Линклар

logo-print

Франция, Германия ва Россия раҳбарлари учрашувида хавфсизлик асосий масала бўлади


Франция шимолидаги Довил курорт шаҳрида Франция, Германия ва Россия раҳбарларининг икки кунлик учрашуви бўлиб ўтмоқда. Музокаралар чоғида Европанинг ўзгараётган хавфсизлик тизимида Россиянинг роли масаласи муҳокама қилиниши режаланган.

Душанба, 18 октябр куни тушдан кейин Франция президенти Николя Саркози ва Германия канцлери Ангела Меркел ўртасида юзма-юз учрашув бўлиб ўтди. Кечки пайт Франция ва Германия раҳбарлари сўзлашувига Россия президенти Дмитрий Медведев ҳам қўшилди.

19 октябр куни эрталаб ўтказилиши режаланган матбуот брифингида давлат раҳбарлари душанба кунги музокара чоғида қандай масалалари кўрилгани ҳақида қисқача маълумот беришлари режаланган.

Довил учрашуви 19 – 20 ноябр кунлари Лиссабон шаҳрида бўлиб ўтадиган саммит чоғида НАТО ўзининг келаси ўн йилга мўлжалланган янги стратегик концепциясини эълон қилишидан олдин бўлиб ўтмоқда.

Иттифоқнинг 10 йилга мўлжалланган янги концепцияси XXI асрнинг янги таҳдидлари, жумладан, кибернетик уруш, ракета ҳужуми каби муаммоларни ўз ичига олади. Ҳужжатда Россия таҳдид солувчи мамлакат эмаслиги биринчи марта қайд этилиши кутилмоқда.

Шу ой бошида НАТОнинг янги стратегик концепцияси тўғрисида маълумот берган НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен қатор масалалар, жумладан, терроризмга қарши кураш, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини яратишда Россиянинг эҳтимолий иштироки каби масалаларда Россияни “ҳамкор” дея атаган эди.

Францияда ўтказилаётган музокараларда Лиссабон учрашувидан олдин Россия билан ҳамкорликни кенгайтириш борасида келишувга эришиш масаласи муҳокама этилиши кутилмоқда.

15 октябр куни президент Саркозининг идораси Франция раҳбари “аниқ таклифлар билан НАТОнинг Россия билан муносабатини қайта бошлашни хоҳлашини, жумладан, Лиссабон саммити доирасидан ташқари НАТО-Россия саммитини ўтказишни исташини" билдирди.

Расмуссен Россия президенти Дмитрий Медведев Лиссабон саммитида қатнашиши мумкинлигини эълон қилди. Бироқ Россиянинг НАТОдаги элчиси Дмитрий Рогозин НАТОнинг ракета ҳужумидан мудофаа режаси тафсилотларини билмай туриб, Россия таклифни қабул қилишга шошмаётганини айтди.

АҚШ ва НАТО бу тизим Эроннинг ракета ҳужумидан мудофаа қилишга мўлжалланганини айтмоқда. Бироқ Россия Ғарб уни Россиянинг узоқ масофага учадиган ядровий ракеталарига қарши қўллаши мумкинлигидан ташвишда.

Франция президенти Николя Саркози ва Германия канцлери Ангела Меркел Дмитрий Медведевни бундай хавотирга ўрин йўқлигига ишонтириб, Россия раҳбарини Лиссабон саммитида иштирок этишга кўндиришга уринишлари кутилмоқда.

Довил шаҳридаги икки кунлик учрашув Россия ва Европа муносабатлари анча яхшиланган пайтда бўлиб ўтаяпти. Медведев ўз мамлакатини Ғарбга очиш ҳаракатларига бошчилик қилмоқда.

Франция, Германия ва Россия раҳбарлари сўзлашувида Россия фуқароларининг Европа Иттифоқи давлатларига визасиз сафар қилиши ҳақидаги Россиянинг истаги, шунингдек, Европа Иттифоқининг Россия билан энергетика соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш режалари муҳокама этилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG