Линклар

Покистоннинг Карачи шаҳрида этник гуруҳлар тўқнашди


Покистоннинг Карачи шаҳри аҳолиси мамлакат парламентига ўз номзодини сайлаётган бир кезда 22 киши жонига зомин бўлган тўқнашувлар рўй берди.

Навбатдан ташқари бу сайлов Покистонда энг йирик савдо ва бизнес маркази бўлган Карачидан парламентга номзод Ризо Ҳайдар август ойида отиб кетилганидан сўнг ўтказилмоқда.У урду тилли жамоа вакили эди.

Урду тилли жамоа партияси бўлган "Мутаҳҳида Қаюмий ҳаракати" партияси Карачи шаҳрида доманант партия саналади. Унга рақиб "Авомий" миллий партияси бугунги сайловга бойкот эълон қилган.

Бу икки этник жамоа вакиллари орасида ўтган тунда содир бўлган тўқнашувлар чоғида 22 киши ўлдирилгани хабар қилинмоқда.

Рейтер агентлигига гапирган карачилик сайловчилардан бири вазиятни шундай таърифлади:

- Бугун сайлов бўлаяпти. Вазият эса ўтган тундан буён жуда қалтис. Бу тўқнашув содир бўлмаслиги керак эди. Ўтган тундан бери камида 25-30 одам ўлган, менимча, - дейди Карачида яшовчи Аҳмад Имрон.

Айни пайтда маҳаллий расмийлар ҳам вазият таранглиги, тонгдан буён сиёсий ва этник гуруҳ етакчиларига қуролли гуруҳлар томонидан бир неча бор таҳдид қилинганини айтмоқда.

Ҳодиса муносабати билан овоз бериш участкаларига ҳарбийлар ташланди.

XS
SM
MD
LG