Линклар

Туман биттаю муносабат ҳар хил

  • Барно Анвар

Ногиронлиги шунлоқ ҳам кўриниб турган ўзбекистонликларни қайтадан текширувдан ўтказиб уларни ногиронлик нафақасидан маҳрум қилиш кейинги пайтларда одатий тус олмоқда.

Ногиронлиги шунлоқ ҳам кўриниб турган ўзбекистонликларни қайтадан текширувдан ўтказиб уларни ногиронлик нафақасидан маҳрум қилиш кейинги пайтларда одатий тус олмоқда.

Озодликка қўнғироқ қилган ургутлик суҳбатдош ўзи яшаётган туманда ер адолатли тақсимланмаётгани, бошқа қишлоқларда одамларга ер берилаётган бир пайтда ўз қишлоғида одамлар парча ерга зор бўлиб ўтирганидан шикоят қилди.


"Туман ҳокими адолат қилмаяпти"

Самарқанд вилоятининг Ургут туманидан телефон қилган ва ўз исмини таништиришни истамаган тингловчимиз уй-жой учун бериладиган ер участкалари масаласида маҳаллий ҳукумат чеклов қўяётганидан норози бўлди.

Бу тингловчига кўра, айни пайтда, чеклов ҳамма ҳудудлар учун бирдай қўлланилмаяпти.

- Тўртта келиним бор. Уй-жой масаласида қийналаяпман. Туман ҳокими сувли ерлардан мумкин эмас, деб қарор чиқарган.

Озодлик: Сувли жой деганингиз суғориладиган, экин экса бўладиган жойларда-а?

- Ҳа. Мен яқинда бизга қўшни қишлоққа тўйга бориб қолдим. У ерларда бемалол фермерлар ерларини сотиб, талон-тарож қилишаяпти.

Озодлик: Экин экиладиган ерларини уй-жой учун сотишаяптими?

- Ҳа. Нима учун туман биттаю, аҳвол бир хил эмас, ҳар хил?

Озодлик: Сизларга қанақа жойлардан ер таклиф қилишаяпти?

- Коттеж қурилаяпти. Нархи баланд. 65 миллион. Унга бизнинг пулимиз етмайди.

Озодлик: Сизларга қуруқ ер берилмаяптию, мана шунақа коттеж уй қурдиришга имконият таклиф қилинаяптими?

- Ҳа. Унинг нархи баланд. 65 миллион, дейди ургутлик ўзини таништиришни истамаган суҳбатдошимиз.


Ангренлик ногирон ёрдамга муҳтож

Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳридан телефон қилган биринчи гуруҳ ногирони Жўрабек Саидазимов эса шаҳар ижтимоий таъминот тизилмалари раҳбарларидан норози бўлди.

Унинг сўзларига кўра, бу мутасаддилар вилоят ҳокимлигининг буйруғини уч йилдан буён бажармай келмоқда.

- Ангрен шаҳриданман. Биринчи гуруҳ кўзи ожиз ногирониман. Ангрен шаҳри ҳокимига 3 йилдан бери “Уйимни таъмирлаб беринглар” деб мурожаат қилаяпман. Ҳалигача таъмирлаб бермайди. "Отангга бор, онангга бор" қилиб, овора қилаяпти.

Озодлик: Ўзи шунақа имтиëзингиз борми? Улар уйингизни таъмирлаб бериши керакми?

- Ҳа. Мана Тошкент вилоятининг ҳокими Рустам Холматов буларга “Таъмирлаб бер” деб буйруқ берган. Келиб уйимни ҳам кўрган. Мана бу ердагиларга буйруқ бериб кетган. Булар “хўп” деб ваъда берадию, ҳоким кетгандан кейи яна ўзининг ҳолига тушади. Битта ўзимман. Ўғлим билан қизим бор. Уларни ишга жойламайди. Олдимизда янги Ангрен ГРЭСи бор. Бир-икки мурожаат қилиб чиқсам, “300 минг бер, 400 минг бер, кейин ишга оламиз” деб пора сўрайди. Мен битта нафақага яшайман. Аëлим иккинчи гуруҳ ногирони руҳий касал бўйича. Шунга сизлардан ëрдам бўлиб қоладими, деб қўнғироқ қилган эдим-да.

Озодлик: Болаларингиз ўқиганми? Касб-ҳунари борми?

- Ўғлим ўқимаган. Қизим коллежни битирган бухгалтерияни. Соҳаси бўйича иш йўқ. ГРЭСга чиқсак, пора сўрайди. Пора берганлар ишга кириб кетади, бизга ўхшаган камбағаллар орқада қолиб кетаяпти, дейди Ангрен шаҳридан телефон қилган биринчи гуруҳ ногирони Жўрабек Саидазимов.


"Мени шифокорлар ногирон қилди"

Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманидан телефон қилган ва 1-гуруҳ ногирони бўлган яна бир тингловчимиз Қаюм Халилов туман соғлиқни сақлаш бўлими ва шифохоналаридан норози бўлиб, телефон қилаётганини айтди.

- Ўзимизнинг туманимиздаги соғлиқни сақлаш тизимида ишлайдиган оғайнилардан жуда ҳам норозиман. Биринчи гуруҳ ногирони бўлиб қолишимга асосан сабабчи мана шулар. 25 йилдан бу ëғига мен сахарний диабет билан касалланган эдим. Йилнинг бошидан Самарқандга бориб беш ой қатнаб, кўзимни даволатиб келдим. Профессор даволаб айтдики, "энди қон босимингни кўтармасанг, сахарингни кўтармасанг, шундай юрасан", деди. Мен келгандан кейин бу ерда булар менга икки кун инсулин бермади. Кўзимнинг орқасидаги қон томирлар ëрилиб, биратўла кўр бўлиб қолдим. Рўйхатда турамизку биз. Бизларга амбулаториядан бериши керак эди. Бунисини қўйинг. Қондаги қанд миқдорини ўлчайдиган дори келтиришмайди. Билмадим, қандай қилиб бундай масъулиятсиз одамларга тумандаги шунча одамларнинг соғлиғини топшириб қўйибдилар.

Озодлик: Қаюм бува, хабар олиб турадиган бола-чақаларингиз борми?

- Битта ўғлим билан бирга тураман. Сиздан битта илтимосим. Мана шу уйда қолганимни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Олий советининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига етказсангизлар имконларингиз борича. Мана шу ерда бир бобой кутиб ëтибди-да ўлимини ва ўшаларни. Қани ўлимим олдинроқ келадими ëки булар келиб хабар оладими мендан, дейди Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманидан телефон қилган ва 1-гуруҳ ногирони бўлган яна бир тингловчимиз Қаюм Халилов.


"Фермерлар давлатнинг батрагига айланган"

Яна бир тингловчимиз эса сурхондарёлик, асли олий маълумотли, тарих фани бўйича ўқитувчи бўлган Алишер ака.

У собиқ совет тизими тарқалиши арафасида касби бўйича ишини йўқотган ва шундан сўнг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тайёрлаш корхонасида ишлаган.

Совет тизимида бундай корхоналар “заготконтора” дейиларди ва ҳамиша иш қайнайдиган жой бўларди, дея хотирлаган Алишер ака ҳозир шу ишдан ҳам мосуво бўлиб, қурилишда бетон қоряпти.

- Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини топширардик. Давлатга топширардик.

Озодлик: Сиз қайси конторада ишлагансиз?

- Сурхондарë заготконторасида.

Озодлик: Мустақиллик даврида ишлаганмисиз ëки совет давридами?

- Мустақиллик даврида. Совет даврининг охирларини озгина кўриб қолдик.

Озодлик: Ҳозир борми у контора?

- Йўқ, контора тугаб кетди. СССР тарқагандан кейин заготконтора ҳам ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетди спрос бўлмагандан кейин. Фермерлар давлатнинг қули, батраги бўлиб қолди. Қандай план берса, шуни бажариб бераяпти-ку. Масалан, пахта деса пахта, ғалла деса ғалла.

Озодлик: Пахтани пахта пунктига, ғаллани ғалла пунктига топширади. Қора экин экаëтган фермерлар қаëққа топшираяпти?

- Ундай экин экишга ҳозир рухсат йўқ. Фақат катта шаҳарларнинг атрофида бир-иккита катта колхоз-совхозларда бор. Масалан, Тошкент йиғиштириб бераяпти Самарқанд учун, Бухоро учун. Қолганлари фақат пахта, ғалла.

Озодлик: Озми-кўпми қора экин экилаëтган жойда заготконтора сақланиб қолганми?

- Менимча, номига бор. фақат қоғозда. Бирга ишлаган одамларни кўрдим. Буларнинг ҳаммаси бошқа ишнинг бошини тутган, кимдир бизнесда, кимдир киракашлик қилаяпти. Тақдир тақозоси билан мана олий маълумотли одам бетон қориб юрибман, дейди тарих фани бўйича ўқитувчи бўлган Алишер ака.

************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG