Линклар

logo-print

Ўзбекистонда пахта плани бажарилди


Ўзбекистонлик деҳқонлар пахта тайёрлаш бўйича давлат белгилаган режани бажардилар. Улар давлат хирмонига уч миллион тўрт юз минг тоннадан зиёд оқ олтин топширганлар.

Ўзбекистоннинг расмий УзА ахборот агенлиги хабарига бу йил пахта ҳосилдорлиги ўтган йилдагига қараганда 4 фоизга кўпроқ бўлган, яъни ҳар гектар пахта майдонидан 26.3 центнердан ҳосил олинган. Шу ҳосилнинг тўқсон фоизи юқори навлидир.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов пахтакорларни эришган зафарлари билан қутлар экан, бу йил мамлактада пахтачиликдан кўриладиган даромад 2 триллион сўмдан ортиқроқ бўлишини таъкидлади.

Президентга кўра, бу ўтган йилдагига қараганда 35 фоизга кўпдир. "Бундай даромад мамлакатда аҳоли турмуш тарзини бугунгидан-да яхшилаш, янги мактаб-коллежлар, тиббиёт муассасалари қуриш имконларини яна ҳам оширади", деди Каримов.

Жаҳон бозорида пахта нархи ошгани туфайли Ўзбекистон бу йил пахта экспортидан кўпроқ даромад кўриши кутиляпти.

Дунёнинг энг йирик пахта етиштирувчиларидан ҳисобланган Ўзбекистонда ҳар йили 3.5 миллион тонна пахта ҳосили олинади, 1 миллион тоннадан зиёд тола ишлаб чиқарилади.

Ўзбекистоннинг асосий ҳаридорлари Хитой, Бангладеш, Эрон, Покистон ва Россиядир. Ғарбнинг етакчи тўқимачилик корхоналари Ўзбекистонда пахта етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланилиши боис бу мамлакат пахтасига бойкот эълон қилган.

Яқинда бу давлат четга пахта хом ашёсини сотишни босқичма-босқич қисқартириб, уни мамлакат ичкарисида қайта ишлашга кўпроқ эътибор қаратишини билдирди.

Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев 2015 йилга бориб пахтани мамлакатнинг ўзида қайта ишлаб чиқариш ҳажмини 70 фоизга ошириш режаланаётгани ҳақда маълум қилди.
XS
SM
MD
LG