Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:37

Ўзбекистонда матбуот эркинлиги йўқлигича қолмоқда


Чегара билмас мухбирлар Ислом Каримовни матбуот душманлари рўйхатига киритган.
Чегара билмас мухбирлар Ислом Каримовни матбуот душманлари рўйхатига киритган.

Маркази Парижда жойлашган Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг матбуот эркинлиги бўйича янги ҳисоботида Ўзбекистон 178 давлатга баҳо берилган рейтингда 163-поғонадан жой олди.

Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг ўтган йилги рўйхатида Ўзбекистон 160-ўринда эди. Бу йили матбуот эркинлиги рейтингида Ўзбекистон уч поғона пастга шўнғиган.

Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг собиқ совет давлатлари бўйича раҳбари Элза Видал матбуот эркинлиги бўйича Ўзбекистондаги вазиятда яхшиланиш кузатилмаëтганини айтади.

- Бу йил мамлакатда матбуот эркинлиги борасида кўплаб қонун бузарликлар содир этилди. Шу сабабли ҳам бу йил Ўзбекистондаги матбуот эркинлиги бўйича кўрсаткичлар ёмонлашди. Сўнгги бир йил давомида журналистларга қарши жиноий ишлар, уларга қарши ҳужумлар кўплаб содир қилинди. Мамлакатда фаолият юритаётган журналистларга қарши босимлар тўхтамади. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистондаги вазият ўтган йилга нисбатан ёмонроқ. Журналистларга нисбатан муносабат ўзгармади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон рўйхатимизда ўтган йилга нисбатан пастга тушиб кетди, дейди Элза Видал.

Ўзбекистонда матбуот эркинлиги аянчли аҳволда қолаётганига яқинда икки журналист устидан ўтказилган судловлар ҳам мисол бўлиши мумкин.

“Америка овози” радиосининг Ўзбекистондаги мухбири Абдумалик Бобоев ва Россиянинг “Парламентская газета” нашри мухбири, “Vesti.uz” интернет сайти бош муҳаррири Владимир Березовскийлар ўз мақолаларида Ўзбекистонга қарши туҳмат ва ҳақорат қилганликда, айбдор деб топилди.

Ўзбекистонлик мустақил журналист Сид Янишев мамлакатда матбуот эркинлиги қолоқ даражада қолаётганини айтиб, сўнгги кунларда мустақил журналистларга қарши янги кураш кампанияси кетаётганини айтади.

- Сўнгги иккита жиноий иш, яъни икки журналист Владимир Березовский ва Абдумалик Бобоевларга қарши олиб борилган судловлардан кейин Ўзбекистонда сўз эркинлиги, умуман, матбуот эркинлиги жуда аянчли аҳволда, деб ишонч билан айтиш мумкин. Шу пайтгача ҳам Ўзбекистонда журналистлар маҳкамаларга тортилган. Лекин бугунги вазият анча даҳшатли. Авваллари айрим журналистларга ҳужум қилиб, кейин уларни ўзларини айбдор қилишар эди ёки нимадир уюштириб, жиноий иш қўзғаш ҳолати мавжуд эди. Масалан, журналист Солижон Абдураҳмоновга наркотик моддани ўзлари ташлаб, кейин уни наркотик моддага алоқадор жиноятда айблашди. Эндиликда эса журналистларни айнан уларнинг касбий фаолиятлари учун судга тортишмоқда. Яъни улар тайёрлаган мақолалари, радио орқали эфирга кетган лавҳалари учун айбдор, деб топилмоқдалар. Бу ҳавфли ҳолат, журналистларга қарши янги тенденция. Бу Ўзбекистонда мустақил журналистларга қарши катта кампания бошланаётганидан далолатдир, дейди Сид Янишев.

Жорий йилнинг 27 май куни Тошкент вилоят Жиноят ишлари бўйича суди диний-маърифий дастурлари билан Ўзбекистон ва минтақада танилган журналист Хайрулла Ҳамидовни "Жиҳодчилар" диний-экстремистик гуруҳига алоқадорликда айбдор, деб топди ва уни 6 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Элза Видалга кўра, айни пайтда Ўзбекистонда жами ўн бир нафар журналист тутқинликда қолаётир.

- Умида Аҳмедовага қарши жиноий иш очиб, уни айбдор топишди. Кейин янги журналистларни қамоққа ташлашди. Масалан, бу йил Ҳайрулла Ҳамидов олти йилга қамалди. Биздаги маълумотларга кўра, ҳозирги кунда Ўзбекистонда ўн бир нафар журналист қамоқхонада қолаётир. Булар Хайрулла Ҳамидов, Жамшид Каримов, Дилмурод Саййид, Солижон Абдураҳмонов, Баҳром Ибрагимов, Даврон Қобулов, Равшанбек Вафоев, Абдулазиз Дадахонов, Ботирбек Эшқўзиев ва бошқалар. Бу журналистларнинг барчаси турли хил айбловлар билан қамоққа ташланган. Бизнинг ташкилот, қолаверса, бошқа кўплаб ҳалқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматидан бу журналистларни озод қилишни сўрашган. Бироқ бу каби бизнинг мурожаатларимиз мутлақо жавобсиз қолмоқда, дейди Элза Видал.

Ўзбекистон демократик ташаббуслар маркази раҳбари Искандар Худойберганов фикрича, Тошкент режими матбуотга эркинлик беришдан қўрқади.

- Ўзбекистонда матбуотга эркинлик умуман йўқ. Ўзбекистоннинг аҳволи шу. Буни тан олиш керак. Нима учун совет давлатида эркинлик бўлмаган? Айнан бугунги кунда Ўзбекистонда шу сабаблар бўйича матбуотга эркинлик йўқ. Одна и та же причина это. Тузум бир хил. Ўзбекистон тузуми коммунистик тузумдан фарқ қилмайди. Фақат кўринишга демократик институтлар бор. Аслида улар ишламайди. Кўриниши бор, асли ўзи йўқ. Ўзбекистоннинг аҳволи шу. Ҳукумат қўрқади матбуотга эркинлик беришдан. Эркинлик бериши билан ўзига шикаст етказади. Обрўйи тўкилади. Бу тузум ўзидан ўзи йўқ бўлиб кетади унда. Матрбуотга эркинлик берилса, тузум ўзгариб кетади. Ҳамма гап шунда, дейди Искандар Худайберганов.

Маркази Парижда жойлашган Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг матбуот эркинлиги бўйича янги ҳисоботига кўра,
Марказий Осий давлатлари орасида Тожикистон матбуоти Ўзбекистонга нисбатан яхшироқ кўрсаткичларга эга экани қайд қилиниб, 115-поғонадан ўрин берилган.

Қирғизистон матбуот эркинлиги бўйича Ўзбекистондан тўрт поғона, Қозоғистон эса бир поғона юқорида.

Туркманистонда матбуот эркинлиги қўшни давлатларга нисбатан энг ёмон деб топилган. Туркманистон мазкур рейтингда 176-ўринни, пастдан учинчи поғонани эгаллади.

Чегара билмас мухбирлар ташкилоти жаҳон ҳамжамиятини Ўзбекистондаги саноқли мустақил журналистларни ҳимоя қилишга чақириб келади.

Мазкур ташкилот жорий йилнинг май ойида матбуот эркинлиги душманлари қора рўйхатини эълон қилган ва бу рўйхатга киритилган 40 шахс орасида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ҳам бор.

Чегара билмас мухбирлар ташкилоти Ўзбекистондаги сўз ва матбуот эркинлигининг ўта ночор аҳволидан бонг ураëтган ягона ташкилот эмас.

Жорий йилда АҚШ даги нуфузли Freedom House - Озодлик уйи ташкилоти ҳам Ўзбекистонни матбуоти эркин бўлмаган давлатлар қаторига қўшди.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси¸ Ҳюман Райтс Уотч каби ташкилотлар ҳам Ўзбекистонни матбуот эркинлигини бўғаётган давлатлар қаторига қўшиб, танқид қилиб келмоқдалар.

Расмий Тошкент эса бу каби танқидларни деярли эътиборсиз қолдириб келмоқда.
XS
SM
MD
LG