинчи йўловчи самолётни етказиб берди. 2010 йил охирида ва келаси йил бошида завод “Ўзбекистон ҳаво йўллари”га яна иккита самолёт етказиб бериши режаланган.

Чкалов заводида самолётлар ишлаб чиқарилаётган бўлса, нима сабабдан заводда банкротлик жанаёни бошланди деган савол туғилади.

Россиядаги Стратегия ва технологиялар таҳлил маркази директори Руслан Пухов Озодликка бунинг сабабини шундай изоҳлади.

- Агар собиқ Совет Иттифоқи республикаларида сақланиб қолган йирик авиазаводлар ҳақида гапирадиган бўлсак, улар Россияга интеграциялашган тақдирдагина истиқболга эга бўлади. Улар мустақил яшаб қололмайди. Бирлашган авиасозлик корпорацияси (ОАК) билан Чкалов заводи келишувга эриша олмагани боис, табиийки банкротга учраган ва афтидан самолётлар ишлаб чиқара олмайди. Менимча, бунинг қатор объектив ва субъектив сабаблари бор. Улардан бири президент Ислом Каримов шахси билан боғлиқ. Маълумки, Каримов бир вақтлар шу заводда ишлаган ва уни ичидан яхши тушунади. Афтидан, у анча фойдали шартлар қўйган ва Россия томони бунга кўнмаган. Шу боис келишувга риоя қилинмаган. Принципда, имконият бой берилди ва энг яхши холатда бу заводни самолёт таъмирлаш корхонасига, масалан, Ўзбекистон ҳарбий ҳаво кучларининг учқичлари ёки бошқа йўловчи самолётларни таъмирловчи корхонага айлантириш мумкин. Аммо, менимча, бу завод ҳеч қачон янги самолётлар ишлаб чиқарадиган тўлақонли авиазавод бўлолмайди, - дейди Россиядаги Стратегия ва технологиялар таҳлил маркази директори Руслан Пухов.

Айни пайтда, Наманган машинасозлик заводи собиқ раҳбари Абдувоҳид Паттаев Чкалов номидаги Тошкент авиасозлик ишлаб чиқариш бирлашмаси банкрот деб эълон қилиниб уни бутунлай ёпилишига ишонмайди. У, агар бу завод ёпилса, Ўзбекистон учун катта йўқотиш бўлади, деган фикрда.

- Ўзбекистонда авиация ишлаб чиқариш саноати йўқ қилиб юборилмаса керак. Банкрот бўлишнинг орқасида заводни бошқача кўринишда шакллантириш мўлжали бўлса керак. Чунки Ўзбекистондан авиация саноатининг чиқиб кетиши Ўзбекистон учун жуда ҳам катта минус ҳисобланади. Чунки самолëт ишлаб чиқариш технологияси жуда ҳам уникал ҳисобланади. Дунëда энг кучли технология ҳисобланади. Агар ростдан ҳам авиация ишлаб чиқариш саноати умуман ëпилса, бу Ўзбекистон учун жуда ҳам катта йўқотиш бўлади. Бу йўқотишнинг ўрнини кейин тиклаб бўлмайди. Технологик жиҳатдан ҳам, буюртмаларни қабул қилиш жиҳатидан ҳам, дунëда Ўзбекистоннинг саноат бўйича тутган ўрни жиҳатидан ҳам жуда катта орқага кетиш бўлади. Шунинг учун мен кўп ҳам ишонмадим. Буни ўқидим мен ҳам интернетда. Кўп ҳам ишонмадим бутунлай йўқ бўлиб кетишига. Умид қиламиз, банкрот қилиб туриб бошқа бир кўринишда шакллантирилса керак авиация саноати, - дейди Наманган машинасозлик заводи собиқ раҳбари Абдувоҳид Паттаев.

Чкалов номидаги Тошкент авиасозлик ишлаб чиқариш бирлашмасининг банкротлик масаласи 1 ноябр куни Тошкент шаҳар хўжалик судида кўриб чиқилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG