Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:15

“Бутун Қирғизистон” партияси тарафдорлари Ўшда намойиш ўтказмоқда


"Бутун Қирғизистон" партияси лидери Адахан Мадумаров Қирғизистондаги миллий озчилик вакилларига ўзининг миллатчилик чиқишлари билан яхши таниш.
"Бутун Қирғизистон" партияси лидери Адахан Мадумаров Қирғизистондаги миллий озчилик вакилларига ўзининг миллатчилик чиқишлари билан яхши таниш.

Қирғизистон парламентига бўлган сайловда қонунда белгиланганидай сайловчиларнинг 5 фоизи овозини ололмай, депутатлик ўринларига эриша олмаган “Бутун Қирғизистон” партияси тарафдорлари 14 октябр куни Ўш шаҳри марказий майдонига тўпландилар.

Маълумотларга қараганда, 3 мингдан ортиқроқ норози “Бутун Қирғизистон” партияси сайловчиларнинг 5 фоиз овозини олгани, аммо амалдаги ҳукумат бу партияни парламентга ўтказмаслик мақсадида “ҳийлаи шаръий” қилаётганини иддао қилмоқда.

Ўзининг “Қирғизистон қирғизларнинг уйи, қолган барча миллатлар бу уйда квартирант” деган баёноти билан миллатчи сифатида танилган Адахан Мадумаров “Бутун Қирғизистон” партиясининг раиси ҳисобланади.

Адахан Мадумаров парламент спикери лавозимида ишлаётган пайтда ўзганлик Солижон Шарипов коинотга парвоз қилди. Ўшанда у қирғиз матбуотига: “Космосга итлар ҳам, маймунлар ҳам учаяпти, битта ўзбекнинг космосга парвоз қилганидан сенсация ясамаслик керак” деб ҳам “қовун туширган” эди.

Айни пайтда номи зикр этилган сиёсатчи унинг партиясини нафақат қирғизлар, балки бошқа миллатлар, жумладан, ўзбеклар ҳам қўллаганини, ўз партияси учун берилган, аммо ҳисобга кирмай қолган ҳар бир овоз учун курашишини айтмоқда:

- Сайловчилар биздан “Овозларимизни сизга берамиз, аммо бизнинг овозларимизни сақлаб қола оласизларми?” деб сўрашган. Биз уларга ҳар бир овоз учун курашишимизни ваъда қилганмиз. Шунинг учун шу соатдан бошлаб ҳар бир овоз учун курашга чиқамиз, -деди Адахан Мадумаров.

“Бутун Қирғизистон” партиясининг Ўш шаҳри марказий майдонига йиғилган уч мингдан ортиқ тарафдори Марказий сайлов комиссиясини қаллобликда айбламоқда. Хабарларга қараганда, норозилар қирғизлар бўлиб, улар орасида бошқа миллат вакиллари кўринмайди.

- Агар бизга берилган овозлар ҳисобланмаса, сайлов комиссиясининг ишини ағдар-тўнтар қиламиз, - деб таҳдид қилмоқдалар митинг иштирокчилари.

Гап шундаки, Қирғизистон қонунчилигига биноан депутатлик ўринларига талабгор партиялар сайловчилар умумий сонининг 5 фоизи миқдорида овоз олишлари керак. Марказий сайлов комиссияси мамлакатда 2 миллион 850 минг сайловчи борлигини, бу сайловчиларнинг 5 фоизи 142 минг кишини ташкил этишини билдирган эди. “Бутун Қирғизистон” партияси эса 145 минг овоз олганига қарамай, парламентдан ўрин ололмади. Бунинг сабабини Марказий сайлов комиссияси раиси Ақилбек Сариев қуйидагича изоҳлайди:

- Аввал эълон қилинган кўрсаткич овоз бериш жараёнида ўзгарди. Сайловчилар сони қўшимча рўйхатга тиркалганларни қўшиб ҳисоблаганда 3 миллион кишини ташкил қилди. Шунинг учун 5 фоизли миқдор аввал эълон қилинган 2 миллион 850 минг сайловчи кўрсаткичидан эмас, 3 миллионли кўрсаткичдан келиб чиққан ҳолда ҳисобланаяпти. Бу ҳолатда партиялар парламентга ўтиш учун камида 150 минг овоз олишлари керак бўлади, - деди Ақилбек Сариев.

“Бутун Қирғизистон” партияси вакили Замир Бўжўнов эса бундай ҳолатни амалдаги ҳукуматнинг сиёсий буюртмаси сифатида баҳолайди:

- Менимча, бунинг ортида муваққат ҳукумат турибди. Ҳукумат парламентда мухолифат партиялари кўпайиб кетишидан чўчиб, мана шундай йўлни танлаган, - деди Замир Бўжўнов.

Айни пайтда таниқли сиёсатчилар ва ҳуқуқ ҳимоячилари “Бутун Қирғизистон” партиясини намойишлар йўли билан эмас, суд ва ҳуқуқ-тартибот тузилмаларига мурожаат қилиш йўли билан кураш олиб боришга чақирмоқдалар. Аммо намойишга чиққанлар “Бутун Қирғизистон” партияси парламентга ўтди, деб ҳисобланмагунича митингларни давом эттиришларини айтмоқдалар.

Қирғизистонда 10 октябр куни ўтган парламент сайловларида асосан мухолифат партиялари ғолиб бўлган бўлган эди. Радикал миллатчилар партияси деб айтилаётган “Ата-Журт” партияси сайловда деярли 9 фоиз овоз олиб, ғолиб бўлган. Мухолифатдаги “Ар-Намис”, “Республика” партиялари эса учинчи ва тўртинчи ўринни эгаллашган. Амалда ҳукмрон бўлган Социал-демократлар ва “Ата-Мекен” партиялари иккинчи ва бешинчи ўринни эгаллаган.

“Бутун Қирғизистон” партияси эса, расмий маълумотга кўра, ярим фоиз овоз етмай қолгани учун парламентга ўта олмаган.

Шу йил 10 октябрида ўтган сайловда Қирғизистондаги 29 сиёсий партия иштирок этган.
XS
SM
MD
LG