Линклар

logo-print

Орзуларга хизмат қилмаётган "туркман-ўзбек дўстлиги"

  • Садриддин Ашур

"Туркман-ўзбек дўстлиги" 19 йилдан бери икки давлат ҳукмдорлари ўзаро манфаатли "дўстлиги" бўлиб қолмоқда.

"Туркман-ўзбек дўстлиги" 19 йилдан бери икки давлат ҳукмдорлари ўзаро манфаатли "дўстлиги" бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов расмий сафар билан 19 октябр куни Ашхободга борди. Ўзбекистон раҳбари қўшни давлатга ташрифи доирасида Хоразмнинг Шовот туманига туташ Тошҳовуз шаҳрида "Туркман-ўзбек дўстлиги" фестивалининг очилишида ҳам иштирок этди.


Тошҳовуз шаҳрида абадий дўстлик, ўзаро ҳурмат-эътибор ҳақида баландпарвоз шеърлар ва қўшиқлар янграб турган бир пайтда кузатувчилар, Туркманистонда яшаётган ўзбекларнинг миллий ҳуқуқлари камситилаётгани, ўз она тилида таълим олиш имконидан маҳрум бўлгани ва виза тартиби жорий қилинганлиги боис борди-келди тобора қийинлашиб бораётганидан гапирмоқдалар.

Ўн тўққиз йилдан буён оддий ўзбек ҳам, оддий туркман ҳам муносабатлар собиқ иттифоқ давридагидек яхши, борди-келди эркин, ўз она тилида ўқиш бемалол бўлишини орзу қилади. Туркманистон президентининг Ўзбекистонга ёки Ислом Каримов Туркманистонга ташрифлари ва ўзаро абадий дўстлик ҳақидаги баландпарвоз баёнотлар бу орзуларнинг ушалишига ҳисса қўшганича йўқ.

Тошҳовузда, ўзбеклар муқим яшайдиган туркман шаҳрида 19 октябр куни деярли унутилиб кетаёзган "Туркман-ўзбек дўстлиги" фестивали ўтказилди. Унда икки давлат президентлари ҳам иштирок этди.

Дўстлик ҳақида жарангли қўшиқлар ижро этилаётган бу кунда, ўзбекистонликлар ҳам, туркманистонликлар ҳам икки туркий халқ дўстлигини ҳақиқий тараннум қилиш учун, авваламбор бу дўстликка ярашадиган пойдевор яратилишини исташади.

Чегараларда виза тартибининг жорий қилингани, Туркманистондаги ўзбек мактабларининг ёпилиб кетгани, ҳатто ўзбек келинлар расмий рўйхатга олинмай мамлакатдан ҳайдаб чиқарилгани сингари муаммолар ҳал қилинмай туриб "Дўстлик" фестивалининг ўтказилаётгани келинга ярашмайдиган сепни кўз-кўз қилишга ўхшайди, дейди Австрияда яшаётган Туркманистон “Республика” мухолиф партияси раҳбари Нурмуҳаммад Ханамов.

- Албатта, Ислом Каримовнинг Туркманистонга келиши бу катта воқеа. Мен қўшни давлатлар дўстона муносабатларда бўлиши тарафдориман. Бироқ президентлар қатнашаётган дўстлик фестивалидаги бу “дўстлик”ка ишониш қийин. Чунки Туркманистонда миллий озчиликнинг манфаатлари поймол қилиняпти. Масалан, ўзбек мактаблари, ўзбек тилидаги газеталар ёпиляпти, телекўрсатувлар, радиоэшиттиришлар тўхтатилган. Чегараларда виза тартиби жорий қилинган. Менинг назаримда, икки давлат раҳбарлари бу муаммоларни жуда яхши билади, бироқ улар гўё бу ҳолатларни билмагандек, дўстлик ҳақида жар солиб гапиради. Уларнинг асосий мақсадлари сиёсий ва иқтисодий лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга қаратилган, холос, дейди Туркманистон “Республика” мухолиф партияси раҳбари Нурмуҳаммад Ханамов.

Турман мухолифатчиси тилга олган иқтисодий лойиҳалар икки давлат раҳбарлари учун бошқа муаммоларга нисбатан муҳим эканлигини тошкентлик сиёсатшунос Малик Абдураззоқ ҳам таъкидлаб ўтди.

- Туркманистон билан Ўзбекистонни энергетик муаммолар бирлаштиради. Чунки Ўзбекистон азалдан Туркманистондан нефт хом ашëсини нефт маҳсулотига айлантириш учун сотиб олади. Иккинчидан, Ўзбекистонни сув масаласи бўйича Туркманистон қўллаб-қувватлайди. Потенциал жуда катта иттифоқчиси ва ҳамкори бўлиши мумкин Қозоғистондан ташқари. Чунки Қирғизистон ҳудудида бўлаëтган гидроэнергетик қурилмалар иқтисодий ва ижтимоий истиқболликни тўхтатиб қўйиши мумкин ва Марказий Осиëда экологик мувозанатга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шунинг учун Туркманистоннинг елкаси Ўзбекистон учун керак, дейди Малик Абдураззоқ.

Сиёсатшунос фикрича, Туркманистон Эронга чегарадош бўлганлиги учун ҳам, Ўзбекистоннинг Эрон орқали катта океанга чиқиш имкони бор ва шунинг учун ҳам Туркманистон билан яхши муносабатда бўлишга ҳаракат қилади.

Ўзбекистонлик мустақил таҳлилчи Камолиддин Раббимов фикрича, ҳақиқатан ҳам туркманбоши Сапармурод Ниёзов даврига нисбатан ҳозир икки давлат ўртасидаги муносабатлар илиқлашган, бироқ буни тўлақонли ҳамкорлик деб бўлмайди.

- Менинг назаримда Туркманистон кўп сонли бўлган Ўзбекистонга ҳадиксираб қарайди. Лекин сиëсий элиталар, ҳокимият, элита десак нотўғри бўлар, балки айнан президентларнинг ўртасидаги шаклланаëтган муносабатнинг бир қанча параметрлари мавжуд. Туркманистон борган сари Набукко лойиҳасига хайрихоҳ бўлиб бораяпти. Бундан Ўзбекистон манфаатдор, лекин очиқдан очиқ айтмайди. Россияни четлаб ўтувчи ҳар қандай лиойҳа бўлар экан унга Ўзбекистон қизиқиш билан қарайди. Лекин бу тўғрисида очиқдан очиқ ҳозирча гапираëтгани йўқ, унга қарши ҳам чиқаëтгани йўқ.

Иккинчидан, балки сув масалаларида ҳам сув олувчи давлатлар сифатида, яъни Амударëнинг пастки ўзанида жойлашган давлатлар сифатида балки булар мана шу учрашувдан позицияларни қиëслаб кўриш мақсади ҳам тургандир, дейди Камолиддин Раббимов.

Таҳлилчи фикрича, Марказий Осиёдаги мамлакатларидаги этник озчиликларнинг узоқ йиллар давом этиб келаётган муаммоларни президентлар гўёки кўрмаётгандек, ўзаро учрашувларда уларни четлаб ўтишда давом этмоқда.

- Марказий Осиëнинг беш республикасида ҳам бир сиëсат кетаяптики, имкон қадар этник масалада қўшни давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик ва ичкаридаги этник гуруҳларни имкон қадар ассимиляция қилиш сиëсати кетаяпти. Бу Ўзбекистонда ҳам мавжуд, Қозоғистонда ҳам, Тожикистонда ҳам, Туркманистонда ҳам, Қирғизистонда ҳам мавжуд. Шу сабаб Ўзбекистон бу нарсага анча бемалол қарайди. Лекин мана шу авторитар сиëсат эртами-кечми қайта кўриб чиқилади. Чунки глобаллашув шароитида шу пайтгача амалга оширилмаган ассимиляция бундан кейин амалга ошмаса керак. Бундан ташқари ҳар бир давлатнинг маданий ресурслари мутлақ ҳар хил. Туркманистон этник ўзбекларга, ўзбек мактабларига бўлган носамимий ëки хавотирона сиëсати менимча, 10-20 йилдан кейин қайта кўриб чиқилади. Лекин бу сиëсий режимнинг тафаккури билан боғлиқ Ўзбекистонда ҳам, Туркманистонда ҳам ва бошқа республикаларда ҳам. Бу қачон бошланади, ким бошлайди буни айтиш жуда оғир. Бу Марказий Осиëдаги сиëсий режимларнинг ўзгариши билан боғлиқ масала, дейди сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG