Линклар

Ўзбек мардикорлари ичидан ëзувчи ва ҳофизлар етишиб чиқмоқда

  • Ҳурмат Бобожон

Хоразмлик йигитлар тузган “Обморок и мама” гуруҳи бир нечта CD чиқаришга ҳам улгурди.

Хоразмлик йигитлар тузган “Обморок и мама” гуруҳи бир нечта CD чиқаришга ҳам улгурди.

Владимир бозорида жинси шим сотадиган Ҳожарбиби Сиддиқова ëзган роман Россияда қўлма-қўл бўлди. Санкт-Петербургга пул ишлаш учун Хоразмдан келган Ихтиëр Россия поп саҳнасида ашула айта бошлади....


“Диско раққоси” филмининг эркагу аëл қаҳрамонлари қўшиқларини Россияда айтаëтган ўзбек мардикори Боймурод Оллобердиев номи тилга тушди.

Сўнгги ойларда эса бошқа ўзбек муҳожирлари тарафидан яралган бошқа қўшиқлар ҳам эл оғзига тушди.



Россиянинг совуқ қишлари,
Оғир экан барча ишлари,
Ёстиқ бўлди бизга ғиштлари,
Гўзал қишлоғимни соғиндим.

Интернетдаги Youtube видеопорталига жойланган бу қўшиқ муаллифи кимлигини билмаймиз. Лекин бу Россияда меҳнат қилаётган ўзбек мардикорларидан бири айтган қўшиқ экани маъносидан аён. Оиласидан йироқда меҳнат қилаётган Россиядаги миллионлаб ўзбек мардикорининг дарди куйланади бу қўшиқда.

Мени ўйлаб боламни қучган,
Соғинганда йўлга кўз тиккан,
Тонг саҳар ухламай кутган,
Суюкли ёримни соғиндим.

Собиқ иттифоқнинг аксар ҳудудлари, жумладан, Ўзбекистонда қашшоқлик кенг тарқалгани ва оила тебратиш имконларининг қолмагани бугун миллионлаб ўзбекларни Россияда мардикорлик қилишга мажбур қилган.

Йўқчиликдан боши тош қотган,
Саҳаргача оғулар ютган,
Билетга деб молини сотган,
Отажонимни соғиндим,
Тушларида "Nexia" минган,
Укажонимни соғиндим.

Улуғбек бахшининг “Хато қилдим” қўшиғида эса одамфурушларнинг алдов ваъдаларига учиб, Россияга бориб қолган ўзбек муҳожирининг қисмати куйланади.

Олис-олис элларда бой бўламан деб,
Бой бўлсам, осмонда ой бўламан деб,
Бир ёлғончи одамга қайдан ишондик,
Хато қилдик, хато қилдик-да.

Ёниб бўлган ёғочдай кул бўлиб қолма,
Эй акам, эй укам, ўзингдан қолма,
Мўмайгина, осонгига пул топаман деб,
Ёлғонларга ишониб қул бўлиб қолма.

Уйида бир тишлам нонсиз ва пулсиз, ноиложликдан иш берувчилар алдов ваъдасига учиб, Россияга не-не азобларни чекиб келган, икки йил ўрмонда ишлаб, қайтиш билетига етадиган пулни зўрға топган, ватанига омон қайтиб келганига шукур қилаётган ўзбек мардикори оғзидан куйланади бу қўшиқ.

Эй дўстларим, Икарусда 14 кун юрдик¸
Гоҳ ўтирдик, гоҳ суяндик, гоҳ тикка турдик¸
Оёқларим шишиб кетди, минг азоб кўрдик¸
Хато қилдик, хато қилдик-да.

Икарусда ўзиям 100 киши кетдик,
Ўн бешинчи куни манзилга етдик,
Билолмадим, билолмадик қайларга етдик,
Хато қилдик, хато қилдик-да.

Бизни олиб борган одам қайга йўқолди,
Юраклар мотордай бирдан ўт олди,
“Работай” деб биттаси сўкиниб қолди,
Хато қилдик, хато қилдик-да.

Бир буханка ўн кишига қандай етади,
Икки йилдан бери кунлар шундай ўтади,
Оч қоринга картишкаям мойдай кетади,
Хато қилдик, хато қилдик-да.

Самолётга яширинча чипта олдик-да,
Бир амаллаб тўрт киши қочиб қолдик-да,
Бўлмаса беш йилдаям келолмас эдик,
Хато қилдик, хато қилдик-да.

Не бўлсам, сен билан бўлайин, Ватан,
Тупроғинг кўзимга сурайин, Ватан,
Ўлсам ҳам, бағрингда ўлайин ватан,
Хато қилдик, хато қилдик-да.

Youtube видео портали ўзбек мардикорларининг бошқа ижод намуналарига ҳам тўлиб тошган. Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги қурилишларда меҳнат қилаётган ўзбек мардикорлари челакни дўмбира, белкуракни гитара, ёғочни синтезатор қилиб олиб, “Бетончилар ансабли”ни тузишди. Бу ансамблнинг Санкт-Петербургдаги қурилиш кетаётган бинонинг томига чиқиб олиб, Озодбек Назарбековнинг "Айтгин, ёрим, мендан не истарсан" қўшиғига жўр бўлиб тушган видеосини қисқа вақт ичида "Youtube"да 50 минг одам кўрди.

* * *

Панжлик ўзбек чўпони Боймурод эса челак чалиб, Россияда юлдуз даражасига етди. Россиядаги иш жойида Боймурод дераза рахини ноғора қилиб чалиб¸ “Диско раққоси” филмидаги Жимми ашулласини айтаëтган пайтида, дўстлари уни қўл телефонига суратга олиб интернетга илиб қўйди. Қисқа вақт ичида "Youtube"да уни минглаб томошабин кўрди.

"Диско раққоси" киносидаги Жимми ашуласини айтгани интернетга чиқдию, Боймуроднинг асл исми қолиб уни Жимми деб чақирадиган бўлишди.

Ўзбек мардикори Боймурод Оллобердиевни бугун ялтироқ кийимда Россиянинг катта давраларида учратасиз. Лекин тақирбошлар уриб синдирган тиши ўрнига Боймурод ҳали янгисини ўрнатгани йўқ.

* * *

Санкт-Петербургга пул ишлаш учун Хоразмдан келган Ихтиëр эса таниқли рус қўшиқларини ўзбекча, хоразмча йўналишда ресторанларда айтиб, Россияда танилди.

Эслолмайман қачон келганим,
Сархуш эдим чамамда.
Менинг манзилим уймас, кўча эмас,
Совет иттифоқи деган чаманда.



Хоразмлик Ихтиёр ва дўстлари асос солган “Обморок и мама” гуруҳининг довруғи бугун Ню Йоркгача етди. Яқинда улар Ню Йоркда концерт бериб қайтишди.

Ихтиёр қўлига тор олиб, Криловнинг машҳур “Ниначи ва чумоли” масалини ҳам ўзбекча йўналишда куйлади.

Ниначи ёз бўйи чалди соз,
Сайилларда ўтди гўзал ёз,
Томошадан бўшай демади,
Қиш ғамини сира емади.

“Обморок и мама” гуруҳининг аъзоси Виталий Погосян гуруҳнинг яратилиши тарихи ҳақда гапиради.

- Гуруҳнинг тузилиши тасодиф бўлган. Ресторанда ўтирганимизда, таниқли рус қўшиқларини ўзбекона йўналишда айтиш ғояси Ихтиёрдан чиқди. Кейин айтганимизда бизга ҳам ёқди, томошабинларга ҳам. Ҳозир ҳам шу йўналишда фаолиятимизни давом эттираяпмиз, - дейди Виталий.

“Обморок и мама” гуруҳи кўп миллатли.

- Гуруҳ таркиби россиялик Лёшка, мен ўзим арманистонлик профессионал машшоқман, Ихтиёр ва Жўра эса ўзбекистонлик. Улар Хоразмдан, - дейди Виталий Погосян.

Россияда ўзбекистонликлар нафақат қурилиш ёки оғир меҳнат майдонларини, балки саҳналарни ҳам тўлдирмоқда.

- Нимага бунақа қизиқиш деб сўрасангиз агар, гап шундаки, Россияга келувчилар сўнгги пайтларда жуда кўпайди. Аввал Санкт-Петербургда марказий осиёликлар сони 200 минг атрофида бўлган бўлса, ҳозир бу рақам уч-тўрт марта кўп. Келувчилар сони ортар экан, шу халқлар маданиятига ҳам қизиқиш ортадида, - дейди Виталий Погосян.

* * *

Ўтган асрда Чор россияси даврида ҳам ўзбек мардикорлари ўз дарду-ҳасратларини қўшиқлар орқали ифодалаганлар.

Қарғалар учса қарайлик Марғилоннинг йўлига,
Ҳиди келса маст бўлайлик ҳандалакнинг бўйига,
Ҳандалак бўйликкинам, сен унда зор мен бунда зор...

Ўзбек мардикорларининг бу қўшиғи биринчи жаҳон уруши йилларида пайдо бўлгани айтилади. Ўшанда Оқ пошшо томонидан Россиянинг қалин ўрмонларига олиб кетилган минглаб ўзбекистонликлар, Россиянинг қарағайзорларида ётиб, осмонга қараб айтишган экан бу қўшиқни.

Ўша пайтда ўзбек мардикорлари орасида бўлган Худойберди Қори тарафидан айтилган яна бир қўшиқ ҳозиргача етиб келган.

Поездингни жилдирган
Ўтхонаси билан дўнгалаги,
Двинскага кетди Андижонни
Мард йигитининг бир бўлаги.
Двинскага кетмас эди
Мард йигитнинг бир бўлаги,
Двинскага кеткизворган
Николайнинг замбараги.

Андижондан Россияга олиб кетилган мард йигитларнинг тақдири ҳақида эди бу қўшиқ. Бу қўшиқ матнини ҳам Худойберди қори ёзган, дейдилар. Қўшиқни эса марҳум ҳофиз Акбархон Ҳайдаров ижро этган.
Download:
FLVMP43GP
Download:
FLVMP43GP

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG