Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:13

Францияда норозилик акциялари кўлами кенгаймоқда


Францияда ҳукуматнинг пенсия соҳасини ислоҳ қилиш режасига қарши норозиликлар давом этмоқда. Оммавий иш ташлашлар самолёт ва поездлар қатновига, юк ташиш, почта хизмати ва ўқув муассасалари фаолиятига жиддий таъсир этди.

Қатор шаҳарларда полиция кучлари ва ёшлар ўртасида тўқнашувлар юз берди. Франция президенти Николя Саркози “муаммо яратаётганлар”ни огоҳлантирди.

- Демократик жамиятда, ҳар бир одам фикр билдириш ҳуқуқига эга. Аммо бу зўравонликсиз амалга ошиши керак, - деди Франция президенти.

Глобал молиявий бўҳрондан кейин Европа Иттифоқининг бошқа давлатлари каби Франция ҳукумати ҳам бюджет камомадини назорат қилиш чораларини кўрмоқда.

Париж ҳукумати парламентда тарғиб қилаётган муҳим масалалардан бири пенсия ёшини 60 дан 62 ёшга кўтаришни назарда тутган пенсия ислоҳотлари масаласидир.

Бироқ Саркози ҳукумати ишлаб чиққан ушбу режага қарши олти кундан бери мамлакат бўйлаб оммавий норозилик акциялари ўтказилмоқда. Хусусан, 16 октябр куни Париждаги норозилик акциясида бир миллион одам иштирок этди.

19 октябр куни 200 дан ортиқ норозилик акцияси ўтказиш режаланган эди. Ички ишлар вазирлиги куннинг ярмида норозилик акцияларида 480 минг одам иштирок этаётгани билдирди.

Нефтни қайта ишлаш заводларидаги иш ташлашлар ва норозилар йўлларни тўсиб қўйгани сабабли мамлакат бўйлаб юзлаб ёқилғи қуйиш шаҳобчаларида ёқилғи заҳираси тугади.

Германия ва Россия раҳбарлари билан учрашиш учун Германиянинг Довил шаҳрига борган президент Николя Саркози мамлакатга қайтганидан сўнг ёнилғи таъминоти қайта таъминланишини ваъда қилди.

- Ишлашни хоҳловчи одамлар бор. Улар аҳолининг жуда катта қисмини ташкил этади. Уларни бензиндан мосуво қилиш мумкин эмас. Демократик жамиятда бундай бўлиши мумкин эмас, - дея таъкидлади президент Саркози.

Бош вазир Франсуа Филлон ўз ҳукумати ҳафта охирига бориб бензин таъминоти қайта йўлга қўйилишини тахмин қилаётганини айтди.

Франция авиация ташкилоти раҳбарияти иш ташлаш сабабли 19 октябр куни Париж ташқарисидаги “Орли” аэропортида парвозларнинг ярми ва бошқа аэропортларда парвозларнинг 30 фоизи бекор қилинганини айтди.

Айни пайтда миллий темирйўл ходимлари ҳам иш ташлашни давом эттирмоқда. Париж метроси ярим қувватида ишламоқда. Ўртаер денгизи соҳлидаги Марсел шаҳрида коммунал хизмат ходимларининг иш ташлагани натижасида шаҳар кўчаларининг чети ахлатга тўлиб кетди.

Қатор шаҳарларда ёшлар ва полиция ўртасида тўқнашувлар юз берди. Лион шаҳрида полиция намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ қўллади. Ёшлар машиналарни ағдариб бирини ёқиб юборганидан кейин тўққиз намойишчи ҳибсга олинди.

Ички ишлар вазирлиги Франция бўйлаб бир ҳафта олдин норозилик акциялари бошланганидан бери бир минг 100 дан ортиқ киши қўлга олинганини маълум қилди.

Мамлакат бўйлаб оммавий норозиликлар уюштирилаётганига қарамай, Франция президенти Николя Саркози ўз қароридан ортга чекиниш истагини билдиргани йўқ. Ҳукуматнинг пенсия ислоҳотлар режаси шу ҳафтада Сенат томонидан қабул қилиниши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG