Линклар

Тошкент ўзбек пахтаси нархини янада кўтариш йўлини топди

  • Замира Шукур

Асосан мажбурий меҳнат ҳисобига йиғиб олинаëтган ўзбек пахтаси¸ Тошкент режасига кўра¸ мамлакат ичкарисида кўпроқ қайта ишланиб¸ хорижга сотилади.

Асосан мажбурий меҳнат ҳисобига йиғиб олинаëтган ўзбек пахтаси¸ Тошкент режасига кўра¸ мамлакат ичкарисида кўпроқ қайта ишланиб¸ хорижга сотилади.

Жаҳон бозорида пахта нархи кейинги 20 йил ичидаги рекорд даражага етай деб турган бир пайтда¸ чоршанба куни расмий Тошкент ўзбек пахтаси экспорти камайтирилишига оид беш йиллик режасини эълон қилди. Ўзбекистон Бош вазирига кўра¸ 2015 йилга бориб етиштирилаëтган пахта толасининг ярмига яқини мамлакат ичкарисида қайта ишланади.


13 октябр куни Халқаро Ўзбекистон пахта кўргазмаси очилишида чиқиш қилган Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар¸ инвестиция ва савдо вазирининг биринчи ўринбосари Насриддин Нажимов Ўзбекистон тўқимачилик ва енгил саноатини ривожлантириш дастурига кўра 2015 йилга қадар мамлакат пахта толаси экспортини босқичма-босқич камайтириб боришини эълон қилди.

- 2010 йил охирига бориб Ўзбекистон ичкарисида қайта ишланадиган пахта толаси 350 минг¸ 2011 йили эса¸ 400 минг тоннадан ошади¸ деди ўз чиқишида Тошкент расмийси.

Дунëда пахта етиштириш бўйича олтинчи¸ уни экспорт қилиш бўйича эса¸ учинчи ўрин эгаллайдиган ўзбек пахтасига талаб¸ Халқаро Ўзбекистон пахта кўргазмаси ташкилотчилари ва иштирокчилари таъкидича¸ йил сайин ошиб бормоқда.

- Сабаби дунë пахта бозоридаги танқисликда эмас. Балки ўзбек пахтаси тўқимачилик саноати учун жуда ҳам зарур хом ашëлигидадир. Биз кўп йиллик тажрибамиз давомида бунга ишонч ҳосил қилганмиз. Ярмаркада иккинчи бор иштирок этишим ва унда компаниямиз учун зарур миқдорда тола сотиб олиш ниятидаман¸ деди Ўзбекистон тенеканалининг Ахборот дастурига гапирган бангладешлик кўргазма иштирокчиси Аҳмед Мустафо Сидикай.


(Бу видео эпизод Ўзбекистон телеканалининг 13 октябр кунги Ахборот дастуридан олинди.)

Жаҳон бозорида пахта толаси¸ калава ип ва газлама билан савдо қиладиган 300 дан ошиқ ширкат вакиллари Тошкентдаги пахта кўргазмасига янги шартномалар имзолаш учун келган айни кунларда жаноб Нажимовнинг ўзбек пахта экспортининг камайиши ҳақидаги баëноти тасодифан янграгани йўқ. Бу билан Тошкент кўргазмага келган харидор ва даллолларга "вақт борида биз билан ўзаро манфаатли шартномалар тузиб олганингиз маъқул"¸ қабилида ўзига хос огоҳлантирув сигнали йўлламоқда.

Жаҳон бозорида бугунга келиб бир тонна пахта нархи 2009 йилнинг сенябрига нисбатан кескин кўтарилди.
Ўзбек пахтасига талабгорлар эса¸ бундай огоҳлантирувни эътиборсиз қолдирадиган аҳволда эмас. Хитой¸ Ҳиндистон ва Миср каби пахта экспорт қилувчи давлатларда бу йилги ҳосил ëмон бўлгани боис жаҳон бозорида пахта нархи муттасил ўсиб бормоқда ва чоршанба куни бир тонна пахта нархи 2494 долларга чиқди. Бу жараëннинг эса¸ Тошкент бахтига¸ ҳали узоқ давом этиши кутилмоқда.

Ана шундай вазиятда¸ халқаро майдонда ўзбек пахтасига эълон қилинган бойкотга қарамай¸ ўзбек пахтасининг харидорлиги ошмоқда ва ҳукумат бу вазиятни янада ўз манфаатига ишлатишга уринмоқда. Тошкент ҳукуматини пахта теримида мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланишни тўхтатишга мажбурлаш учун йиллардан бери давом этиб келаëтган бу бойкот¸ даромад султон бўлган бозор шароитида самарасиз қолмоқда¸ дейди Табиат ва адолат жамғармаси расмийси Жуллиет Уилямс Озодлик билан суҳбатда.

- Ўзбекистон ҳукумати бу бойкотга билвосита жавоб сифатида пахта толасини кўпроқ мамлакат ичида қайта ишлаб чиқишга ўтаëтган бўлиши мумкин. Аммо мамлакат ичкарисида қайта ишланадиган пахта миқдорини кўпайтириш ортидаги асосий сабаб ҳукуматнинг ўз чўнтагига тушаëтган даромадни ошириш интилишидир. Ташқарига пахта толаси ўрнига калава ип ëки пахта газламаси сотиш¸ табиийки кўпроқ фойда келтиради¸ дейди Уилямс хоним.

Бу эса¸ пахтанинг кейинги 20 йил ичидаги жаҳон бозоридаги нархи ҳаракати ифодаси.

Ўзбекистон ҳукуматининг пахта кўргазмаси очилишида эълон қилинган экспорт миқдорини камайтириш режаси¸ мамлакат ичкарисида фаолият юрғизаëтган тўқимачилик ширкатлари томонидан яхшилик аломати сифатида қарши олинмоқда.

Собиқ Наманагантекстил¸ бугунда эса¸ Жанубий Кореяга қарашли “Hain Tex” ширкати расмийсига кўра¸ бундан нафақат тўқимачилик ширкатлари¸ балки Ўзбекистон аҳолисига ҳам манфаат етади.

- Албатта, биринчидан, иш ўрни кўпаяди. Иккинчидан, пахта ўзимизда қолса, кўпроқ ишлаб чиқаришни ҳам кучайтиради. Ҳозир пахта камлиги учун кўп жойлар ҳам ишламаяптида. Пахта жуда проблема бўлади бу йилдан кейин. Ҳиндистонда, Хитойда бу йил пахта бўлмаганлиги сабабли жуда ҳам бизга керак бу нарсалар¸яъни пахтанинг Ўзбекистонда қолиши.

Шундай бўлса¸ албатта¸ биз яна кенгаямиз. Импорт оборудование келаяпти. Кенгаямиз, яна ишчи кучи кўпаяди, ишлаб чиқариш кучаяди. 2013 йил яна фақат калава ип эмас яна трикотажний полотно ишлаб чиқармоқчимиз. Унга импорт оборудование келади. Унда тайëр маҳсулот бўлиб экспорт қилинади. Эртага трикотажний полотно чиқарсак, яна ҳам қиммат бўладида.

Ҳозир бизнинг калава ипимизни дунëдаги катта ширкатлар миллион-миллион долларларга олдиндан контракт қилиб қўйиб, навбатда туриб сотиб олаяпти. Европа олаяпти, Германия, Испания¸ АҚШ олаяпти¸ дейди ҳозирда 1100 дан ошиқ наманганликни иш билан таъминлаëтган “Hain Tex” ширкати вакили.

Ўзбекистон тўқимачилик соҳасида бевосита фаолият юрғизган “Kabool Textile” ширкати раҳбари Дон Кан ҳам¸ агар Ўзбекистон ҳукумати пахта экспортини камайтириш режасини амалга ошира олса¸ бу мамлакатга келаëтган валюта тушумини кўпайтириб¸ аҳоли учун янги иш ўринлари яратиб беришни англатишини айтади. Бироқ¸ дейди Ўзбекистонда бизнес қилиб оғзи куйган кореялик бу тадбиркор:

- Тошкент ҳукуматида тўқимачилик саноатини ривожлантириш учун керакли пул йўқ. Бунинг учун пахта толасини йигириш¸ уни сифатли газламага айлантиришга имкон берувчи янги технологиялар кириши керак. Бу эса¸ хориж сармоядорларисиз битадиган иш эмас¸ дейди Дон Кан.

Хорижий сармоядор эса¸ Ўзбекистонга ўз пулини олиб киришдан чўчийди¸ деб давом этади бу табдиркор:

- Хорижлик сармоядорни ўзбек ҳукумати¸ унинг кўп ҳам соғлом ақлга мос келавермайдиган ношаффоф сиëсати чўчитади. Ўзбекистонда ҳукуматнинг тадбиркорга муносабати бир кечада ўзгариб қолиши ҳеч гап эмас. Шу боис¸ эътибор берсангиз¸ Ғарб хусусий сармоядорлари Ўзбекистонда деярли йўқ. Бугун ўзбек пахта кўргазмасида шартнома имзолаëтган Хитой¸ Бангладеш¸ Ҳиндистон ва Миср ширкатларининг аксари эса¸ ë бевосита ҳукуматга қарашли¸ ëки унга ишониб иш кўради. Улар орасида ўз сармоясини таваккал қилиб Ўзбекистонга келаëтганлари йўқ ҳисоби¸ дейди “Kabool Textile” ширкати раҳбари Дон Кан.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG