Линклар

19 октябр куни эрталаб бир гуруҳ номаълум шахс томонидан уюштирилган қуролли ҳужум натижасида Чеченистон парламентида 3 киши ўлдирилди, 17 киши тан жароҳати олди. Чеченистон ҳукумати матбуот маркази тарқатган хабарга кўра, парламент депутатлари эвакуация қилинган.


Сешанба куни соат 8:30 ларда Чеченистон Республикаси пойтахти Грознийда жойлашган парламент биносига 4 қуролланган шахс автомобилда бостириб кирган ва 2 нафари ўзини портлатиб юборган. Қолган икки жангари парламент биносининг хоналаридан бирида жойлашиб олган.

Жанггариларни йўқ қилиш операциясини шахсан Чеченистон Президенти Рамзан Қодиров бошқарди.

- Олиб борилган 15-20 дақиқали тезкор амалиёт натижасида барча жанггарилар йўқ қилинди ва парламент биносида бўлган депутатлар ва техник ходимлар озод қилинди, - деди президент Қодиров.

Чеченистон прокуратураси тергов қўмитаси вакили Марям Налаева 17 яралангандан 6 нафари ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари эканлигини маълум қилди.

Ҳужум давомида парламент биносида бўлган ҳодиса гувоҳи Чеченистон парламенти депутати Усмон Оздамиров воқеа тафсилотлари ҳақида гапиради:

- Роппа-роса йигирмата кам тўққизда улар бизнинг парламентимизга ҳужум қилишди. Жанг бир соат давом этди. Кейин, менимча, уларда ўқ-дори тугагани боис ўзларини портлата бошлашди. Ҳаммаси худкуш эди. Хўжалик ишлари мудирини ва икки нафар қўриқчимизни ўлдиришди. Парламент аппарати раҳбари Искам Байхақов оёғидан яраланди. Қолган депутатлар соғ-омон. Парламент ўз ишини давом эттиради, - деди Чеченистон парламенти депутати Усмон Оздамиров.

Зудлик билан Грознийга етиб келган Россия Ички ишлар вазири Рашид Нургалиев бу ерда Чеченистон ҳукуматининг фавқулодда йиғинини ўтказди. Қодиров ва Нургалиев Чеченистон парламенти йиғинида ҳам иштирок этди.

“Грозний-информ” агентлиги хабарига кўра, Россия ички ишлар вазири Рашид Нургалиев Грознийда бу воқеалардан бир кун олдин бўлиб, шаҳарда ўтказилган Милиция кунига бағишланган тантаналарда иштирок этган, ички ишлар қисмлари ҳарбийларига ҳукумат мукофотларини топширган.

Чеченистон парламентига уюштирилган ҳужум пайтида бинода Свердловск вилояти парламенти депутатлари ҳам бўлган. Свердловск делегация вакили Игор Данилов Озодлик радиоси билан телефон орқали мулоқотда парламентга уюштирилган худкушлар ҳужуми тасодиф эмаслигини таъқидлади.

- Шу куни эрталаб соат тўққизда бизнинг Чеченистон Республикаси депутатлари билан учрашувимиз режалаштирилган эди. Биз ҳамкорлик масалаларини муҳокама этишимиз, парламентлараро гуруҳни ташкил қилишимиз керак эди. Роппа-роса соат тўққизда портлаш овози эшитилди. Ишончим комилки, бу тасодиф эмас. Улар бизнинг келишимизни билган, мақсадларимизни, нима учун келганимизни яхши билган. Шубҳасизки, бу бизни қўрқитиш учун, ортга қарамасдан қочиб кетишимиз, “Худо кўрсатмасин бу ерга яна келишимизни!” дейишимиз учун қилинган, - дейди Свердловск вилояти парламенти депутати Игор Данилов.

АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Майкл Ҳаммер Чеченистон парламентида содир этилган террорчилик ҳужумини Қўшма Штатлар қоралаши ҳақида махсус баёнот тарқатди. Шунингдек, Европа Иттифоқи ҳам бу террорчилик амалиётини қоралаб, халқаро террорчиликка қарши курашда Россия билан ҳамкорликни кучайтиришга тайёрлигини билдирди.

Чеченистон Ички ишлар вазирлиги экспертларининг “Вести” телеканалига маълум қилишича, дастлабки тахминларга кўра, Грознийдаги парламентга қилинган ҳужум тан олинмаган “Кавказ иморати” раҳбари Доку Умаров гуруҳидан ажралиб чиққан Ҳусайн Гакаев жанггарилари томонидан амалга оширилган. Маълум бўлишича, айнан шу гуруҳ август ойида Рамзан Қодировнинг туғилган қишлоғига ҳужум уюштирган.

Ҳозирда Грозний маркази вақтинчалик кириш учун ёпилган. Грознийда олиб борилаётган махсус операция якунлангунига қадар Шимолий Кавказ ва Жанубий федерал округ прокуратурасининг оператив-тергов гуруҳи тузилди.

Шимолий Кавказнинг айрим минтақаларида вазият оғирлигича қолаётганини октябр бошларидаги чиқишларидан бирида айтган Россия Прокуратураси Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикинга кўра, Доғистон, Ингушетия, Қабардин-Болқор, Чеченистон Ички ишлар бўлимлари “кунига 5-6 нафар ходимини йўқотмоқда”.
XS
SM
MD
LG