Линклар

logo-print

15 октябр куни Тожикистоннинг Сўғ вилоятидаги Спитамен туманида истиқомат қилувчи тожикистонлик ўзбек чегарачиси томонидан ўққа тутилди. Ярадор тожикистонлик касалхонага ётқизилди. Кузатувчилар тожик-ўзбек чегарасида бундай фожеалар кейинги пайтларда тез-тез содир бўлиб турганини айтмоқдалар.

Ўтган жума чегарада содир бўлган отишма юзасидан маълумот олиш учун Тожикистон Давлат чегараларини қўриқлаш Сўғд вилоят минтақавий бўлими мулозимлари билан боғландик. Бироқ бўлим навбатчиси бундай маълумотдан бехабар эканлигини айтди. Cпитамен туман ички ишлар бўлими вакиллари эса тожик-ўзбек чегарасида отишма юз берганини тасдиқлашди.

- Дарҳақиқат, 15 октябр куни тожик-ўзбек чегарасида тожикистонлик фуқаро автоматдан яралангани ҳақида хабар келди. Шундан сўнг бу масала бўйича текширув ишларини бошладик. Айни пайтда ярадор Эркин Мирзоалиев туман марказий касалхонасида даволанмоқда, деди Спитамен туман ички ишлар бўлими навбатчиси.

Спитамен тумани Ўзбекистоннинг Бекобод тумани билан чегарадош.

Навбатчининг айтишича, Куркат қишлоғида истиқомат қилувчи Эркин Мирзоалиев ўзбек-тожик чегарасига яқин яйловда мол боқиб юрган пайтда Ўзбекистон чегарачиси томонидан ўққа тутилган.

Ўзбекистон томони иддаоларига кўра эса, Тожикистон фуқароси мол боқмаган, балки контрабанда билан шуғулланган. Ўзбек чегарачилари Эркин Мирзоалиевни чегарадан ноқонуний равишда ўтган пайтда тўхтатмоқчи бўлиб, осмонга қарата огоҳлантирувчи ўқ узганлар. Бироқ тожикистонлик бунга эътибор бермай, бор нарсасини ташлаб, Тожикистон ҳудуди томон югурган. Шундан кейин ўзбек чегарачилардан бири Эркин Мирзоалиевга қарата ўқ узган. Маълумотларга кўра, ўқ узилган пайтда Эркин Мирзоалиев Тожикистон ҳудудига ўтиб бўлганди.

Спитамен туманида истиқомат қилувчи мустақил журналист Рашид Қўзиевнинг сўзларига кўра, чегараларнинг ёпиқлиги ана шундай фожеаларга олиб келмоқда.

- Қўшни давлатлар фуқаролари биринчи навбатда тирикчилик илинжида қонунни бузишга мажбур бўлишмоқда. Зеро, Тожикистонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам аксар аҳолининг турмуши жуда оғир. Чегараолди мавзеларда истиқомат қилаётганлар учун эса савдогарлик тирикчиликнинг ягона омили ҳисобланади. Тожикистонда фуқаролар уруши даврида ҳам ўзбек-тожик чегараси очиқ эди. Ўша оғир кунларда ҳам чегараолди савдоси тўхтамаган. Ҳозир ҳар икки томон расмийлари бунга йўл қўймасликка ҳаракат қилишмоқда, дейди журналист.

Маҳаллий таҳлилчи Алижон Йулдошевнинг фикрича, икки давлат раҳбарлари ўртасидаги муносабатларда совуқликнинг сақланиб қолаётганидан бегуноҳ одамлар жабр кўрмоқда.

- Дарҳақиқат, тожик–ўзбек чегарасида юзага келаётган можаролар ҳаммани ташвишга қўймоқда. Ахир бу икки республика аҳолиси бир-бирига қоришиб кетган, қариндош-уруғ. Лекин чегарада турганлар оддий халққа автомат ўқталганини кўриб, одам ваҳимага тушади. Чегараларда юз бераётган отишмаларнинг асоси эса бориб раҳбарларга тақалади, дейди таҳлилчи.

Сўнгги пайтларда ўзбек-тожик чегарасида бундай воқеалар тез-тез юзага чиқмоқда. Жумладан, январ ойида Панжакентнинг Саразм қишлоғи ёнидаги постда ўзбек чегарачилари тожик чегарачисига автоматдан ўт очиб, ярадор қилган. Шу йилнинг феврал ойида эса тожик чегарачилари Ховос чегара постида турган ўзбек чегарачисини автоматдан отиб яралашган. Орадан кўп ўтмай, Тожикистондаги Зафаробод туманидаги чегара постида ўзбек чегарачиси тожикистонлик фуқарони автоматдан отиб ярадор қилганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG