Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:30

Хоманаий Қум шаҳрига борди


Оятуллоҳ Али Хоманаий Қумда минглаб тарафдорлари олдига чиқди.
Оятуллоҳ Али Хоманаий Қумда минглаб тарафдорлари олдига чиқди.

Эрон олий руҳоний етакчиси 19 октябр куни Қум шаҳрига борди. Айни пайтда, эронликлар орасида Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг шиалар учун муқаддас ҳисобланган шаҳарга сафари сабабларига оид турли миш-мишлар тарқаган.


Оятуллоҳ Али Хоманаий шиаларнинг муқаддас Қум шаҳрига охирги марта борганига бир йилдан ошди. Эрон Олий руҳоний етакчисининг Қумга ташрифини баъзи кузатувчилар унинг путури кетган обрўсини тиклаш учун уриниши ўлароқ баҳоламоқда.

2009 йилги президентлик сайловидан кейин юзага келган тартибсизликлар эронликлар нигоҳида Хоманаийнинг мавқеи ва легитимлигига анчайин зиён етди. Эрон ҳокимиятидаги парокандалик кўзга ташлана бошлагач, ёқалашаётган сиёсатчилардан устун бўлиши лозим бўлган қудратли ва адолатли олий руҳоний етакчи сифатида унинг обрўйига жиддий путур етди. Ҳатто баъзи норозилар очиқчасига уни диктатор, деб аташгача борди.

Парижда муҳожиратда яшаётган таҳлилчи ва диншунос олим Муҳаммад Жавад Акбарайн Озодлик билан суҳбатда, Қум шаҳрига махсус уюштирлагн сафари воситасида Оятуллоҳ Али Хоманаий олий етакчи сифатида ўз салоҳиятини тиклашга уринмоқда деяётганлардан бири.

- Сиёсий ва ижтимоий легтимлиги таҳдид остида қолган етакчи ўзининг диний легитимлигини фақатгина Қум шаҳрида ва уламолар орасида тиклай олиши мумкин. У одамларга Эронда диннинг маркази ҳисобланган Қумда ўзига яраша обрўйи сақланиб қолганини намойиш қилиши керак, дейди таҳлилчи.

Ана шу нуқтаи назардан Хоманаийнинг нуфузли уламолар ҳамда ҳокимият доираларидан узоқлашаёзган сиёстачилар билан алоқаларни яхшилашга ҳаракат қилишини кутиш мумкин.

Хоманаийнинг Қумга сафарини сайловдан кейинги намойишларни куч билан бостирган режимни очиқ танқид қилиб келган уламоларни қўрқитишга уриниш, деб баҳолаётган таҳлилчилар ҳам йўқ эмас.

Ўтган йилги сайлов олди кампаниясида мухолифат етакчиси Мирхусайн Мусавийни қўллаб-қувватлаган журналист Сирожиддин Мирдомодий олий етакчининг бу уринишлари натижа бермайди, деган ишончда.

- Ҳокимият вакиллари таҳдид тили билан гаплашишга ўрганиб қолган, улар бировни кўндира оладиган муроса тилида гаплаша олмайди. Ана шу маънода таҳдид қилиш нуфузли уламолар ва исёнкор сиёсатчилар билан тил топшишнинг самарали усули эмас. Балки бу йўл билан уларнинг овозини учиришга муваффақ бўлишар, лекин Хоманаий билан муроса қилишларига эриша олмайдилар.

Кейинги ойларда Эрон ҳукмдорларини танқид қилиб келган нуфузли уламолар, жумладан Оятуллоҳ Юсуф Санаий ва Оятуллоҳ Али Муҳаммад Дастғойиб ҳукумат-параст кучларнинг босимига учарб келаётган эди. Жорий ой бошида уларнинг овозини учириш чораси сифатида Интернет саҳифаларига тўсиқ қўйилди.

Хоманаийнинг сафари олдидан ўзини “Қум уламолари ва мударрислари”, деб атаган гуруҳ Оятуллоҳ Али Хоманаий Қумга ўз “маржайати”, яъни кундалик ҳаётдаги қонун-қоидаларга оид фатволар чиқариш ҳуқуқини тасдиқлаш учун келмоқда, мазмунидаги очиқ хат эълон қилди.

Мазкур гуруҳ Эрон олий руҳоний етакчиси билан учрашиш Эрон ҳукмдорларининг жиноятларини маъқуллаш билан баробар бўлиб, Қуръони Каримнинг исломий талқинига зид бўлишидан огоҳлантирди.

Мухолифат Интернет сайтларининг хабар қилишича, Қумда Хоманаийнинг минглаб расмлари аҳоли орасида тарқатилмоқда ва дўконлару жамоат биноалри деворларига ёпиштирилмоқда.

Оятуллоҳ Али Хоманаий тарафдорлари унинг Қумга ташрифини мамлакатда бирдамликни кучайтирадиган “тарихий” ва “муҳим” воқеа, дея таърифламоқда. Қум Жоме масжидида Жума Намозига имомлик қиладиган Сайид Муҳаммад Саидий Хоманийни Қумда кутиб олиш Имом ал-Маҳдийни қаршилаш билан баробардир, дейишгача борди.

Айни пайтда, танқидчилар Хоманаийнинг ташрифига тайёргарликни қиролга тож кийдириш маросимига таққослаб, қораламоқда.
XS
SM
MD
LG