Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:56

Дўстлик "қуюқлашган" сари борди-келди қимматлашмоқда


А. Дубнов: "Каримов ва Бердимуҳаммедов муносабатларини ўзаро манфаатларга асосланган прагматик алоқалар, деб атаган бўлардим."
А. Дубнов: "Каримов ва Бердимуҳаммедов муносабатларини ўзаро манфаатларга асосланган прагматик алоқалар, деб атаган бўлардим."

19-20 октябр кунлари Ўзбекистон президенти туркманистонлик ҳамкасби таклифига мувофиқ Хоразмнинг Шовот туманига туташ Тошҳовуз шаҳрида “Туркман-ўзбек дўстлиги” фестивалида иштирок этади. Бу фестивал, Ислом Каримов ва Гурбангули Бердимуҳаммедов муносабатларидаги иттифоқчиликнинг кучайиб бораëтгани аломати сифатида талқин этилмоқда.


Туркманистоннинг, асосан ўзбеклар истиқомат қилиб келаëтган Тошҳовуз шаҳри, собиқ иттифоқ ҳудудларида яқин ўн йилликларда кўзга кўринмай қолган дўстлик фестивалига ҳозирлик кўрмоқда: шаҳарнинг кўпдан асфалт ҳидини унутган йўллари асфалт кўрмоқда, бўëқ кўрмаган томлари рангга кирмоқда, чанқаб ëтган ҳовуз ва фаввораларига сув тўлмоқда; шаҳар ўз тарихида кўрмаган дабдабали меҳмонхона ва ресторанларга макон бўлмоқда. Туркманистон пойтахтидан анча олис чекка бу шаҳарга, оз эмас, кўп эмас, 500 кишилик делегацияга раҳбарлик қилиб, шахсан ўзбекларнинг юртбошиси келмоқда.

Мезбон Гурбангули Бердимуҳаммедов ҳам меҳмонлар қаршисига, туркман диëридаги юзлаб санъаткору тадбиркорлар ҳамроҳлигида қарши чиқади – иккала президент Туркман-ўзбек дўстлиги фестивалини олий сиëсий даражада бошлаб беради.

Ашхобод-Тошкент раҳбарининг туркман-ўзбек дўстлигини ҳашаматли тарзда намойиш этиши, Гурбангули Бердимуҳаммедов 2007 йили президентликка келганидан сўнг яхшилана бошлаган ўзаро муносабатлар ривожидаги навбатдаги босқич сифатида қаралмоқда.

Марҳум Сапармурод Ниëзов, 2002 йили ўзига қарши амалга оширилган суиқасд уринишида Ўзбекистон дипломатларини айблаганидан сўнг совуқлашиб кетган туркман-ўзбек муносабатларининг бугунги динамикаси, Тошкент ва Ашхобод ўртасида эски гина-кудуратлар унутилиб, соф прагматизмга асосланган алоқалар ривожидан далолатдир, дейди иккала давлатнинг мустақилликдан кейинги алоқалари тадрижини кузатиб келаëтган россиялик таҳлилчи Аркадий Дубнов.

- Шундай бўлса-да, мен бу муносабатларнинг ўзаро ишонч даражасига кўтарилганига ишонмайман. Зотан Марказий Осиë президентлари ўртасида, афсуски, ҳеч қандай ишонч бўлиши мумкин эмас, мен Каримов ва Бердимуҳаммедов муносабатларини ўзаро манфаатларга асосланган прагматик алоқалар, деб атаган бўлардим. Уларни ҳам ўзбек, ҳам туркман газини Хитойга етказувчи қувурлардаги уйқаш манфаатлар, Афғонистондек давлатга туташ бўлишдан туғилаëтган муштарак муаммолар бирлаштириб турибди, дейди Аркадий Дубнов.

Минтақадаги аксар қўшнилар билан мунсоабатлари анчагина совуқ бўлган Каримов, Бердимуҳаммедов қиëфасида ўзига янги иттифоқчи изламоқда, дейиш мумкин, деб давом этади россиялик кузатувчи.

- Афсуски, Марказий Осиë лидерлари орасида бир-бири билан иттифоқчи бўлганларни топиш қийин. Каримов Раҳмон билан ўта совуқ муносабатда бўлса, Қозоғистон президенти билан ҳам унинг алоқалари анчагина таранглигича қолмоқда. Қирғизистонда тайинли ҳукуматнинг ўзи йўқ бўлиб қолаëтган бир пайтда, Каримов учун ўзаро манфаатлар бирлаштирувчи энг яқин иттифоқчи фақат Бердимуҳаммедовдир, дейди Дубнов.

Аммо ўзбек ва туркман режимлари табиатан бир хил бўлгани ва бу репрессив режимларнин бор фикру хаëли фақат ўз барқарорлигини сақлаб қолиш, ўзини ҳам ички, ҳам ташқи эҳтимолий таҳдидлардан қўриқлаш бўлгани боис, икки президент ўртасидаги иттифоқчилик, халқлар, хусусан ўзаро чегара бўйи ҳудудларида яовчи ўзбек ва туркманлар манфаати даражасига кўчмайди, деб қўшимча қилади россиялик таҳлилчи.

Бердимуҳаммедов ҳокимиятга келганидан бери Ашхобод-Тошкент ўртасидаги муносабатларнинг тиғизлашиб, илиқлашиб бораëтгани, оддий халқ ҳаëтида мутлақ акс этмаëтир, дейди Хоразмдаги “Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилоти етакчиси Ҳайитбой Ëқубов.

- Ҳеч нарса ўзгармади. Аксинча ўтиб-қайтиш учун олинадиган божлар мана 8 долларга чиқиб кетган. Олдин 6 доллар эди. Борди-келдилар ҳам мана 3 кунга тушиб қолди. Қолаверса, Хоразмда яшайдиган туркманларнинг, Туркманистонда яшайдиган ўзбекларнинг аҳволи ҳамон яхшиланмай қолмоқда. Чунки уларнинг паспорт масаласи ҳалигача ҳал бўлмаган. Бу ижтимоий ва бошқа соҳаларда кўп қийинчиликларга олиб келмоқда. Қолаверса яна ишсизлик. Икки томоннинг яшаш шароитлари ҳали яхшиланмаган. Икки тараф учрашар экан, мана шу нарсаларни ҳам ўртага олиб яхши фармойиш ëки қарорларни қабул қилсалар, яхши бўлар эди, дейди хоразмлик фаол.

Чегаранинг нариги томонида яшаëтган туркман ëзувчиси ва тарихчиси Аманмурат Буғаев ҳам бу фикрларга қўшилади ва мисол тариқасида, туркманистонликка турмушга чиққан ўзбекистонлик келинларнинг Сапармурод Ниëзов даврида бошланган кўргуликларининг ҳамон давом этаëтганини келтиради.

- Қон-қариндошлиги 100 йиллик, қуда-андачилиги 1000 йиллик. Ҳозиргача давом этиб келаëтган миллатлараро никоҳлар тўхтагани йўқ. Ўзбекистондан Туркманистонга келин бўлиб келган қизларга Туркманистон фуқаролиги берилгани йўқ. Шунинг учун 3-4 болали аëллар кўзидан ëшини оқизиб мамлакатдан чиқиб кетаяпти. Уларнинг орқасидан эрлари ҳам чиқиб кетмоқда. Бу билан Туркманистон ҳам ишчи кучидан, ҳам ўз мутахассисларидан айрилмоқда, дейди иккала президент муҳокама қилиб, ечим топиши лозим масалалар ҳақида тўхталган туркман ëзувчиси.

Айни пайтда, ўзбекистонлик келинлар тақдири, иккала президент марҳаматига зор бўлиб қолаëтган ягона муаммо эмас, Туркманистондаги ўзбекларнинг Ниëзов даврида ëпилган мактаблари ҳам, туркман-ўзбек дўстлигини байрам қилиш учун Тошҳовузга келаëтган Ўзбекистон раҳбаридан бу борада аниқ сўз айтилишини кутишмоқда.

Ўзбек расмий нашрларининг ëзишича: “Бугунги кунда Ўзбекистоннинг турли вилоятларида 160 мингдан зиёд туркманлар истиқомат қилишади. Туркман миллатига мансуб 9 мингдан ортиқ болалар туркман тилига ихтисослаштирилган 47 та мактабда таҳсил олишади. Бу мактабларнинг 24 тасида таълим тўлиқ туркман тилида олиб борилади”.

Бу ëзилганлар ҳақиқат бўлса, Туркманистон президенти ҳам, ўз давлати ҳудудида яшаëтган ўзбекларнинг ўз тилида мактаб-маориф юритиш ҳаққини кафолатлаш учун қўлни қўлга уриши лозим бўлади. Зотан, ҳисобли дўст айрилмас, деган мақол бор иккала халқда ҳам...
XS
SM
MD
LG