Линклар

Ўшда ўзбек олийгоҳлари қисқармоқда


Ўш Давлат университети қошидаги Ўзбек гуманитар-педагогика институти бугунги кунда кафедра даражасида фаолият юритмоқда.

Ўш Давлат университети қошидаги Ўзбек гуманитар-педагогика институти бугунги кунда кафедра даражасида фаолият юритмоқда.

Ўшдаги собиқ Ўзбек гуманитар-педагогика институти июн воқеаларига қадар Ўш Давлат университети қошидаги ўзбек тили ва адабиёти факултетига айлантирилган эди. Ўш қирғинидан сўнг эса факултет мазкур университетнинг қирғиз тили ва адабиёти факултети қошидаги кафедрага айланди.

Ўшдаги Қирғиз-Ўзбек университетининг номи эса айнан июн воқеаларидан сўнг Ўш давлат ижтимоиёт университети деб ўзгартирилди.

Бу каби ўзгартиришлар замирида нима ётибди? Қирғиз ҳукуматига миллатчилар босимининг кучайганими ёки бунинг жўяли сабаблари борми? Умуман бундай ўзгартишлар Қирғизистонда ўзбек кадрлари тайёрлаш масаласига қандай таъсир кўрсатади?

Ўш Давлат университети қошида ўзбек тили ва адабиёти кафедраси 1990 йил воқеаларидан сўнг очилган эди. Орадан бир неча йил ўтиб, у факултет бўлди. Собиқ президент Асқар Ақаев ҳукмронлигининг сўнгги йилларида ўзбек тили факултети Ўш ўзбек гуманитар-педагогика институтига айланди.

Президент Бакиев даврида эса институт яна факултет мақомига қайтарилди. 2010 йилнинг июн ойида содир бўлган Ўш қирғинидан сўнг мазкур факултет яна кафедра даражасига туширилди. Эзоп тили билан айтганда, “Нимадан бошланган бўлса, ўшанга қайтди - занжир халқалари уланди”.

Нега шундай бўлди?

Бу саволни дастлаб собиқ Ўзбек гуманитар педагогика институти, кейинроқ собиқ ўзбек тили ва адабиёти факултети, айни пайтда эса Ўш давлат университети қирғиз тили ва адабиёти факултети қошидаги ўзбек тили кафедраси раҳбари Равшанбек Турсуновга бердик.

- Ҳеч бўлмаганда факултет мақомини сақлаб қолиш учун кундузги бўлимда 300 нафар талаба ўқиши керак эди. Аммо бизда фақат 200 нафар талаба қолди, холос. Олий ўқув юртида асосан кундузги бўлимда қанча талаба ўқилаётгани ҳисобга олинади. Сиртқи бўлимда ўқиётганлар сони эса эътиборга олинмайди,- деди Равшанбек Турсунов.

Олий ўқув юртларига қабул имтихонлари бошланган бир паллада Ўш воқеалари содир бўлди. Балки мана шу ҳолат ҳам ўзбек йигит ва қизларига мазкур ўқув даргоҳига ҳужжат топширишларига тўсқинлик қилгандир? Нега мана шу жиҳат ҳисобга олинмасдан ва айни июн воқеаларидан сўнг факультет бирданига кафедрага айланиб қолди?

Домла бу саволларимизни жавобсиз қолдирди. Шундан сўнг юқоридаги саволларга яна бир саволни: “Нега Ўшдаги Қирғиз-Ўзбек университети номидан “Ўзбек” деган сўз олиб ташланди?” деган саволни қўшиб, Қирғизистон Маориф вазирлигига мурожаат қилдик.

- Реорганизация Ўзбекистондан келиб ўқиётган талабалар сонининг кескин камайиб кетиши туфайли ўтказилди. Бундан ташқари, июн воқеларидан сўнг Қирғиз-Ўзбек университети жамоаси олийгоҳ номини Ўш давлат ижтимоиёт университети, деб ўзгартириш талаби билан бизга мурожаат қилган, - деди Қирғизистон Маориф вазирлиги расмийси Айнура Каниметова.

Унинг айтишича, “мазкур ўзгартишлар ортида ҳеч қандай сиёсий ва этник сабаблар йўқ”.

Маориф вазирлиги расмийси “нега Ўшда юзага келган вазият ва бунинг оқибатида ўзбек ёшлари олийгоҳларга ҳужжат топшириш имкониятидан маҳрум бўлгани ҳисобга олинмасдан мана шундай қарор қабул қилинди?” деган саволимизни жавобсиз қолдирди. Бу саволга Маориф вазирлигининг бошқа расмийлари ҳам жавоб беришмади.

Ўшдаги собиқ Ўзбек гуманитар-педагогика институтининг собиқ ўқитувчиси Даврон Ҳотам эса айнан июн воқеларидан сўнг асосан ўзбеклар таълим оладиган икки ўқув даргоҳида бўлган ўзгаришлар ортида сиёсий сабаблар бор, деб ҳисоблайди:

- Албатта, талабалар сонининг озайгани ҳам бунга таъсир кўрсатган бўлиши мумкин. Аммо, ҳозир эсимда йўқ, июн воқеаларидан сўнг қайсидир бир қирғиз газетасида бир қатор аёл профессорлар ва фан номзодлари имзоси билан бир мақола босилган. Унда Ўшдаги ўзбек мактаблари ва ўзбек тилида ўқитадиган олийгоҳлар, жумладан, ўзбек тили ва адабиёти факултетини миллатчилик кайфиятларини олға сурадиган, миллатчиларни тарбиялайдиган ўқув юртлари қаторида баҳолаб, уларни ёпиш таклифини киритган. Талабалар сони озайиб кетмаган тақдирда ҳам мана шундай чора кўрилиши мумкин эди, -деди Даврон Ҳотам.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, Ўзбек гуманитар-педагогика институтининг аввал факултетга, кейинроқ эса кафедрага айлантирилиши Қирғизистондаги ўзбек мактаблари учун кадрлар тайёрлаш масаласини катта муаммога айлантириб қўяди:

- Ўзбек гуманитар институти бўлган пайтда ўзбек мактаблари учун нафақат тил ва адабиёт, балки бошқа фанлар, масалан, математика, биология ўқитувчиларини тайёрлаш мумкин эди. Аммо, афсуски, институт факултет мақомига туширилди. Факултетда 3 та кафедра бўлиб, ўттизга яқин ўқитувчи талабаларга ўзбек тили, адабиёти, маданияти, тарихи ҳақида кенг маълумотларни берар эди. Бугунги кунда эса факултет кафедрага айлантирилди. Кафедрада ҳозир олтита ўқитувчи ишлайди. Бу билан талабаларга ўзбек адабиёти, тили, маданияти ва тарихи, урф-одатларимиз ҳақида маълумот бериш имконияти кескин чекланди, - дейди Даврон Ҳотам.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG