Линклар

Олга Павлюк: Геннадийни Қирғизистон махсус хизматлари ходими ўлдирган


Қирғизистонлик журналист Геннадий Павлюк 2009 йилнинг декабр ойида Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ўлдирилганди.

Қирғизистонлик журналист Геннадий Павлюк 2009 йилнинг декабр ойида Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ўлдирилганди.

Ўтган йил декабр ойида Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ўлдириб кетилган қирғизистонлик журналист Геннадий Павлюк қотилларидан бирининг номи ошкор бўлди. Унинг Қирғизистон махфий хизматлари ходими Алдаяр Исманқулов экани айтилмоқда.

Шу йилнинг 15 октябр куни мақтул журналист Геннадий Павлюкнинг рафиқаси Олга Озодлик радиосига эрини ўлдирганликда гумонланган икки кишидан бирининг шахси ўзига ошкор бўлганини маълум қилди.

- Мен терговчилар билан бевосита алоқада бўлиб турибман. 14 октябр куни мен Олмаотадаги терговчиларга қўнғироқ қилдим. Марат исмли терговчи қўлга олинганлардан бири айнан Қирғизистон махфий хизматлари ходими Алдаяр Исманқулов эканини тасдиқлади. У бошқа ҳеч нарса демади, фақат бу телефонда гаплашадиган гап эмаслигини, агар имкон бўлиб қолса, бошқа йўллар орқали мен билан боғланишини айтди. Уларнинг телефонда ҳеч нарса айтгиси келмаяпти, чунки телефонлар эшитилиши мумкин – уларнинг телефонлари ҳам, менинг телефоним ҳам, - дейди Олга Павлюк.

Ўтган ҳафтада Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги қирғизистонлик журналист Геннадий Павлюк ўлимига алоқадорликда гумонланмиш икки киши Олмаота ресторанларидан бирида қўлга олингани ҳақида баёнот тарқатган, бироқ уларнинг номини ошкор қилмаганди.

Павлюк ўлдирилганидан буён ўтган 10 ой давомида Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари қирғизистонлик журналистнинг ўлимига Қирғизистон миллий хавфсизлик хизмати ходимларининг муҳтамал алоқаси ҳақидаги маълумотларни зўр бериб инкор қилиб келган.

Эслатиб ўтамиз, Иброҳим Рустамбек тахаллуси билан ижод қилиб келган Геннадий Павлюк 2009 йилнинг декабр ойида Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида жойлашган кўп қаватли уйлардан бирининг 6-қаватидан ташлаб юборилган, пировардида журналист бир неча кундан сўнг шаҳар касалхоналаридан бирида жон берганди. Уни Қирғизистонда мухолифатчи ва мустақил журналистлар қаттиқ таъқиб қилинган президент Бакиевнинг авторитар бошқаруви даврида ўлдиргандилар.

Журналист қотиллари шахсига аниқлик киритиш учун Қозоғистон Ички ишлар вазирлигига қилган қўнғироқларимиз бесамар бўлди.

Айни пайтда Геннадийни ўлдирган шахслардан бири қирғизистонлик Алдаяр Исманқулов эканини таъкидлаган Олга иккинчи қотилнинг Қозоғистон фуқароси эканини, бироқ унинг исми ўзига номаълумлигини айтади. Қозоғистонда фаолият юритувчи Bnews.kz сайтининг ёзишича, қўлга олинган шахсларнинг иккинчиси Шарқий-Қозоғистонда яшаганлиги маълум, холос.

Шу йил апрел ойида Қирғизистонда бўлиб ўтган қонли воқеалар ортидан иқтидорга келган расмийлар Геннадий Павлюкни Олмаотада қирғиз махсус хизматлари вакиллари ўлдиргани ҳақида баёнот тарқатгандилар.

“Ата-Мекен” партияси раҳбари Ўмурбек Текебаев Озодликка дастлаб журналист ўлимида бир неча киши гумонланганини айтади. Текебаев тахминича, уларнинг айримлари Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик хизмати ходимлари бўлган.

Қайд этиш жоизки, аввал-бошданоқ Павлюк ўлимини журналистнинг мухолифатдаги “Ата-Мекен” партияси нашрини йўл қўйиш режалари билан боғлагандилар. Шу йилнинг март ойида партия лидери Ўмурбек Текебаев Олмаотага гувоҳ сифатида чақирилганди.

- Қозоғистонлик терговчилар менга Геннадийнинг ўлимига алоқадорликда гумонланаётган бир неча шахснинг фотосуратларини кўрсатдилар. Улар орасида мен Алдаяр Исманқуловни таниб қолдим. Кеча эса Бишкекда Павлюк ўлимига алоқадорликда гумонланиб қўлга олинганлардан бири гўё Алдаяр Исманқулов экани ҳақида хабар тарқалди, - дейди Ўмурбек Текебаев.

“Ата-Мекен” лидерига кўра, қирғизистонлик собиқ чекист Исманқулов журналист Павлюк ўлими билан боғлиқ шов-шувдан сўнг миллий хавфсизлик хизматидан бўшаб кетган. Текебаевнинг айтишича, Алдаяр Исманқулов Геннадий Павлюкни фақат “юқори”нинг буйруғига кўра ўлдириши мумкин эди.

Аснода Қирғизистоннинг “Дело №” газетаси ўтмишда Алдаяр Исманқулов ноқонуний қурол сақлаганликда айбланганию унинг устидан жиноий иш қўзғатилганини, бироқ суд уни оқлаб юборганини ёзади. Газетанинг ёзишича, ҳозирда унга нисбатан бирорта ҳам иш очилган эмас.

- Қозоғистон томони ўз материалларини тақдим этмагандан кейин Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идораларида Исманқулов устидан жиноий иш қўзғаш учун асос бўлмайди, - дейди Ўмурбек Текебаев.

Журналист Геннадий Павлюк ҳаётлик чоғида Россиянинг “Аргументи ва Факти” нашри Қирғизистондаги ваколатхонасини бошқарган, кейинроқ эса ўзининг “Белий Пароход” нашрига асос солган.

Қирғизистонда шу йил 10 октябрида ўтказилган парламент сайловлари олдидан Геннадий Павлюкка атаб қўйилган ҳайкалнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Шунингдек, “Ата-Мекен” партияси Геннадий Павлюк номидаги мукофотни таъсис этди. Мазкур мукофот “Инсон ҳақлари, сўз эркинлиги ва демократия йўлида курашдаги жасорати ва саботи учун” деб номланади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG