Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:12

Тожикистонда собиқ исломий мухолифат қўмондонлари қуролларини топширмоқда


Рашт водийсида вертолётнинг қулаши оқибатида ҳукуматнинг 28 аскар ва зобити нобуд бўлди.
Рашт водийсида вертолётнинг қулаши оқибатида ҳукуматнинг 28 аскар ва зобити нобуд бўлди.

Тожикистон расмийлари Рашт водийсида ҳукуматга қарши жанг қилаётган исломий муҳолифат етакчилари билан сулҳ тузишга келишиб олгани хабар қилинмоқда. Рашт водийсида қонли тўқнашувлар бошланганидан бери ҳукуматнинг 60дан ортиқ аскари ҳалок бўлди.


Тожикистон шарқидаги Рашт водийсида ҳукуматга қаршилик кўрсатиб келаётган исломий муҳолифатнинг икки етакчиси ўзларига бўйсинувчи жанггариларнинг қуролларини топшириши ва “хорижий жанггариларга қарши кураш”да ҳукумат кучларига қўшилишга розилик бергани хабар қилинмоқда.

Азия Плюс хабар агентлиги Раштдаги ҳукумат расмийларига таяниб, Мирзохўжа Аҳмадов ва Мулло Садриддин бошчилигидаги 27 кишидан иборат гуруҳ ҳафта бошида ўз қуролларини топширганини хабар қилди.

Бир кун аввал, 14 октярб куни Рашт водийсида бир ойдан бери давом этаётган қаттиқ жангларни тугатиш борасида ҳукумат расмийлари ва жанггари гуруҳлар етакчилари ўртасида музокаралар бўлаётгани хабар қилинган эди. Жанггариларга қарши амалиётлар 19 сентябр куни Рашт водийсидиаги Камароб дарасида ҳукумат қўшинлари пистирмага учраб, 28 аскар ҳалок бўлганидан кейин бошланган эди.

Сентябр ойининг охирларида Тожикистон Миллий хавфсизлик кенгаши раиси Амирқул Азимов ҳамда ички ишлар ва мудофаа вазирлари Рашт водийсига жўнаб кетиб, у ердаги ҳарбий амалиётларни шахсан бошқариш учун қўшма штаб ташкил қилди.

Матбуот хабарларига кўра, Азимов ва Тожикистон парламенти раиси - асли раштлик бўлган Шукуржон Зухуров собиқ бирлашган тожик мухолифати етакчиларини тўқнашувларни тўхтатишга кўндириш учун улар билан учрашган.

Қарийб бир ой давом этган жангларда ҳукуматнинг 60дан ортиқ аскари ҳалок бўлгани айтилмоқда. Охирги воқеалардан бирида, вертолётнинг қулаши оқибатида ҳукуматнинг 28 нафар аскари ва зобити нобуд бўлди. Расмийлар вертолёт ҳалокатига техник носозликлар сабаб бўлганини айтган бўлса, баъзи агентликлар вертолётнинг жанггарилар томонидан уриб туширилганига ишора қилувчи хабарларни тарқатди.

19 сентябр куни ҳукумат қўшинларига пистирмадан қилинган ҳужум учун масъулиятни расмийлар маҳаллий ва хорижий жанггарилар зиммасига юклаган эди.

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати дастлаб Камаробдаги пистирма ҳужумига Аҳмадовнинг алоқаси борлигини баён қилди. Аҳмадовнинг Раштдаги уйи ҳукумат кучлари томонидан ҳаводан ўққа тутилганидан кейин у яшириниб юрган эди.

Аҳмадов бошиданоқ Камаробдаги ҳужумга алоқаси борлигини инкор қилиб, ҳукуматни собиқ мухолифатнинг дала қўмондонларига босим ўтказаётганликда айблаб келмоқда.

Аҳмадов 1992-97 йиллардаги фуқаролик уруши пайтида президент Имомали Раҳмон ҳукуматига қарши курашган Бирлашган исломий мухолифат кучларининг дала қўмондонларидан бири бўлган.

Ҳукумат қўшинлари тоғли минтақаларда яширингани гумон қилинаётган жанггариларни қидириш амалиётларини давом эттирар экан, Камаробдаги вазият беқарорлигича қолмоқда.

Тожикистон расмийлари ва таҳлилчилар сўнгги воқеалар ортида Тожикистоннинг беқаорлашувини истаётган хорижий давлатларни айблаб келмоқда.

Ички ишлар вазирлиги яқинда Рашт водийсида қурол-яроқ, озиқ-овқат, кийим-кечак ва “ташвиқот материаллари” яшириб қўйилган ертўла топилганини маълум қилди.

Тожикистон президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази бошлиғи ўринбосари Сайфулло Сафаров жанггарилар ҳужумларининг кўлами уларнинг ортида қудратлий ҳомийлар борлигига ишора қилади, деган фикрда.

- Камаробдаги қуролланган гуруҳлар аъзолари, шунча қурол-яроқни ўз пулига сотиб олиш имконлари йўқ. Бу қуроллар фуқаролик уруши давридан қолиб кетмаган бўлса, улар ташқаридан молиявий кўмак олган бўлишлари керак. Лекин биз, бу ёрдамни қайси хориж давлати ёки ташкилоти етказиб берганини аниқ айтиш қийин.

Камаробдаги пистирма ҳужумидан кейин ҳукмат қўшинлари водийга элтадиган йўлларни ёпиб қўйгани боис, минтақадан маълумот олиш қийинлашган. Рашт водийси билан алоқа узиб қўйилган.

Давлат назоратидаги телевидение ва радио каналлари Камаробдаги воқеалар ҳақида деярли хабар қилмаяпти. Берилаётган хабарлар кўрилган талафотлар билан чекланмоқда. Расмийлар Рашт водийсидаги вазиятни жамоатчиликка ошкор қилишдан бош тортиб келмоқда.

Ҳукумат ҳафта бошида қуролларни кўнгилли равишда топширган жанггарилар жавобгарликка тортилмаслигини ваъда қилди.
XS
SM
MD
LG