Линклар

logo-print

Қочқинларни қутқариш қўмитаси Венада пикет ўтказмоқчи


Қозоғистон ҳибсхонасида қолаётган 29 ўзбек қочқини ҳимояси учун пикет шу йил 17 сентябр куни Европанинг бошқа шаҳарларида бўлгани каби Швейцария пойтахти Женевада ҳам уюштирилганди (тадбирни Андижон - Адолат ва Тикланиш ташкилоти уюштирган).

Қозоғистон ҳибсхонасида қолаётган 29 ўзбек қочқини ҳимояси учун пикет шу йил 17 сентябр куни Европанинг бошқа шаҳарларида бўлгани каби Швейцария пойтахти Женевада ҳам уюштирилганди (тадбирни Андижон - Адолат ва Тикланиш ташкилоти уюштирган).

Шу йилнинг 18 октябридан 22 октябригача Қочқинларни қутқариш қўмитаси Қозоғистондан Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши мумкин бўлган 29 қочқин ҳимоясига Венада пикет ўтказади. Бу ҳақда қўмитанинг матбуот варақчасида айтилган.

Мазкур пикет ЕХҲТнинг демократик институтларга бағишлаб шу йил 18 октябридан 26 октябригача ўтказиладиган анжумани ўтувчи бино қаршисида уюштирилиши режаланган.

Эслатиб ўтамиз, шу йил 9 июнидан 11 июнигача Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ўтказилмиш “Мигрант” рейди чоғида маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари элликка яқин ўзбекистонликларни қўлга олган, кейинроқ уларнинг 30 нафари шаҳар ҳисбхоналарида қолдирилганди. Қозоғистон томони тўрт ойдан буён ҳибсхонада сақланаётган бу қочқинларни Ўзбекистон Бош прокуратураси талабига кўра экстрадиция қилиши мумкинлиги Қочқинларни қутқариш қўмитасини норозилик намойишлари ўтказишга ундаган.

Аввалроқ Қочқинларни қутқариш қўмитаси Олмаота ҳибсхоналарида сақланаётган ўзбекистонлик қочқинлар ҳимояси учун 17 сентябр куни Женева, Копенгаген, Берлин, Стокҳолм, Лондон, Вашингтон, Киев ва Прага шаҳарларида, 5-7 октябр кунлари эса Варшавада норозилик акцияларини ўтказган эдилар.

Австрия пойтахтида бугун бошланажак пикетда намойишчилар Қозоғистон расмийлари БМТнинг Қочқинлар мақоми тўғрисидаги, Қийноқлар тўғрисидаги конвенциялари, Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро пакт каби ҳужжатларда акс этмиш ўз мажбуриятларини намойишкорона бажармаётганларига жамоатчилик эътиборини қаратмоқчилар.

“Биз Қочқинлик мақомини белгилаш бўйича Қозоғистон Республикаси марказлашган комиссиясининг қарорига қарши норозилик билдирамиз. Қозоғистон Ўзбекистоннинг экстрадиция бўйича талабини бажариш асносида инсон ҳақларини топташига йўл қўйиб бўлмайди”, дейилади Қочқинларни қутқариш қўмитаси мурожаатномасида.

Қўмита вакиллари “Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ҳукуматлари ЕХҲТга раислик қилаётган Қозоғистонни ўзининг халқаро мажбуриятларини бажаришга чақириши керак”, деб ҳисоблайдилар.

Шунингдек, пикет иштирокчилари айни пайтда Олмаота ҳибсхоналарида қолаётган 29 нафар ўзбек қочқини тақдирига бефарқ бўлмаган барча эзгу ниятли кишиларни уларнинг Ўзбекистонга экстрадиция қилинишига йўл қўймаслик учун қўлдан келган барча ишларни амалга оширишга чақирадилар.

Мазкур мурожаатнома остига ўзбекистонлик таниқли ҳуқуқ фаоллари имзо чекканлар.

Мавзу тафсилотлари билан кун давомида танишасиз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG