Линклар

logo-print

Бир неча йилдан буён Россия, Ҳиндистон ва Америка ҳукуматлари диққат марказида бўлиб келаётган Тожикистондаги “Айний” аэродромининг кимга насиб қилиши, таҳлилчилар фикрича, у ёки бу давлат томонидан бериладиган маблағнинг миқдорига боғлиқ бўлади.

Тожикистон ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий “Айний” ҳарбий аэродроми ижараси борасида Россиядан бошқа бирор давлат билан музокара олиб борилмаётганлигини таъкидлади.

- Биз аэродромдан фойдаланиш борасида фақат Россия билан музокаралар олиб боряпмиз. Бошқа бирор мамлакат билан бу борада мулоқотлар олиб борганимиз йўқ. Чунки Россия Тожикистоннинг стратегик ҳамкоримиз ҳисобланади. Музокаралар натижалари тугагандан кейин маълум қилинади, - деди Тожикистон Ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий журналистлар билан бўлган учрашувда.

Таҳлилчиларнинг айтишларича, аэродром атрофида давом этаётган бир неча йиллик баҳслар Душанбега расмий ташриф билан келаётган Владимир Путин сафари чоғида ҳал бўлиши мумкин.

- Тожикистон айни пайтда Айний аэродромидан ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий жиҳатдан фойда кўриши мумкин. Жумладан, Тожикистон ўз энергетик лойиҳаларида Москва дастагини олиш учун мана шу аэродромдан пишанг омил сифатида фойдаланиши мумкин. Муҳими, шу йўл билан мамлакат ўз мавқени тиклаб олиш имкониятига эга. Энди ҳамма гап Имомали Раҳмон атрофидаги маслаҳатчиларга боғлиқ, - дейди таҳлилчи Навбаҳор Ҳожиев.

Ўн йилдирки, Россия, АҚШ ва Ҳиндистон давлатлари “Айний” аэродромидан ҳарбий мақсадларда фойдаланиш юзасидан ўз истагини билдириб келмоқда. Чунончи, Россия мазкур аэродромни ижарага олиш учун жуда қулай имкониятларга эга эди. Бироқ сўнгги йилларда Россиянинг қуруқ гапдан нари ўтмаяпти, берилган ваъдаларни бажармаяпти.

Дмитрий Медведев 2008 йил кузида Душанбега келганда “Айний” аэродромидан биргаликда фойдаланиш бўйича ўз мулоҳазасини айтган ва бу борада муайян ҳужжатлар ҳам имзоланган эди. Лекин Россия ҳар галгидек амалий ишга ўтмади.

Шу боис таҳлилчилар Айний аэродромининг АҚШга ижарага берилиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмаслигини айтмоқдалар.

- Бу масалада қўшниларни ҳам, хусусан, Ўзбекистонни унутмаслик керак. Расмий Тошкент хоҳлаган пайтда яна АҚШ билан ҳамкорликни бошлаши мумкин. Зеро, сўнгги пайтларда расмий Тошкент яна Америка билан яқинлашиш сиёсатига ўтиб олган. Боз устига, Ўзбекистондаги аэродромлар ҳар жиҳатдан Тожикистондагидан устун, АҚШ ҳарбий базаларини жойлаштириш учун қулай ва қўшнилар истаган пайтда АҚШни ўз томонига оғдириш эҳтимоли бор, - дейди тожикистонлик таҳлилчи Абдуғани Мамадазимов.

Унинг сўзларига кўра, АҚШ Тожикистонга ҳар томонлама ёрдам бермоқда. Расмий маълумотлар ҳам шундан далолат беради. Жорий йил саккиз ойи давомида АҚШ Тожикистонга қарийб 70 миллион доллар миқдорида инсонпарварлик ёрдамини кўрсатган. Мана шу нуқтаи назардан олиб қаралганда, таҳлилчилар фикрича, “Айний” аэродроми Америкага берилса, айни муддао бўларди.

Душанбе шаҳридан 15 километр нарида жойлашган “Айний” аэродроми 1991 йили Тожикистонда бошланган фуқаролар уруши оқибатида фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолганди.

Жорий йил сентябр ойида Ҳиндистон “Айний” ҳарбий ҳаво аэродромини қайта тиклаб, фойдаланишга топширди. Тожикистон Мудофаа вазирлиги ихтиёрига топширилган мазкур ҳарбий аэродромнинг парвоз йўлаги 3200 метрни ташкил қилади.
XS
SM
MD
LG