Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:17

Ўшда қурилиш материаллари танқислиги сезилмоқда


"Оралиқ" уйлар қурилиши битишини кутаётган ўшлик ўзбекларнинг аксари қўлбола чодирлар остида кун кечирмоқда.
"Оралиқ" уйлар қурилиши битишини кутаётган ўшлик ўзбекларнинг аксари қўлбола чодирлар остида кун кечирмоқда.

Ўшда куйиб кетган уйларнинг дарвозаларига кўк ёзувли плакатлар илинган. Бу ёзув мазкур хонадонда "оралиқ" уйлар "АКТЕД" ташкилоти ҳамда БМТ Қочқинлар идораси кўмагида қурилаётгани ҳақидадир. Бу ташкилотлар қураётган уйлар учун қурилиш материаллари етишмаяпти.


Мажримтол кўчасида ёниб кетган уйларнинг ҳар бирида қурилиш ишлари кетмоқда. Кимнингдир ховлисида пойдевор қуйилиб, девор кўтарилиши кутилмоқда. Қўшни ховлида эса йигитлар ғишт термоқда. Яна бир ховлида эса, девори кўтарилган уй усталарсиз турибди.

Мажримтоллик Каримовлар хонадони бошлиғи Ғуломжон ака қурилиш материаллари етишмаётганини айтади.

- Лампалик, тунука, том, светга монтаж қилгани сим, печка, эшик, ром керак. Мени усталарим – кампиримнинг жиянлари. Бир кунда тунукани қоқиб, лампани қилса, бир кунда сувайди. Эшик ромни аниқ олиб келса, икки кунлик иш қолди. 15 кун бўлди мана бу тарафини қилганига. Пойдеворни икки кунда қуйишиб қўйди. Бир хафта юрди-ғишт йўқ. Ғишт берди, ундан кейин деворни пулини олиб устига ёғоч терамиз дейишди. Ёмғирда масжидда ётаяпман. Кампирим болаларникига кетаяпти,- дейди ёши 60дан ошган мажримтоллик отахон.

Шарқ айили маҳалласида яшовчи Муножотхон ая ҳам яқин кунларда "оралиқ" уйли бўлиб қолишга умиди борлигини айтади. Бироқ бу маҳаллада ҳам қурилиш материаллари ўз вақтида етказиб берилмаяпти.

- Энди хамма нарса келиб турса хеч нарсамас, Оллох кунини берса. Заҳираси билан келмаса ҳаммага етказиш қийин экан. Биз ҳисобда 14 жонмиз. Икки хона қурилаяпти. Шунга хафа бўлиб койияпман-да. Иккита келиним, қизим, болалари билан, хўжайин хаммамиз,- дейди у.

Кузги ёмғирда палаткада сув остида кун кечиришга мажбур бўлганини гапирар экан, олтмишдан ошган онахон буларни қўшимча қилди.

- Ҳисобда бир хафтача бўлди. Ёмғир ёғди. Об-ҳаво ўзгарган сари, совуқ бўлиб қолаяпти эрталаб, кечқурун. Аввал битта кўйлак билан юраётган эдик. Ҳозир икки-учта кийиб олаяпмиз. Кўрпа иккита ёпаяпмиз, тагимизга, тепамизга қилиб. Худога шукур, нима қилайлик? Бандамиз, қойилмиз ҳамма ишга. Кўп ёмғир ёққанида, бурчагимиздан кўп ўтаяпти. Кейин тагимизга кетаяпти-да. Кейин тўхтаганидан кейин иложи бўлса, офтоб чиққанида, палаткаларни кўтараяпмиз. Иложи бўлмаса, шундай қолаяпти, дейди Шарқ айилида яшовчи онахон.

Идораси Ўшда жойлашган "АКТЕД" нодавлат ташкилотининг ходими Робин Натаф бугунги кунда БМТ Қочқинлар идораси ва яна бир қанча хорижий ҳайрия ташкилотлари кўмагида уйсиз қолганларга “оралиқ” уйларни қуриб беришаётганини айтди. Шу билан бирга жаноб Натаф ўшликлар тилга олган қурилиш материалларининг ўз вақтида етказиб берилмаётгани сабабларини изоҳлаб берди.

- Ҳозирги вактда Ўш ва Жалолобод шаҳарларида 1400га яқин “оралик” уйлар қурилмоқда. Бу уйларнинг қурилиши икки ярим ой ичида битирилиши мўлжалланган. Шунинг учун регионда бор қурилиш материалларини ишлатишда катта муаммо бўлаяпти. Чунки бирданига бир ярим мингта уйни қуриш учун қурилиш материалларини етказиш қийин. Шунинг учун энг асосий муаммомиз қурилиш материалларининг етишмаётганидир. Биз ўзимиз режалаштиргандек ишларни тез олиб боришга қийналаяпмиз. БМТ қочқинлар идораси ва бошқа бир қатор ҳамкор ташкилотлар шу курилиш материалларини бизга олиб келиш бўйича ишларни бошқаришади,- дейди "АКТЕД" ҳалқаро ташкилотининг Ўшдаги вакили Робин Натаф.

Айни пайтда "АКТЕД" ташкилотининг ўзи БМТ Қочқинлар идораси кўмагида Ўшнинг ўзбек маҳаллаларида 560та “оралиқ” уйларни қурмоқда.

Шунингдек, мазкур ташкилот икки минг оилага ёрдам кўрсатган.

Ўшдаги “оралиқ” уйлар қурилишида маҳаллий ўзбеклар ишламоқда. Қурувчи йигитларга маошни ҳам шу ташкилот бермоқда.
XS
SM
MD
LG