Линклар

Қодиржон Ботиров: Комиссия қирғинни уюштирганларни аниқлаши керак!

  • Сарвар Усмон

Қирғизистон республикаси Ўзбек миллий маркази вице-президенти Қодиржон Ботиров мамлакат жанубида июн ойида содир бўлган қонли воқеалар сабабларини ўрганувчи халқаро комиссия иш бошлаганини олқишлаган ҳолда бу комиссия амалга ошириши лозим бўлган ишлар ҳақида ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Финляндия парламенти аъзоси, ЕХҲТ Парламент ассамблеясининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Киммо Килюнен етакчилигидаги халқаро комиссия 2010 йилнинг июнида Ўш ва Жалолободда юз берган фожеали воқеалар сабабларини ўрганишга киришгани тўғрисида хабар берган эдик.

Халқаро комиссия фожеа сабабларини ўрганар экан, нималарга алоҳида эътибор қаратиши лозим?

Мухбиримиз бу савол билан бир қатор таҳлилчиларга мурожаат қилган ва уларнинг жавобларини эътиборингизга ҳавола қилган эдик.

Таҳлилчиларга берилган саволни Озодлик Қирғизистон республикаси Ўзбек миллий маркази вице-президенти Қодиржон Ботировга ҳам берган эди.

20 октябр куни Қодиржон Ботировнинг ёзма жавобини олдик ва уни тўлалигича эътиборингизга ҳавола қилишга қарор қилдик.

Демак, қуйида Қодиржон Ботировнинг жавоби:

- Аввало, халқаро комиссиянинг иш бошлаётганини фожеадан кейин халқаро ҳамжамият тарафидан ҳақиқат сари ташланаётган биринчи қадам, деб ҳисоблайман.

Комиссия ўз вазифасини фожеа сабабларини ўрганиш, деб белгилабди. Албатта, бу энг долзарб ва аниқланиши зарур бўлган масаладир. Лекин комиссия қирғин иштирокчилари ва унга йўл қўйган давлат ва ҳуқуқ-тартибот органлари ҳаракатларини хам ўрганиб чиқиб, ўзининг мустақил фикрини билдириши керак, деб ўйлайман.

Фожеа сабабларини ўрганишда алоҳида эьтибор берилиши лозим булган масала ва фактлар қуйидагилар, деб ўйлайман:

Ўзбек ва қирғиз халқларининг тарихий муносабатлари; Совет Иттифоқи давридаги муносабатлар; 1990 йилги Ўш вокеалари ва уни уюштирган шахсларнинг жазога тортилмай қолгани сабаблари;

Қирғизистон мустақилликка эришганидан кейин қирғиз бўлмаганларга муносабат; миллатчилик йилдан-йилга кучайиб боргани; сиёсатчилар ва медиа ходимларининг “қирғиз давлати”, “қирғиз ери” деб жар солиб, қирғизлар орасида миллатчилик ҳисларини қўзғаб келгани (улар очиқдан-очиқ “Қирғизистон қирғизлар учун, бошқа миллатлар бу ерда меҳмон” деган сиёсат юрғазиб келмоқда. Масалан, Асман.кг газетасининг 2010 йил, 4 март сонида чиққан бир мақолада "агар 10000 меҳмонни кузатсак, 10000 қирғизга уй-жой бушайди”, “ўзбекларга маданий уруш эълон қилишимиз керак” деган гаплар ёзилган. Шу каби мақолалар бошқа газеталарда ҳам жуда кўп чоп этилган, масалан “Алиби”, "Жани Заман", "Апта" мустақил нашрларида, шунингдек, "Эркин Тоо", Кыргыз Туусу" каби ҳукумат газеталарида ҳам);

Қирғизистонда бошқа миллатларга қарши амалга оширилган ҳужумлар (Искрада дунганларга қарши, Тўқмоқда уйғур ва ўзбекларга қарши, Маевкада туркларга қарши) сабабларини ўрганиш; (тилга олинган жанжаллар айбдорлари топилиб жазога тортилгани йўқ. Ўша жанжалларда орттирилган тажриба ўзбекларга қарши энг катта қирғинни амалга оширишда қўлланилди ва қирғиндан сўнг ўзбекларнинг ўзлари айбдор кўрсатилмоқда, ҳақиқий айбдорлар, фашист-қотиллар ва мародерлар яна жазосиз қолиб келмоқда);

Қирғизистон ҳукумати томонидан тузилган Миллий комиссия "фожеа сабабчилари ўзбек лидерларидир, хусусан Қодиржон Ботировдир", деб баёнотлар бермоқда. Бу айбловлар мутлақо асоссиз ва қуруқ туҳматдир. Улар видеоматериалларни ТВ орқали намойиш қилар экан, оригинал овозларни эшиттиришга қўймаяпти, тасвир устига ўзлари ҳохлаган текстни ёзиб эфирга бермокда. Биз ўтказган барча митинглар ва пресс-конференцияларнинг видеотасвирлари бор, уларни Қирғизистондан ташқарида мустақил экспертизадан ўтказиш зарур;

Ҳар бир ҳодисани ўрганиш, жабр кўрган ҳар бир киши билан юзма-юз учрашиб, суҳбатлашиш ўринли бўлади, деб ўйлайман. Ҳуқуқ-тартибот органлари шахсий таркибининг моноэтниклигини, фақат ўзбекларни айбдор, деб қийноқларга солаётганини, қилмагани айбларни бўйнига олишга мажбурлашаётганларини назарда тутишлари керак;

Ҳарбий қисмлар қурол-яроқ ва ҳарбий машиналарни (БТР) қаршиликсиз, бир ўқ отмасдан фашист-қотиллар қўлига топширганини, жуда кўп жойларда ҳарбийларнинг ўзлари қотиллар тарафида туриб қирғинга қатнашганини ўрганиш керак. Криминал структуралар ва мародёрлар ҳарбийлар ва милиция ходимлари билан бир тарафда туриб, ўзбек аҳолисига қарши қирғин уюштиришди. Уларни қайси куч бирлаштирганини ўрганиш керак.

Биз демократик ўзгаришлар амалга ошириш ниятини эълон қилган муваққат хукуматни қўллаб-қувватлаб, уларнинг илтимосига жавобан жанубда бакиевчиларнинг ҳокимиятга қайтишига қарши чиққанмиз. Лекин Бакиев тарафдорлари бўлган Усен Сидиқов, Мелис Мирзақматов, Азимбек Бекназаров ва Исмаил Исақовлар тил бириктириб, Бакиев ҳукумати ўзбекларга қарши олдиндан тайёрлаган қирғинни амалга ошириш мақсадида уюшиб олишган. Масалан, Бекназаров Новкен ва Майлисой туманлари милиция ходимларига телефон қилиб, ўғли ва унинг дўстларига қурол беришни буюрганини ўзи телевизордан чиқиб айтган. Жуда кўп қурол шу кунгача қирғиз мародёрлари ва криминал гуруҳлари қўлида қолиб келмокда. Уни қайтариб олишга ҳаракат ҳам бўлгани йўқ, аксинча, милиция "қурол излаябмиз" деган баҳона билан ўзбек маҳаллаларда “зачисткалар” ўтказиб, ўзбеклар мол-мулкини талон-тарож қилмоқда, ўзбекларни қамоққа солиб, тўлов талаб қилишмоқда;

Мудофаа вазири бўлиб турган Исмоил Исақовнинг буйруғига мувофиқ, фожеа вақтида сафарбарлик эьлон этилиб, фақат қирғиз миллатига мансуб йигитлар ҳарбий хизматга чакирилганини, улар жойларга ўзбекларга қарши жўнатилганини ўрганиш керак.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG