Линклар

logo-print

Қирғизистондаги июн фожеаси сабабларини халқаро комиссия текширади


Ўш ва Жалолободдаги июн фожеалари бўйича Қирғизистонда иш бошлаган халқаро комиссия раҳбари Киммо Килюнен бу комиссия мазкур қирғин фактларини жамлаш ва улар юзасидан конкрет таклифлар ишлаб чиқишини қайд этди.

Ўш ва Жалолободдаги июн фожеалари бўйича Қирғизистонда иш бошлаган халқаро комиссия раҳбари Киммо Килюнен бу комиссия мазкур қирғин фактларини жамлаш ва улар юзасидан конкрет таклифлар ишлаб чиқишини қайд этди.

Қирғизистонда Ўш ва Жалолобод қирғинини ўрганувчи халқаро комиссия иш бошлади. Бу ҳақда комиссия раиси Киммо Килюнен 18 октябр куни Бишкекда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

Комиссия раисига кўра, мазкур гуруҳнинг биринчи йиғилиши 14-15 октябр кунлари Хелсинки шаҳрида бўлиб ўтган. Комиссия ишини бир қатор ғарб давлатлари молиялаштирмоқда.

Июн ойида содир этилган Ўш ва Жалолобод воқеаларини ўрганувчи халқаро комиссия раиси Киммо Килюненнинг айтишича, мазкур гуруҳ уч йўналишда иш олиб боради.

- Биз бу ерда жиноий тергов ўтказмаймиз, жиноятларни тадқиқ этмаймиз. Биз июн воқеалари бўйича фактларни тўплаймиз, воқеалар қандай сабаблар туфайли содир бўлганини ўрганамиз ҳамда бундан кейин бу каби фожеалар юз бермаслиги учун қандай чоралар кўриш зарурлиги тўғрисида конкрет таклифларни ишлаб чиқамиз, - деди Киммо Килюнен.

Ўш ва Жалолободда ўтказиладиган тадқиқотга таниқли минтақашунос олима Анна Матвеева раҳбарлик қилади. Унинг айтишича, июн воқеаларидан сўнг минглаб одамлар бошқа давлатларга чиқиб кетишга мажбур бўлишган. Шунинг учун ҳам тадқиқот нафақат Ўш ва Жалолобод шаҳарларида, балки ўшлик қочқинлар бошпана олган давлатларда ҳам ўтказилади. Матвеевага кўра, июн воқеалари юзасидан маълумотлар йиғиш ишига қирғин пайтида Қирғизистонни тарк этишга мажбур бўлган фуқаролар ҳам жалб қилинади.

Унинг айтишича, Ўш ва Жалолободда Австралия, Туркия, Франция, Россия, Эстония ва Буюк Британия фуқаролари бўлган 7 нафар эксперт июн воқеаларини ўрганади.

- Гуруҳимизда қирғинларни ўрганиш юзасидан иккита тажрибали шахс бор. Улардан бири Брижжит Орбетдир. У Франциядаги олий даражадаги судялардан бири. У 2005 йилги Андижон қирғинини ўрганган ва катта тажрибага эга. Иккинчи вакилимиз россиялик академик Валерий Тишковдир. У 1990 йилги Ўш воқеаларини ўрганган ва бу борада махсус китоб ҳам ёзган, - деди Анна Матвеева.

Унинг айтишича, комиссия аъзолари ҳуқуқ, социология, этнология ва антропология соҳаси бўйича етук мутахассислар ҳисобланади.

Комиссия таркибига қирғизистонлик мутахассислар киритилмаган. Халқаро комиссия раҳбари Киммо Килюнен бу ҳолат гуруҳ фаолияти холислигини таъминлайди, деган фикрда.

Киммо Килюнен, шунингдек, халқаро комиссия БМТ, Европа Иттифоқи ёки бошқа бир халқаро ташкилот мандатига эга эмаслигини, лекин мазкур халқаро ташкилотлар ва бир қатор ғарб давлатлари бу комиссияни қўллаб-қувватлаётгани ҳамда молия билан таъминланаётганини айтиб ўтди:

- Биз БМТ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Европа Иттифоқи ёки МДҲга қарам бўлган комиссия эмасмиз. Аммо бу ташкилотлар бизнинг фаолиятимизни қўллаб-қувватламоқда. Бундан икки ҳафта аввал Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги БМТ Бош котибига бизнинг комиссиямиз Қирғизистонда иш бошлаши мумкинлиги тўғрисида мактуб жўнатган. Комиссиямиз фаолиятини эса Дания, Швейция, Норвегия ва Финландия давлатлари молиялаштирмоқда, - деди Киммо Килюнен.

Айтиб ўтиш лозимки, Ўш ва Жалолобод воқелари юзасидан халқаро текширув ўтказиш ташаббусини биринчи бўлиб Скандинавия давлатлари - Дания, Швейция, Норвегия ва Финландия кўтариб чиққан эди.

Халқаро комиссия раҳбари Киммо Килюненнинг айтишича, мазкур гуруҳ 2011 йилнинг феврал ойида ўз ҳисоботини жамоатчиликка тақдим этади.

Қирғизистон жанубидаги қирғин сабабларини ўрганувчи халқаро мустақил комиссия таркиби:

Киммо Килюнен – Финландиядан, комиссия раиси. Фин Республикаси парламенти аъзоси, ЕХҲТ парламент ассамболеясининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили.

Филипп Алстон – Австралиядан, Ню Йорк университетининг ҳуқуқ профессори, БМТнинг судсиз қатл этишлар, адолатли суд бўлмагани оқибатида қатл этишлар ва ўзбошимчалик билан қатл этишлар бўйича собиқ ҳисоботчиси.

Яқин Эртурк – Туркиядан, Яқин Шарқ техник университетининг социология профессори, БМТнинг аёлларга нисбатан зўравонликлар бўйича собиқ ҳисоботчиси.

Брижжит Орбет - Франциядан, Париж аппеляция суди судяси, қочқинлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни ҳимоя қилиш бўйича Франция Бошқармаси Бош котиби.

Рейн Мюллерсон – Эстониядан, Таллин Ҳуқуқ Академияси президенти, Эстония ташқи ишлар вазирининг собиқ биринчи ўринбосари, БМТнинг Марказий Осиё бўйича собиқ ҳудудий маслаҳатчиси.

Валерий Тишков – Россиядан, Россия Этнология ва антропология институти директори, Россия Фанлар Академияси академиги.

Ролф Заклин – Буюк Британиядан, Тимор-Лештидаги тўқнашувлар бўйича халқаро мустақил махсус комиссия аъзоси, БМТ Бош котибининг юридик масалалар бўйича собиқ ўринбосари.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG