Линклар

logo-print

Каримов Туркманистонга сафар бошлади


Гурбангули Бердимуҳамедов ва Ислом Каримов.

Гурбангули Бердимуҳамедов ва Ислом Каримов.

19 октябр куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов расмий сафар билан Ашхободга жўнаб кетди¸ деб хабар берди давлатга қарашли Ўзбекистон ахборот агентлиги.

Туркман президенти таклифига биноан амалга оширилаëтган мазкур сафар давомида икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга оид масалалар, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб муаммоларнинг муҳокама қилиниши белгиланган.

Музокаралар якунида Ўзбекистон-Туркманистон ўртасида турли соҳалар¸ хусусан иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга оид қатор муҳим ҳужжатларнинг имзоланиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича¸ 2009 йилда Ўзбекистон-Туркманистон ўртасидаги савдо айланмаси 129 миллион АҚШ долларини ташкил қилган.

Туркманистон Стратегик режалаштириш ва иқтисодий тараққиёт институти ходимлари Гўзал Мамилиева ва Ойна Қурбоновага асосланиб Регнум ахборот агентлигининг билдиришича, 2010 йилнинг саккиз ойи давомида Ўзбекистон-Туркманистон ўртасидаги савдо айланмаси 124 миллион АҚШ долларидан ошган.

Туркманистон ахборот агентликларига кўра¸ Ислом Каримов ва Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистонга туташ Тошҳовуз шаҳрида Туркман-ўзбек дўстлиги фестивалининг очилишида ҳам иштирок этади. Норасмий хабарларга кўра¸ мазкур фестивалда ҳар иккала томондан юзлаб санъаткорларнинг қатнашиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG