Линклар

logo-print

Ўшлик адвокатлар судланувчи ўзбекларни ҳимоя қилишдан бош тортишди

  • Шерзод

Ўшда июн воқеаларида айбланиб қўлга олинганларга нисбатан ноқонуний ҳаракатлар бўлаётганидан хабари борлигини айтган президент Ўтунбаева, бу бебошликни тўхтатиш учун ҳеч қандай чора-тадбир кўрмади.

Ўшда июн воқеаларида айбланиб қўлга олинганларга нисбатан ноқонуний ҳаракатлар бўлаётганидан хабари борлигини айтган президент Ўтунбаева, бу бебошликни тўхтатиш учун ҳеч қандай чора-тадбир кўрмади.

Ўшлик 161 адвокат июн воқеаларида айбланиб судланаётган ўзбекларни ҳимоя қилишдан бош тортишди. Уларга кўра, маҳкамаларнинг аксариятида адвокатлар ва судланувчилар жабрланувчилар томонидан калтакланмоқда. Бу борада адвокатлар Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаевага мурожаат йўллаганлар.

Ўшлик адвокатлар номидан Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаевага йўлланган мурожаат мазмунини судланаётган ўзбекларга ҳимоячилик қилгани учун маҳкама жараёнида жабрланувчилар томонидан 4 маротаба калтакланган адвокатлардан бири гапириб берди:

- Биронта ҳам суд жараёни оммавий тартибсизликларсиз, адвокатларни калтаклашсиз ўтмаяпти. Нафақат судланувчиларнинг ота-оналарини, нафақат судланувчиларнинг ўзларини, балки адвокатларни ҳам мунтазам равишда калтаклаш бошланди.

Баъзи суд жараёнида суд қўриқчилари ҳимоя қилишяпти. Лекин кўпинча ҳимоя йўқ. Биз реал ҳимояни, хавфсизлигимиз таъминланганини кўрмаяпмиз. Бизга бензин сочишаяпти, бизга латаларнинг орасига арматураларни ўраб отишаяпти, уришаяпти. Биз шу аҳволда ишлаяпмиз. Биз қўрқаяпмиз. Бизни ҳам бола-чақамиз бор.

Биз “Бизга ҳимоячи беринглар ёки ҳеч бўлмаганда суд маҳкамаларида бизни ҳимоя қилинглар. Агарда сизлар бизнинг талабларимизга қулоқ солмасанглар, биз суд маҳкамаларида қатнашмаймиз,” президент Роза Ўтунбаевага ариза ёздик, - деди ўз номини айтишимизни истамаган ўшлик адвокатлардан бири.

Адвокатларга кўра, 2010 йилнинг июн ойида Ўшда бўлиб ўтган тартибсизликларда айибланиб қўлга олинганларнинг ва ҳозирда судланаётганлар асосан ўзбеклардир. Суд жараёнида жабрланувчи сифатида иштирок этаётганлар ва адвокатларни калтаклаётганларнинг эса қирғиз миллатига мансублиги айтилади.

Адвокатларга кўра, агарда судланувчини ҳимоя қилаётган адвокат қирғиз миллатига мансуб бўлса, у ҳам сотқин сифатида кўрилиб, жабрланувчилар томонидан калтакланмоқда.

Адвокатларнинг айтишича, ҳар бир суд жараёнида адвокатлар хавфсизлик масаласи таъминланиши сўраб прокурор ва суд раисларига мурожаат қилишади, бироқ барча илтимослар эътиборсиз қолади.

Ўш шаҳар адвокатлар бирлашмаси раиси Қанибек Жўрўевнинг айтишича, айрим ҳолларда суд раислари маҳкамада адвокатлар калтакланиши мумкинлигини аввалдан биладилар, бироқ бунга нисбатан чора кўришмаган:

- Эрталабки соат 10да адвокат Динара Турдуматовани суд раиси Қўжўмқулов чақириб, “Адвокатларга айтиб қўйинглар, савол беришмасин, жим ўтиришсин, маҳкамани тинч ўтказайлик,” деган. Унда бизнинг нима керагимиз бор? Биз оғзимизни скотч билан ёпиштириб олиб, манекен бўлиб ўтираверайликми? У ҳолда 1937 йилга ўхшаб прокурор билан суд раиси судлаб қўяверсин. Биз маҳкамаларга қатнашмай қўяверайлик. Демак, улар бу вазиятни аввалдан билган, - деди Қанибек Жўрўев.

Айни пайтда куч тизими расмийлари июн воқеалари юзасидан ўтказилаётган суд жараёнлари кучайтирилган назоратда ўтказилаётганини айтишмоқда. Расмийларга кўра, суд залидаги тартибсизликларнинг келиб чиқишига адвокатларнинг иғвогарона чиқишлари сабаб бўлмоқда:

- Шу ерда катта муштлашув бўлди, ҳатто айбланувчилар калтакланди, деган исботланмаган сўзларни тарқатишди. Шунга ўхшаган сўзларни айрим интернет манбалардан атайин тўпалон чиқариш учун айтишмоқда. Биз ушбу мурожаат бўйича махсус тергов олиб бордик. Бундан кейин қайси суд жараёни бўлмасин, биз жамоатчилик тартибини қаттиқ назоратга оламиз.

Бу маҳкамалар миллатлараро жараён бўлгани учун шундай бўлмоқда. Фуқаролик тартибида маҳкама бўлганда ҳам айрим ҳолларда икки томон уришиб кетади. Буни бир томон айибланувчи, иккинчиси жабрланувчи бўлгани сабабли одамлар орасидаги фикр келишмовчилиги сифатида баҳоласак бўлади, - деди Қирғизистон Бош прокурори ўринбосари Рисқул Бақтибаев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG