Линклар

ЕХҲТга раислик қилаётган Қозоғистон матбуот эркинлиги бўйича ўзининг халқаро мажбуриятларини ҳамон бажармаяпти. Бу куни кеча Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ва Халқаро матбуот институти томонидан Венада ўтказилган матбуот брифингининг асосий мавзуларидан бири бўлди.

Қозоғистондаги Stan.TV видеопортали ходимлари ўзларига нисбатан маҳаллий солиқ назорати ва молия полицияси томонидан босим ўтказилаётганидан шикоят қилмоқдалар.

“Стан-продакш” ширкати муассиси Элина Жданова ўз идорасида ярим йилдан буён солиқ инспекцияси текширув олиб бораётганини айтади. Бу вақт мобайнида, Жданова хонимга кўра, ширкатнинг барча ҳужжатлари қайта-қайта текширилган, солиқчилар эса “бу жараённинг ўзидан ҳориб кетганлар”.

“Стан-продакшн” муассиси текширув чоғида солиқчиларни портал ҳужжатларига алоқаси бўлмаган масалаларни ҳам синчиклаб ўрганганлари, хусусан, улар видеоматериалларни сайтга жойлаштириш технологияси, уларни юбориш тартиби ва таҳририят ишининг техник жиҳатлари билан қизиққанларини айтади.

Элина Жданованинг эътироф этишича, солиқ текшируви молия полицияси сўровига кўра бошланган, молия полициясининг ўзи эса шу йил май ойидан Stan.TV видеопортали фаолиятини текширишга киришган. Айни пайтда Жданова Stan.TVга нисбатан жиноий иш қўзғатилмагани, демакки, бунақа текширув бошлаш учун молия полициясида асос бўлмаганини қайд этади.

- Икки ой ичида сўроққа “Стан”нинг йигирмага яқин ходими чақирилди. Уларга “Стан”дан олаётган пулни қаёққа ишлатаяпсиз?”, “Ширкат шартномалари ҳақида нималарни биласиз?” қабилидаги турли-туман саволлар берилган. Сўроқлар жуда узоқ давом этган. Улар ҳатто биз билан анчадан буён ҳамкорлик қилмай қўйган кишиларни ҳам сўроққа чақирганлар, - дейди Элина Жданова.

Мазкур масала юзасидан Олмаота шаҳар молия полицияси масъулларидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Stan.TV видеопортали продюсери Александр Габченконинг айтишича, молиявий текширувдан ташқари, порталнинг бошқа вилоятлардаги журналистларига ҳам босим ўтказилмоқда.

Габченко Stan.TVнинг Уст-Каменогорскдаги махсус мухбири Алла Степановани шу йил 6 октябр куни шаҳар ҳокимиятига суҳбатга чақирганларини айтади. Суҳбат чоғида, Stan.TV продюсерига кўра, шаҳар ҳокимининг ўринбосари Асқар Нурғазиев журналист Степановани норозилик намойиши уюштирганликда, нафақахўр кампирларни йўл ҳақининг ошиши бўйича лапар (частушка) айтишга ундаганликда айблаган.

– У (ҳоким муовини) журналистга, агар яна воқеа жойида пайдо бўлиб, уни ёритса, намойиш уюштирувчиси сифатида жавобгарликка тортилиши мумкинлигини айтган. Ўша куннинг ўзида суратга олиш гуруҳи ортидан қандайдир кишилар кузатиб юрган, Алла Степанованинг уйига қанақадир одамлар қўнғироқ қилган. Шу куни кечқурун унинг уйига участка нозири келган, - дейди Александр Габченко.

Бироқ Уст-Каменогорск шаҳар ҳокимияти ички сиёсат бўлими бошлиғи Булбул Бакинова ҳокимият томонидан журналистга босим ўтказилганига шубҳа қилишини айтади. Унга кўра, шаҳар раҳбарияти танқидий фикрлар айтилишидан манфаатдор ва мэрия эшиги барча журналистлар учун очиқ.

- Мен бу хабарни ўқидим ва ҳоким муовини билан гаплашдим. Мен ундан: “Шунақа воқеа бўлганмиди?” деб сўрадим. У бундай воқеа бўлмаганини айтиб, “журналистга босим ўтказишга нима ҳаққим бор менинг”, деди. У энди иш бошлаган ходим эмас, у жуда саводли киши, кучли сиёсатчи. Мен унинг бундай гапларни айтганига ишонмайман, - дейди Булбул Бакинова.

Ўз навбатида, Stan.TV видеопортали таҳририяти ходимлари бу воқеа юзасидан изоҳ талаб қилиб, Уст-Каменогорск ҳокимига мактуб йўллаганлар. Видеопортал раҳбарлари ахборот тарқатиш эркинлиги бўйича ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб, прокуратурага ва эҳтимолки, судга мурожаат қилишлари мумкинлигини назардан соқит қилмайдилар.

- Журналистларни яхши кўрмаётган эканлар, бу уларнинг ўз нонини ҳалоллаб топаётганларини англатади – бу менинг шахсий фикрим. Аммо биз ўзимизни қонун доирасида “ёмон кўриш”ларини истардик. Биз расмийлар илтифотига муштоқмасмиз, куч ишлатар тизимлар ёки бошқа тузилмаларнинг бизга нисбатан илиқ муносабатида бўлишларига даъвогар эмасмиз. Бироқ улар бизга нисбатан қонунчилик доирасида ҳаракат қилишларини истаймиз, - дейди “Стан-продакшн” муассиси Элина Жданова.

Қозоғистонда мустақил оммавий ахборот воситаларига нисбатан босим ўтказилиши маҳаллий ҳуқуқ фаолларини ажаблантирмай қўйган. “Адил сўз” матбуотни ҳимоя қилиш ташкилоти маълумотларига кўра, бунақа ҳодисалар биринчи марта кузатилаётгани йўқ.

Ташкилот эксперти Елена Малигина Қозоғистонда матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият, шифокорлар ибораси билан айтганда, “барқарор ёмон”лигича қолмоқда.

- Чунки ўн бир йилдан бери ўтказиб келаётганимиз мониторинг натижалари вазият яхши томонга ўзгармаётганини кўрсатмоқда. Ҳамма нимадир қилишга уринаяпти, бироқ бунинг натижаси кўринмаяпти, - дейди Елена Малигина.
XS
SM
MD
LG