Линклар

Россияда муҳожирлар ҳам рўйхатга олинади


Россия давлат статистика хизмати ходимлари аҳолини рўйхатга олиш жараёнида йиғилган индивидуал маълумотлар сир сақланишига ваъда бермоқдалар.

Россия давлат статистика хизмати ходимлари аҳолини рўйхатга олиш жараёнида йиғилган индивидуал маълумотлар сир сақланишига ваъда бермоқдалар.

14 октябр куни Россияда аҳолини рўйхатга олиш бошланди. Унда Россияда ҳатто вақтинча яшаётган меҳнат муҳожирлари ҳам қайдга олинади. Лекин Россияда яшовчи ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг аксарияти бу тадбир ҳақида эшитмаганликларини айтаяптилар.

Россиянинг барча минтақаларида шу йил 14 октябридан 25 октябрига қадар аҳолини рўйхатга олиш умумроссия тадбири ўтказилмоқда. Мазкур тадбирни ўтказиш учун Россия бўйлаб 64 минг аҳолини рўйхатга олиш пунктлари ташкил этилди ва аҳолини бевосита рўйхатга олишга 650 мингга яқин кўнгилли жалб қилинди.

Ойлиги 5 минг рубл этиб тайинланган ходимлар 25 октябрга қадар одамлардан уларнинг оилавий аҳволи, туғилган жойи, миллати каби ўнлаб саволларга жавоб оладилар.

- Аҳолини рўйхатга олишда россияликлар қатори Россияда 1 йилдан ортиқ муддатга қайд этилган чет эллик меҳнат муҳожирлари ҳам қайдга олинмоқда, - дейди Россия давлат статистика хизмати матбуот котиби Григорий Симонович.

"Рўйхатга олишда Давлат статистика хизмати вакиллари билан бирга милиция ва Федерал миграция хизмати ходимлари уйма-уй юриши Росстат томонидан кўзда тутилганми?" саволига Григорий Симонович шундай жавоб берди:

- Милиция ва миграция ходимлари иштирок этиши кўзда тутилмаган. Фақатгина доимий яшаш жойига эга бўлмаган шахслар тўпланадиган жойларга ёки руҳий касалликларга эга шахсларнинг яшаш жойларига борилаётганда статистнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида милиция ходими биргаликда чиқиши мумкин. Қолган барча вазиятларда рўйхатга олувчи бир ўзи юради. У махсус ҳужжат, шарф, ҳуштак ва нишонлар билан таъминланган. Таъкидлаб ўтмоқчиманки, рўйхатга олиш тадбири бозор, корхона ёки кўча-куйда олиб борилмайди! Рўйхатга олиш фақатгина одамнинг яшаш ва қайд этилган жойи бўйлаб амалга оширилади. Россияда вақтинча яшаётганларга радионгиз орқали расман яна бир бор айтмоқчиманки, рўйхатга олишда на исми-шарифи, на ҳужжат талаб қилинади. Рўйхатга олинувчи миллати, дини, фуқаролиги ва ҳоказо маълумотларни ўз ихтиёрига кўра тақдим этади, дея маълум қилди Росстат расмийси Григорий Симонович.

Расмийнинг сўзларига кўра, Россияда расмий қайд хужжатига эга эмас муҳожирлар ноқонуний яшаб келаётган ҳисобланади ва ҳисобга олинмайди.

Жаноб Симоновичнинг айтган гаплари аҳолини рўйхатга олиш пунктларида қай тариқа бажарилаётганини билиш учун Москва шаҳрининг Ян Райнис кўчасидаги пунктлардан бирига мурожаат қилдик. Журналист сифатида рўйхатга олувчи билан уйма-уй юришга ижозат сўраганимизда пункт раҳбари Оксана Буравко шундай деди:

- Агар сизда махсус рухсатнома бўлсагина биз билан рўйхатга олиш учун рейдга чиқишингиз мумкин. Қолган барча маълумотлар конфиденциал ҳисобланади ва уларни сизга ошкора қилишга ҳаққим йўқ. Рухсатномани эса Росстатнинг марказий бошқармасида олишингиз мумкин, холос, - деди аҳолини рўйхатга олиш пункти бошлиғи.

Давлат статистика хизмати томонидан йиғилаётган маълумотларнинг барчаси конфиденциал сақланишини кафолатлаган Росстат раҳбари Суринов ҳукумат томонидан ушбу тадбирга 17 миллиард рубл сарфланганини айтди.

Айни пайтда айрим муҳожирлар улар турган уйларга рўйхатга олувчилар ташрифидан сўнг милиция ёки миграция идораси ходимлари бостириб киришлари мумкинлигини айтса, муҳожирларнинг асосий қисми бу тадбирдан ҳатто хабарлари йўқлигини айтмоқда.

Озодлик: Сизларни рўйхатдан ўтказдими-йўқми?

- Нима рўйхатдан ўтади? Қанақа рўйхат, ман тушунмаяпман-да, - дейди муҳожирлардан бири.

Бошқа бир муҳожир ҳам мазкур тадбирдан бехабар экан:

Озодлик: Россияда ҳозир аҳолини рўйхатга олиш кетаяпти...

- Ие, узр ака, эшитмабмиз, - деди Россияда тирикчилик қилиб юрган муҳожирларнинг яна бири.

Челябинск Ўзбеклар жамоаси раҳбари Маъмуржон Қодировнинг айтишича, шаҳарда аҳолини рўйхатга олиш тадбирига ҳукумат томонидан катта аҳамият берилмоқда ва унда иштирок этиш-этмаслик ихтиёрийдир. Олинаётган маълумотлар бировнинг қўлига тушишидан ҳавотирланмаса ҳам бўлади, дейди у.

- Бизга турли мошенниклар, фирибгарлар ўзларининг фойдасини кўзлаб бирорта иш қилмаслиги учун милиция ходими бириктирилиши мумкин, агарда сиз перепис ходимига ишонмасангиз. Қолган вазиятларда милиция ва миграция ходимлари юрмас экан. Саволларда қайси миллатга мансубсиз, қайси тилларни биласиз ва шу каби саволлар бор экан. Исми-фамилияси ёзилмас экан.

Озодлик: Демак, рўйхатга олишнинг қўрқадиган бирор жойи йўқ?

- Ҳеч қандай қўрқадиган жойи йўқ. "Ҳисобли дўст айрилмас", деганларидек, ҳисоблаб қўйса, ўзларининг расходларини билишга яхши, давлат билиши керак-ку – қанча аҳолиси бор, қанчаси келиб, қанчаси чиқиб кетяпти. Бу маълумотлар конфиденциалний бўлади, дейишяпти. Ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ бу маълумотларни ошкора қилишга. Фақат ўшани ёзиб олган Росстат ходимлари билади, - дейди Маъмуржон Қодиров.

Давлат статистика хизматининг тахминларига кўра, бугунги кунда Россия аҳолиси 142 миллион экани айтилмоқда, ваҳоланки, 2002 йилда бу кўрсаткич 145 млн. ташкил этган.

1991 йилда Совет Иттифоқи парчаланган пайтда мамлакат аҳолиси 148 миллион кишини ташкил этган.

Росстат аҳолини рўйхатга олиш натижаси келаси йил апрел ойида маълум бўлишини билдирди.
XS
SM
MD
LG