Линклар

Тожикистонда полиомиелит қулоч ёймоқдами?


Тожик расмийлари шу кунгача мамлакатда 3 миллион бола полиомиелитга қарши эмланганини айтмоқда.

Тожик расмийлари шу кунгача мамлакатда 3 миллион бола полиомиелитга қарши эмланганини айтмоқда.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, жорий йилда мамлакатда полиомиелитга чалинган 21 бемор жон таслим қилган. Бироқ мутахассислар республикада полиомиелитга чалинганлар ва бу касалликдан вафот этганлар сони аслида кўпроқ бўлиши мумкинлигини тахмин қиладилар.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийси Аъзам Мирзоевнинг маълум қилишича, мамлакатда полиомиелитга чалинган ва бу касалликдан вафот этганлар сони аниқланган ҳамда бугунги кунда вирус тарқалмаслиги учун барча чора-тадбирлар кўрилган.

- Полиомиелитга чалинганликда гумонланаётганлар қони Москвадаги лабараторияларга текшириш учун юборилмоқда. Россиядаги ҳамкорликларимиз ёрдами билан республикада 700 нафардан ортиқ киши текширилди. Шулардан 405 кишида мазкур касаллик вируси борлиги аниқланди. Айни пайтда полиомиелит билан оғриган ва қайдга олинганлар республиканинг 20 дан ортиқ туман ва шаҳарларида мавжудлиги тасдиқланди. Уларнинг аксариятини ёш болалар ташкил қилаётгани ташвишли албатта, - деди Аъзам Мирзоев.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийси бу борада Халқаро Соғлиқни сақлаш ташкилотига хабар берилгани, у томондан полиомиелитнинг тарқалиш сабабларини ўрганиш ва амалий ёрдам бериш учун экспертлар юборилганини билдирди.
Вазирлик масъулининг сўзларига кўра, мамлакатда полиомиелитга қарши миллий дастур йўлга қўйилган. Бироқ республика аҳолисининг аксарият қисми қишлоқларда истиқомат қилиши касалликни аниқлашда қийинчиликлар туғдирмоқда. Мирзоевнинг қайд этишича, қўшни давлатлар билан борди-келди алоқаларининг тиғизлиги бугунги кунда Тожикистонда полиомиелит кенг тарқалишининг асосий сабабларидан биридир.

- Халқаро соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, қўшни Ўзбекистон ва Афғонистонда полиомиелит қайдга олинган. Тожикистонликлар ва хорижликларнинг бу мамлакатлар билан борди-келдиси касалликни республикага олиб келгани аниқ. Касаллик тарқалишининг олдини олишда Халқаро соғлиқни сақлаш ва ЮНИСЕФ ташкилотлари кўмаги беқиёс бўлди. Шу мақсадда мамлакатга тўққиз миллион флакон ваксина киритилган эди, - деди Аъзам Мирзоев.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларида айтилишича,
Ҳозирда касалликнинг қулоч ёйишига чек қўйилди. Маълумотларга кўра, жорий йил 4 июлидан буён мамлакатда бирор киши мазкур касалликка чалингани қайд қилинмаган.

Бироқ мутахассислар тахминича, Тожикистонда полиомиелитдан нобуд бўлганлар сони бир неча баравар кўп бўлиши мумкин. Юқумли касалликлар бўйича маҳаллий мутахассиснинг айтишича, республикада полиомиелит тарқалиши давом этмоқда.

- Бирор-бир давлатда у ёки бу касаллик ҳақида аниқ маълумот берилмайди. Чунки аниқ маълумот берилса, Халқаро ташкилотлар учун ўша давлат соғлиқни сақлаш тизими фаолияти шубҳали туюлади. Айтмоқчиманки, ҳар бир давлатга жуда катта миқдорда ҳам молиявий, ҳам дори-дармон шаклида ёрдам берилади. Лекин дори-дармонларнинг бир қисми сотилади ва пули раҳбарлар чўнтагига тушади. “Ёрдам берилди-ку, натижаси қани?” деган савол туғилади. Мана шунинг учун вазирлик: “Вазият назорат қилинмоқда, касаллик чекинди”, дея рапорт беради. Акс ҳолда, касаллик билан боғлиқ асл ҳолат очилиб қолади-да, - дейди исми ошкор қилинмаслиги шарти билан гапирган тожикистонлик шифокор.

Унинг сўзларига кўра, мамлакатда полиомиелит касаллигидан жон таслим қилган тожикистонликлар сони юздан ошади. Бу касалликка чалинганлар эса
икки мингдан кўп.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистонда эмлаш жараёни олти босқичдан иборат бўлган. Эмлашнинг бешинчи ва олтинчи босқичлари жорий йил 4-12 октябр кунлари ўтказилди. Шу муддат мобайнида тахминан уч миллион гўдак бу касалликка қарши эмлангани айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG