Линклар

logo-print

Венада ўзбек қочқинлари ҳимояси учун пикет ўтказилмоқда

  • Садриддин Ашур

Қозоғистон ҳибсхонасидаги 29 ўзбек қочқини ҳимояси учун Венада ўтказилаётган пикет, акция ташкилотчиларига кўра, 22 октябргача давом этади.

Қозоғистон ҳибсхонасидаги 29 ўзбек қочқини ҳимояси учун Венада ўтказилаётган пикет, акция ташкилотчиларига кўра, 22 октябргача давом этади.

20 октябр куни Қочқинларни ҳимоя қилиш қўмитаси фаоллари Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Венадаги қароргоҳи олдида пикет ўтказишни бошладилар. Пикетчилар Қозоғистондан Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши мумкин бўлган 29 қочқин ҳимоясига чиқдилар.



Қочқинларни ҳимоя қилиш қўмитаси аъзоси Аҳмад Исо билан пикет тафсилотлари ҳақида гапириб берди.

- Пикетни ўтказишдан асосий мақсадимиз ҳозирги кунда Олмаота шаҳрида сақланаëтган 29 нафар ўзбек қочқинларини Ўзбекистонга экстрадиция қилмаслик, яъни шунинг олдини олиш.

Озодлик: Қаерда пикет қилаяпсизлар?

- Пикетимиз Вена шаҳрида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти қароргоҳи биноси олдида бўлиб ўтаяпти.

Озодлик: Кўпчиликмисизлар?

- Ҳозир 13 кишимиз. Сафимизга яна учта-тўртта одамнинг келиб қўшилиши кутилаяпти. Пикетимиз Вена вақти билан соат 12 да бошланди. Мақсадимиз бу нарсани душанба куни бошлаш эди. Лекин Австриянинг пикет ўтказиш қонун-қоидалари бироз бошқачароқ экан. Бунинг учун бир жавобгар шахс Австрия фуқароси бўлиши керак экан. Шу одамни топгунча мана икки ярим кун вақтимиз ўтиб кетди.

Озодлик: Нима учун айнан ЕХҲТ қароргоҳи олдида ўтказаяпсизлар?

- Сабаби шундаки¸ ҳозир Қозоғистон ЕХҲТнинг раиси ҳисобланади. Қозоғистонга қаратилган шиорларимизда “Қозоғистон, ўз раҳбарлигингни муносиб якунла”, “Қозоғистон қочқинларни Ўзбекистонга юборма” ҳамда ЕХҲТга қаратилган шиорларимизда “Қочқинларни Қозоғистон ўлимга юбораяпти”, "Қочқинларнинг ҳаëтини сақлаб қолинг” каби шиорларимиз бор. Бу шиорларимиз рус ва инглиз тилларида ëзилган.

Озодлик: Мана пикетни бошлабсизлар. Шунча одам йиғилибди. Ҳозирча бирор-бир эътибор бўлдими ëки ташкилотдан бирор киши чиқдими?

- Эътибор жуда ҳам катта. Соат 12 да бошланиши ҳам бизга қўл келди. Соат 12 да ЕХҲТнинг мажлиси тушлик пайтига чиқди. Қозоғистон ва Ўзбекистондан келган вакилларнинг ҳаммаси ташқарига чиқиб, овқатланишга кетаëтганда¸ биз бу ишни бошладик. Ўтган-кетган одамларнинг ҳаммаси бизга эътиборини қаратиб, кимлардир видеога, кимлардир расмга олаяпти. Эътибор жуда ҳам кучли. Тушликдан кейин балки олдимизга вакиллар ҳам чиқар.

Озодлик: Пикет яна неча кун давом этади? Режаларингиз қандай?

- Пикетимиз 22 октябр жума кунигача давом этади. Рухсат жума кунгача берилган, дейди Қочқинларни ҳимоя қилиш қўмитаси аъзоси Аҳмад Исо.

Эслатиб ўтамиз, шу йил 9 июнидан 11 июнигача Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ўтказилмиш “Мигрант” рейди чоғида маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари элликка яқин ўзбекистонликларни қўлга олган, кейинроқ уларнинг 30 нафари шаҳар ҳисбхоналарида қолдирилганди.

Қозоғистон томони тўрт ойдан буён ҳибсхонада сақланаётган бу қочқинларни Ўзбекистон Бош прокуратураси талабига кўра экстрадиция қилиши мумкинлиги Қочқинларни қутқариш қўмитасини норозилик намойишлари ўтказишга ундаган ва аввалроқ Қочқинларни қутқариш қўмитаси Олмаота ҳибсхоналарида сақланаётган ўзбекистонлик қочқинлар ҳимояси учун 17 сентябр куни Женева, Копенгаген, Берлин, Стокҳолм, Лондон, Вашингтон, Киев ва Прага шаҳарларида, 5-7 октябр кунлари эса Варшавада норозилик акцияларини ўтказган эдилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG