Линклар

logo-print

Каримов қутлови ортида қандай маъно бор?

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистон президенти қирғизистонлик ҳамкасбини сайловлар эсон-омон ўтиб олгани билан қутлади.

Ўзбекистон президенти қирғизистонлик ҳамкасбини сайловлар эсон-омон ўтиб олгани билан қутлади.

Ўзбекистон президенти фикрича, Қирғизистонда парламент сайлови "барқарор ва демократик шароитда" ўтган. Бундай баҳони Ислом Каримовнинг якшанба, 10 октябр куни ўтказилган сайлов муносабати билан Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаевага йўллаган табрикномасида ўқидик.


Хўш, Каримовнинг табриги давлатлараро муносабатлар одоби доирасида амалга оширилган протокол тадбирими ёки Қирғизистоннинг жорий раҳбарига Тошкентнинг илиқ муносабати ифодасими?

Қирғизистондаги “Қабар” агентлигининг Ўзбекистон раҳбари табриги тўғрисидаги 14 октябр кунги хабари, агар Ўш воқеалари бўлмаганида, эътиборсиз қолиб кетган бўлар эди.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Фарҳод Толиповнинг фикрича, июн фожеаси бўлмаган тақдирда ҳам, Ўзбекистон раҳбари қўшнисини сайловдек катта сиёсий тадбирни ўтказиб олгани билан табриклаган бўларди.

- Чунки бундай йирик воқеа ҳар қандай мамлакатда бўлса ҳам қўшни давлатларни, даже узоқдаги давлатларнинг раҳбарлари табрик хатларни, телеграммаларни юборишади. Мен аминманки, Ўтунбаевага битта Ўзбекистон раҳбари эмас балки бошқа давлат раҳбарлари шу жумладан Россия президенти ҳам табрик хатини юборган бўлса керак. Менинг бунга шак-шубҳам йўқ. Шунинг учун ҳам ўша табрикларнинг орасида Ўзбекистон раҳбарининг табригини ажратиб, қандайдир махсус муносабатларни излаш ўринсиз, дейди Фарҳод Толипов.

Бундай дегани билан, ўзбекистонлик таҳлилчи Фарҳод Толипов, Ўзбекистон раҳбарининг табриги оддий табриккина бўлмаслиги эҳтимолини ҳам соқит қилмайди.

- Аммо шу билан бирга биз бевосита қўшни давлатмиз. Қирғизистонда бўлаëтган воқеаларга, ўзгаришларга биз ҳозир жуда ҳам бефарқ эмасмиз. Синчковлик билан кузатиб турибмиз. Яқиндагина у ерда яшаëтган ўзбеклар билан содир бўлган фожиали воқеалар бизни ҳам тегиб ўтди. Албатта Ўзбекистон Қирғизистонда бўлаëтган ўзгаришларни устувор йўналиш деб кузатиб келаяпти ва бу ҳам табиий, дейди ўзбекистонлик таҳлилчи Фарҳод Толипов.

Қирғизистонлик таҳлилчи Мирсулжан Намазалиевнинг фикрича, Каримовнинг табриги замирида Ўтунбаевага юборилган муайян мужда ҳам йўқ эмас.

- Каримовнинг Қирғизистон собиқ раҳбарлари билан муносабатлари яхши бўлмагани ҳеч кимга сир эмас. Каримовнинг бошқа қўшнилари билан муносабатлари ҳам бузилган. Мана шундай шароитда Каримов Қирғизистоннинг янги раҳбарияти билан яхши муносабатлар ўрнатмоқчидир, дейди қирғизистонлик таҳлилчи.

Мирсулжан Намазалиевнинг фикрича, Тошкентнинг Бишкек билан муносабатларини нисбатан илиқ ушлаб туришга ҳаракат қилаётганидан яна бир мақсади бўлиши мумкин.

- Аввалига қочқинларни қабул қилиб олди, мана энди Қирғизистондаги демократик ўзгаришларни олқишлаган бўлаяпти-ки, буларнинг ҳаммаси бошқа мамлакатларга, аввало Ғарбга йўналтирилаётган сигналлардир. Тошкент шундай йўл билан Ғарб билан бўлган аввалги муносабатларини тиклаб олмоқчи бўлаётган бўлиши мумкин, дейди бишкеклик таҳлилчи Мирсулжан Намазалиев.

Москвалик таҳлилчи Санобар Шерматованинг фикрича, Каримовнинг Ўтунбаевага йўллаган табрикномаси замирида оддий протокол мажбуриятидан кўпроқ маъно бор.

Чунки Ўтунбаева билан Каримов ўртасидаги ўзаро муносабатлар ҳар жоим ҳам яхши бўлиб келган, дер экан, Санобар Шерматова Роза Ўтунбаеванинг 2005 йилги инқилобдан кейин ташқи сиёсат масалаларига масъул арбоб сифатида Тошкент билан муносабатларини яхшилашга ҳаракат қилганини эслаб ўтди.

- 7 апрел воқеаларидан (2010) кейин Қамбарота-1 ГЭСи қурилиши қўшни мамлакатлар рози бўлган тақдирдагина бошланиши лозимлиги тўғрисида баёнот берган эди. Аввалги президент эса, бундай позицияда бўлмаган эди.

Ва Ўтунбаеванинг бундай позицияси, албатта, Тошкентнинг назаридан четда қолмади, албатта, ўз баҳосини олди, деди москвалик таҳлилчи Санобар Шерматова.

Таҳлилчидан, бас, Тошкент Бишкек билан муносабатларини, июн фожеасига қарамай камида илиқ ушлаб туришга ҳаракат қилаётган экан, унда нима учун Каримов Ўшга бўлмасаям, ҳеч йўқ Бишкекка келиб қўймади, деб сўрадик ва ундан мана бу жавобни эшитдик:

- Хоҳламайсиз экан-а! Шу кунда Қирғизистон бошқа давлатлар етакчиларини қабул қиладиган аҳволда эмас. Бу мамлакатда бошқа давлатлар раҳбарларини таклиф қиладиган ҳокимият мана энди шаклланаяпти, деди москвалик таҳлилчи Санобар Шерматова.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG