Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:03

Озодлик бекорчиси: Мақолу маталларни ўзгартирсакми?


Якшанба бекорчиси Хондамир
Якшанба бекорчиси Хондамир

Ассалому алайкум, азиз муштарий. “Бекорчихона”мизда аввалги кунлари қизиган гурунгларда бир тенденцияни кузатдим – ҲАММА ниманидир ўзгартиришу эртага бугундан кўра муносиброқ турмуш кечиришни соғинибди. Мадомики, нималарнидир ўзгартириш орқали маишатимизни яхшилаш мумкин экан, нима учун бир қадар догмага айланган қадриятларимизни ўзгартирмаслигимиз керак?

Хуллас, якшанбани сиз билан мақолу маталларимиз ҳақида гурунглашиб ўтказишга қасдландим.

Мақолу матал яхши нарса-да. Бировга фикрингни ўтказгинг қистаб кетсаю, фикр урчитишда “дўппи торроқ кеп турган” бўлса, шартта битта мақол ё матални қистирворсанг - олам гулистон.

Битта одам нимаси – издиҳомда бутун бошли оломонни тилини қисиб қўйиш мумкин бобомерос мақол ё маталларимиздан бир-иккитаси пеш қилиб. Биронтаси ғинг деб кўрсинчи - “сен асрлардан бери сақланиб келаётган миллий маданиятимизни инкор қиляпсанми?” дея сиёсийлаштирворамиз масалани. Қани, қўрқмай кўрсин-чи...

“Сўз кўрки мақол, йигит кўрки соқол” деб гапимни давом эттирмоқчийдиму, соқол жонивор аллақачон ўзбек йигитлари кўрки бўлмай қолгани, аксинча, террорчисираган кимсалар учун жозиб матаҳга айлангани эсимга тушиб, тилимни тишлайман. Зеро, халқимиз топиб айтганидек, “Тилни тийган бой бўлур!” Бой бўлиш эса шу тобда ўлгудек зарур. Афанди айтганидек, ҳозир “Е, тўним, ич, тўним” замони.

Ўзи нафсиламрини айтсам, шунақа “чўпдан ҳадик қилиш” ҳам жонга тегди. Ҳар гапда “бир чўқиб, ўн қараш”дан ҳам безаркансан одам. Балки, “қўрққанга қўша кўринар” деганларидек, баъзан ўринсиз ҳадиксираётгандирман? Балки ҳаётга бошқачароқ қараб кўриш, ҳатто ўша сизу мени қисинтираётган мақолларни бироз ўзгартириш керакдир? Балки шоир айтганидек, “замон сенга боқмаса гар, сен ҳам боқма замонга” дейиш фурсати келгандир?

Умуман олганда, мақол ёки унинг талқинини ўзгартириш ҳақида айтаётиб, Америка очмаётганимни биламан. Бунгачаям олиму шоирларгина эмас, оддий одамлар ҳам ўрни келганда мақолларни ўзгартиришган. Шунақа одамлардан бири – раҳматли тоғам бировни андишасиз одам билан жанжаллашишдан қайтармоқчи бўлсалар, “Заҳарга айтганнинг бети йўқ” деб, кулиб қўярдилар. Ўйлаб кўрсам, мақолу маталларимиз шу тахлит ўзгартирилса, “юк”имиз ҳийла енгиллашиб кетаркан.

Балки сиз ҳам шу ҳақда ўйлаётгандирсиз ёки билъакс эътирозингиз бордир бу гапга?

Келинг, шу ҳақда форумлашайлик.

Бу борада айтар гапингиз бўлса, якшанба, 17 октябр куни Тошкент вақти билан 20:00 га қадар хизматингиздаман.
XS
SM
MD
LG