Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:32

Ўзбекистонлик талабалар - Ўзбекистон "бошоғриғи" эмас!


Ўш Давлат Университетида юзлаб ўзбекистонлик талабалар таҳсил олар эди.
Ўш Давлат Университетида юзлаб ўзбекистонлик талабалар таҳсил олар эди.

Июн фожеаси туфайли 1 сентябрда янги ўқув йилини бошлай олмаган Ўшдаги 4 та олий ўқув юртида янги ўқув йили 18 октябр куни бошланди. Лекин ўзбекистонлик талабалар Ўшга боргани йўқ.

Мингга яқин ўзбекистонлик оилага бевосита алоқадор бу муаммо ўзи ечимини кутаётгани тўғрисида 27 сентябр куни гапирган эдик.

Ўшдаги олий ўқув юртларида янги ўқув йили 18 октябрда бошланишини ўшандаёқ билардик ва шунинг учун мақолани мана бундай якунлагандик:

"Ўшга қайтгиси келмаётган талабалар шу кунда Тошкентга яна бир марта мурожаат қилиб кўрмоқчи. Улар вазирликка яна хат ёзмоқчи".

Қайта-қайта қилган мурожаатларимизга жавоб бўлмади, дейди фарғоналик талабанинг отаси:

- Йўқ, расмий жавобнинг ўзи йўқ.

Озодлик: Қарийб бир ой олдин гаплашганмиз. Ўшанда жавоб йўқ эди. Ўшандан кейин нима ўзгариш бўлди.

- Ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Жавоб ҳалигача келгани йўқ, дейди фарғоналик талабанинг отаси.

Суҳбатдошимизнинг ўғли Ўш давлат университетининг тиббиёт факультетида ўқийди. Бу йил у 5-курсда ўқишини давом эттириши керак эди. Талабанинг 18 октябр куни ўқиш бошланганидан хабари бор. Лекин у Ўшга бормади.

Талабанинг айтишича, ўзи ва университетдошларининг Ўшга бормаётганига иккита сабаб бор.

Биринчи сабаб:

- Чегара берк. Ўтиб бўлмайди чегарадан. Жуда қаттиқ қилиб ташлаганда чегараларни, дейди фарғоналик талаба.

Яна бир сабаб – ота-оналарнинг ўз ўғил-қизлари Ўшда хавфсиз яшаб, ўқишига ишончи йўқлигидир.

- Чегара очилгани билан муаммони ечиб бермайдида у. У ерда яшаш керак, ўқиш керак, кўчада юриш керакку, дейди фарғоналик талабанинг отаси.

Ўшдаги ўқув юртлари талабаларидан беш-олти нафари билан гаплашдик. Улар 18 октябр куни Андижонда, Фарғонада, Наманганда эди. Ўшда эмас.

27 сентябр кунги материалимизда Тошкент Кимё-технологиялар институти, Фарғона ва Андижон давлат университетларида талабаларни кўчириш масаласини ўрганувчи идоралараро комиссиялар тузилгани, Ўшда ўқиётган талабалар ана ўша комиссияларга мурожаат қилгани тўғрисида хабар қилган эдик.

18 октябр куни Ўзбекистон Олий таълим вазирлигининг ўзини таништирмаган масъул ходими билан боғландик. Унинг айтишича, биз айтган комиссиялар Қирғизистонда ўқиётган талабалар учун махсус тузилган комиссиялар эмасди.

- Ўқишни кўчириш, тиклаш, бошқа бир масалалар бўйича ҳар йили махсус комиссия тахминан июн ойининг охиридан 5-10 августгача ҳужжат қабул қилади. Фақат Ўшдаги воқеалардан кейин эмас. Бу ҳар йили. 100 йилдан бери десак ҳам бўлади қўпол қилиб айтганда. Масалан Нукусдан Тошкентга, Тошкентдан Бухорога, Бухородан Тошкентга, кимдир оилавий шароитга кўра ҳаммасини бир йилда бир марта кўриб чиқилади. Шунинг учун шу комиссия тузилади.

Озодлик: Жуда кўп талабалар билан гаплашдим. Уларни Ўзбекистон Олий ўқув юртларига қабул қилишмабди. Улар ўқийдиган шароит йўқ Ўшда. Булар энди ҳозир аро йўлда қолишди. Ë Ўшга қайтиб бориша олмаяпти, ë Ўзбекистонда Олий ўқув юртларига кира олишмаяпти. Шу масала билан бирор-бир киши махсус шуғулланаяптими вазиятнинг фавқулодда эканлигидан келиб чиқиб?

- Вазият фавқулодда эканлигидан келиб чиққан ҳолда Қирғизистон ҳукумати қандайдир қарор қабул қилиб, қандайдир чоралар кўрилаëтган бўлса, айнан ўша чоралар биринчи навабатда кўрилиши керак. Биринчидан, Ўшга ҳеч ким Ўзбекистон фуқароларини юбормаган. Кимдир борган бўлса, хусусий йўли билан борган. Уларни бу ëққа ўтказиш тўғрисидаги масала умуман кўрилмаган. Бизнинг олий таълим муассасалардаги жойлар ўзи чекланган. Бирданига 1000-2000та одамни бу ерда ҳеч ким қабул қила олмайди. Қайтиб бориб ўқиши керак улар, тамом, дейди Ўзбекистон Олий таълим вазирлигининг ўзини таништирмаган масъул ходими.

Ўш давлат университети халқаро бўлими ходими Қанат Далбаев 27 сентябрдаёқ "Шаҳарда тинчлик ва осойишталик, ҳаёт ўз изига тушиб кетди", деган эди.

Хўп, Ўшда вазият барқарор бўлиб қолди ҳам, дейлик. Шу гапга ишониб, ўзбекистонлик талабалар йўлга чиқди ҳам дейлик.

Уларни тақа-тақ ёпиқ чегарадан ким ўтказади?

Таълим масалаларига оид саволга жавоб берадиган одам топиш мумкиндиру Тошкентдан, лекин чегарага оид саволга жавоб берадиган одамни топишнинг сира иложи йўқ.

Шундай қилиб, Тошкент Қирғизистонда ўқиётган ўз фуқароларининг муаммоларини ечай ҳам демаяпти, Ўшга бориб ўқишини давом эттириши учун чегарани очиб ҳам бермаяпти.

Мана шундай шароитда талабалар ечимни Россиядан излашни бошлади. Ўшда ўқийдиган фарғоналик талабалардан яна бири мана бундай деди.

- Бир нарса қиламизда энди. Бирор йил академический олиб қўйсак, тинчиса борамиз. Бўлмаса¸ Россияга перевод қиламизми. Россияга қилишнинг имкони бор экан. Болалар қилибди. Бир-иккитаси кетди ҳам. Ўқияпти ҳозир, дейди Ўшда ўқийдиган фарғоналик талабалардан бири.
XS
SM
MD
LG