Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:25

"Миллий ўзликни англаш" ёҳуд биродарлик ҳақида ўйлар...


Бир дастурхон атрофига йиғилган ўзбекларнинг гурунги одатда "қаердансиз", деган саволдан бошланади.
Бир дастурхон атрофига йиғилган ўзбекларнинг гурунги одатда "қаердансиз", деган саволдан бошланади.
Устозим бир куни савол бериб қолдилар.

- Қани, дўстим, айтингчи, Ўзбекистондан ўнта ўзбек бир жойга йиғилса бири-бирига берадиган биринчи саволи нима?

Мен ҳам ўйланмасдан жавоб қайтардим.

- Албатта, “Қаердансан?”, деб сўрайди.

- Яшанг!

- Хўш, битта вилоятдан ўнтаси йиғилса қанақа савол беради?

- “Қаердансан?” саволи...

- Ана! Бу ёғини ўзим айтай-қўяй... Битта қишлоқдан ўнтаси йиғилса маҳаллаларга бўлинади, битта кўчадан йиғилса бурчакларга ажралади!

Мен билан савол-жавобдан кейин у менга қараб “Демак биз ЎЗБЕК сифатида бирлашмабмиз-де?!”, деди. Билмадим, у хулоса қилдими ёки менга яна савол бердими...

Бу гапга ҳам 17 йил бўпти...

Дарҳақиқат, бировга таъриф бераётганимизда албатта унинг қаердан эканлигини беҳосдан қўшиб қўямиз. “Ҳа бу Хоразмдан”, “Қашқадарёлик экан”, “Тошканлимисиз?”...

“Қаерликсиз?” саволига берилган жавобга албатта “Ҳа, тушунарли”, деган хулоса чиқарилади. Негадир бу "таржимаи хол"га тегишли бўлган маълумот жуда муҳим ҳисобланади ва кейинчалик бу шахснинг ижобий ёки салбий ҳислатларидан бирига изоҳ сифатида талқин қилинади. Негалигини ҳеч ким билмайди, чин пионер сўзим!

Мен кўп маротаба “Ҳа, бу бегонада, ...... ҳеч қачон дўст бўлмайди”, сўзларига гувоҳ бўлганман. (Кўп нуқта ўрнига – тошкентлик, водийлик, сурхандарёлик, қашқадарёлик, наманганлик, бухоролик ва ҳок. қўйилади)

Биз ҳоҳлаган одамни шевасига, ранги-рўйига, юз тузилишига қараб, ажратиб берамиз. Бундай четдан назар солсангиз ғирт... миллатчилик ва ирқчиликку! Ие, битта миллат ичида миллатчилик ҳам бўлиши мумкинми, деган ўринли савол беришингиз мумкин...

Эсимда, қўшни қишлоққа тўйга бориб, албатта муштлашмасдан қайтиб келсак ҳисобга ўтмас эди. Мабодо бизнинг қишлоқдаги тўйда “элат”ларни (биз уларни “элат” деб чақирардик, улар бизни “мажор” дерди) кўриб қолсак, албатта уларни қўвиб солишни ўзимиз учун "фарз", деб билар эдик.

Ҳар бир қишлоқда қўшни қишлоқликларнинг ахмоқлиги тўғрисида ҳангомалар юради. Кулгилиси, айнан шу ҳангомалар қўшниларда ҳам бор! Шу даражага етган эдики, қўшни қишлоққа қиз бериб-қиз олинмас эди. Фарқимиз бор-йўғи битта эди: биз “вотти”лардик, улар “япти”ларди!

Қани айтингчи, қайси вилоят ўз лақабига эга эмас?! Уларни эслатишнинг ҳожати ҳам бўлмаса керак...

Тасаввур қилинг, агар бир миллатда шунчалик адоват кучли бўлса, бошқа миллат вакилларидан нимани кутиш мумкин?... Лекин биз гапирамиз!

Бу гапни нимага бошлаган эдим, ўзи? Ҳа! Бир қизиқ кузатишимни ўртоқлашмоқчиман...

Қизиғи, бу касаллик (касаллик бўлса керак-де?) нафақат бизга теккан экан, хурсанд бўлинг! Тожикларда кўлоблик, хўжандлик, тоғли бадахшонлик, қирғизларда ўнг қанот, сўл қанот, “ичкилик” ёки “ташқилик”, “шимоллик”(тундуқ) ва “жанублик”(тушдуқ); қозоқларда жузларга, эндиликда “шимолий” ва “жанубий” қозоқларга ажратилар экан...

Бу касаллик деярли барча халқларга тегишли. Русларда эса сўнгги йилларда қанчалик миллий бирлик ҳисси юксалса, шунчалик миллатчилик руҳи авж олаётгани кузатилмоқда. Инсоният душмансиз яшай олмайдими?

Агар душман бўлмаса, биз “душман қиёфасини” яратамиз. Совет тузуми ягона “совет миллатини” яратишга киришди. Лекин Шўролар интернационал биродарликни эълон қилган бўлса-да, ўзбек, тожик, қозоқ, қирғиз бўлиб яшаш айна шу даврдан бошланди.

Жаҳл устида “Э, сарт!” ёки “Э, қозоқ!”, деб қўярдик. Ниҳоят, “елкамизга офтоб тегди”, яъни мустақил бўлдик. Елкамизга қуёш тегишини кутавериб каллаю ўпкаларимизни шамоллатиб қўйганга ўхшаймиз!

Биринчи қилган ишимиз - чегараларни ёпдик, “миллий ғоя”ни ярата бошладик, тилимизни ўзга иборалардан тозалашга тушдик... “Цивилизация” сўзини “тамаддун”га алиштирдик (биринчиси лотинча, иккинчиси арабча?!), ўзимизнинг “миллий” тарихимизни яратдик (Амир Темур ўзбек бўлганми йўқми!?). Кимнинг маданияти ва миллати қадимроқ, қабилидаги пойгани бошладик.

1983 йилда Тошкентнинг 2000 йиллигини нишонлаган бўлсак, шаҳарнинг 2200 йиллигини 26 йилдан кейин нишонладик. Математика “фанлар қироличаси”, деган гап бекор гап! Тожиклар бир кунда “орийларга” айланиб, “орийлар маданиятини” яратмоқда, “демократия” яратишга киришган қирғизлар миллатчиликнинг энг тубан кўринишларини намойиш этмоқда, туркманлар бири-биридан “ақлли”, “Қуёшли” президентларни танлаш билан овора. “Уезжай свой Россия!”, “Бу менинг ерим, сан ким?”, деган қичқириқлар модага кирди.

“Ўзбекларга нима бўляпти?”, деб ўринли савол берибди шоир. Нимадир фақат ўзбекларда эмас, бошқа миллатларда ҳам авжида... Ёш болалар уришиб қолса, “Сан манга сув бермасанг, ман вагонларингни ўтказмайман!”, деб жанжаллашади. Миллатчилик “титул миллатчилик” босқичига ўтди.

Бир саволга жавоб излашга уриниб кўрсанг, бошқа саволларга кўмилиб қоласан... Нега ҳар қайси ҳодисада одамзот айбдор қидиришга уринади ва албатта кимнидир айбдор деб эълон қилади, фақат ўзини эмас? Нега воқеаларни биз оқ ёки қора рангга бўяймиз: бошқа ранг ишлатсак бўлмасмикан? Энг катта касаллик бизнинг каллаларимизда эмасми? Бу вирус бизнинг қонимизга сингиб авлодларимизга “мерос” бўлиб қолмаяптимикан? Қачон биз бирлашамиз?
___________

Қизиқ, буюклардан бири миллат - бу ўз аждодлари билан фахрланадиган ва қўшниларидан нафратланадиган одамлар жамоасидир, деган экан. У бу гапни ҳазиллашиб айтган...
XS
SM
MD
LG