Линклар

logo-print

Ўш қирғинида зўрланган аёлларнинг кўпчилиги номус, ўзбекона ҳаё сабабли зўравонлик қурбони бўлганлигини сир тутмоқда. 10 июндан 11 июнга ўтар кечаси Ўшда зўрланган аёллардан бири Озодликка ўз ихтиёри билан гапириб беришга қарор қилди.

Ёши 30-35 лар атрофидаги аёл суҳбатдошимиз ўрта бўйли ўзбек аёли. Рўмол ўраб юрадиган бу аёл билан суҳбатимиз Ўшдаги кўчалардан бирида, маҳаллий ҳуқуқ фаолларидан бирининг автомашинасида бўлиб ўтди. У ўз исмини айтишни истамади.

- Менга ҳам бу нарса номус, менинг ҳам фарзандларим бор, келажагим бор. Фақат ўзим учун яшаганимда мен айтиб қўйишим мумкин эди. Менинг келажагим бўлмаса ҳам, фарзандларимнинг келажаги бор. Ҳаётда ёлғиз аёлман, хўжайиним ўтиб кетган. Шу учун мен фарзандларимга ҳам онаман, ҳам отаман, - деди ўшлик суҳбатдошимиз нима учун исмини айтишни истамаганига изоҳ бераркан.

Унинг айтишича, 10 июндан 11 июнга ўтар кечаси аёл икки фарзанди билан Черемушка мавзеига меҳмонга отланади ва ўша ерда тунаб қолади. Ўша тунда шаҳарда кейинчалик “Ўш қирғини” дея ном олган воқеалар бошланиб кетади. Суҳбатдошимиз саҳарга яқин шовқин-сурондан уйғонганини айтади:

- Телефонимнинг соатига шундай қараганимда саҳар 4.30 бўлган экан. Тарақ-туруқ бошланди, ҳар хил овозлар, хунук гаплар. Эшикни тепиб киришди. Биз ҳаммамиз ётган жойларимиздамиз. Орада биттамиз қиз бола эди. Кирганидан кейин ваҳшийларча (мен тасаввур ҳам қила олмайман, йиғлаб кўзимнинг ёши ҳам тугаб қолаяпти) ташланишни бошлашди. Уни орасида биттаси мени таниган холатда бир нарса деганга ўхшади. Мен ўзимча айтадиган бўлсам, 7-8 та бор, 10 тага етмайди. Жуда ҳам елкали, қора баданли, ҳаммасида футболка, бошида кепка. Аниқ биламан - хунук одамлар, жуда ҳам хунук одамлар. Ўзимга яқинлашганини эслай оламан. Қолганларининг ҳам кирганини кўрганман. Бизга ташланишни бошлаганидан кейин, бизга азоб бўлганидан кейин мен ҳушимни йўқотганман. Унча эслай олмайман нима аҳволда бўлганимни. Уйғонганимда, тасаввур қилиб айтиб бера олмайман, ҳамма ерим қон. Ҳозиргача белгилари бор. Кийимим йўқ, қаердан кийимим бўлсин? Сочларим ҳурпайган. Баданларимиз хунук аҳволда. Биз уйғонганимизда қўшни катта аёллар бизга қараган. Мен кўзимни очиб қараганимда ҳаммаёғимиз тишланган, худди баданимизни узиб чиққандек. Худонинг аяганини қарангки, биз ўша пайтда бу азобни билмадик. Кейин жуда тортдик бу нарсани. Лекин у пайтда билмадик, - дейди ўшлик зўрланган аёл.

Биринчи тиббий ёрдамни икки зўрланган аёлга маҳалладаги ёши катта аёллар кўрсатишган.

- Қўлларимизга, бачадонларимизга холодилникдан олиб чиқиб музлар қўйишган. Қонаётган жойларни бир нималар қилиб тўхтатишга ҳаракат қилишган. Улар ҳам она бўлишгани учун қўлидан келганча ёрдам беришган. Оғизларимизни, қўлларимизни, юзларимизни артиб тозалашган, - деб эслайди ўшлик аёл нотаниш миллатдошларига миннатдорчилик билдираркан.

Аёллар зўрланган тунда суҳбатдошимизнинг икки боласи бошқа хонада ухлаган. Унга кўра, болалар тўполон чоғида қўрққанидан туриб кетган, бироқ ташқарига чиқмаганлиги учун тирик қолишган.

Кейин суҳбатдошимиз Фурқат қишлоғидаги ота-онасининг уйига кетганини, у ерда ҳам тўполон бошланганлигини, уйидан 10 адир томон қочиб, ўзбеклар хонадонида жон сақлаганлигини айтади.

- Ҳамшира аёллар бор экан, ёрдам беришди. Оллоҳ ўзи ёрдам берди, ҳисобсиз шукур, дейди қирқ кун деганда ўзига келган ўшлик аёл.

Суҳбатдошимиз бизга баданида ҳали ҳам изи кетмаган зўрлик белгиларини минг хижолат билан кўрсатади. У ҳар куни аёллар шифокорига қатнаётганини ҳам айтади.

Айни пайтда суҳбатдошимиз каби Ўшда зўрланган яна тўрт аёл тиббий даволаниши “Фуқаролар коррупцияга қарши” нодавлат ташкилоти ва унинг ҳамкорлари томонидан молиялаштирилмоқда экан. Мазкур лойиҳа июл ойидан буён амалга оширилмоқда.
Суҳбатдошимиз ўзларига қараётган шифокорлар тиббиёт этикасига риоя қилган ҳолда уларнинг исмларини ошкор қилмаётганини айтиш баробарида бу ҳолат кўнглига таскин беролмаётганини ҳам қўшимча қилади:

- Ҳамма нарса сирли бўлса ҳам, аёл кишининг ўзини ичида бир дард, алам билан яшаш жуда ҳам оғир экан. Сирли ҳолатда бўлса ҳам тушунтириб айтгим келди. Инсонларга, эшитганларга, фақат тўғри маънода, - деди суҳбатдошимиз ўшлик аёл.

Ўш қирғинида зўрланган аёллардан ташқари, эркаклар ҳам борлиги ҳақида маълумотлар бор. Бироқ уларнинг ўзлари бу ҳақда гапиришга ор қилади. Зўрланган ўшликларнинг бариси бу воқеаларни унутишга ҳаракат қилишини айтади. Бироқ, суҳбатдошларимизга кўра, танасидаги излару ўша кунги хўрлик ва зўрлик хотиралари буни унутишга ҳалақит бераётибди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG