Линклар

Бугунги ўзбек мусулмонлари ўзаро мулоқотда кўп қўллаётган бу каби айбловларни ишлатишга оид ҳукмга оид саволларга таниқли уламо Обид қори Назаров жавоб беради.

Мунофиқ

Обид қори Назаров: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Мунофиқ деган калима бу ислом дини билан бирга боғлиқ, яъни луғат уламолари айтишадики, аввалда мунофиқ деган хос атама бўлган эмас. Ислом дини келгандан кейин пайдо бўлган, яъни одамларнинг исломга нисбатан муносабатларидан келиб чиққан ҳолда бу атама пайдо бўлган.

Аслида бунинг луғавий маъносида “ер остидаги йўл” деган маънони айтишган уламолар ва бунга мисол қилиб “алярбо” арабчаси, ўзбекчада юмронқозиқ десак бўлади, шундай ернинг остида яшайдиган, ернинг остида уя қилиб, йўл қилиб яшайдиган бир махлуқ амалига таққосланган дейишади. Шу юмронқозиқнинг кирадиган ери бўлади, чиқиб кетадиган ери бошқа жойда бўлади. Агар уни биров қувласа, кирадиган еридан киради, лекин қаердан чиққанини ҳам, қаëққа кетганини ҳам одам билолмай қолади. Мунофиқлик мана шунга таққосланган. Яъни мунофиқ одам исломга кирадию, лекин бошқа жойдан чиқиб кетади. Унинг қаердан чиққанини одамлар билмай қолади. Яъни тилда иймонни изҳор қилиб, дилда куфрни яшириб юриш бу мунофиқлик бўлади.

Энди бу мавзу жуда ҳам чуқур мавзу, кенг мавзу. Мунофиқликнинг турлари ҳақида гапиришади уламолар. Масалан мунофиқлик икки хил турга бўлинади: катта мунофиқлик, кичкина мунофиқлик. Ана ўша иймондан ажраган инсон “навзубиллаҳ” яъни Оллоҳга, малоикаларга, китоблари, пайғамбарлари ва охират кунига иймон келтирмайдиган, лекин тилида ўзини мўмин-мусулмон қилиб кўрсатиб юрган одамни катта мунофиқ дейилади. Яъни бу ҳақиқий мунофиқ. Унинг ўрнини Оллоҳ таоло жаҳаннамда кофирлардан ҳам пастроқ қуйи табақада, энг пастки табақада бўлишини айтган.

Энди кичкина мунофиқ деганда “Нифақул амал” дейишади. Яъни амалдаги мунофиқлик. У одамнинг дилида иймони йўқ, деб ҳисоб қилинмайдику, лекин амали шу мунофиқликка ўхшаган, иккиюзламачи, муттаҳам, ëлғончи одам, кичик нифоқ – қисқача айтсак, мана шундан иборат.

Озодлик: Энди мана шу атамани мусулмонлар бир-бирига ишлатишга қанчалик ҳақли? Агар кимдир кимгадир шу сўзни ишлатса, нотўғри ишлатса, жазоси қанақа бўлади?

Обид қори Назаров: Бу сўзни ишлатишдан¸ албатта¸ одамлар тийилишлари керак. Чунки бунинг икки хил маъносидан бири ниҳоятда хатарли. Яъни иймондан чиққан, кофир деган бўлади. Бу сўзни зоҳири мусулмон бўлиб юрган одамга қўллашдан тийилиш керак, эҳтиëт бўлиш керак.

Лекин пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам замонларида ҳам баъзилар бир-бирларига мунофиқ деган калимани ишлатиб қўйган жойлари бўлган. Баъзилар ўзи ҳақида айтган “мен мунофиқлик қилиб қўйдим” деб. Лекин улар ўша катта мунофиқлик эмас, куфр эмас балки маъсиятни назарда тутиб гапирган. Яъни гуноҳи кабира. Расулуллоҳнинг олдиларига келсам, бошқача бўламан, ташқарига чиқсам бошқача бўлиб иймоним сустлашиб кетаяпти деб Ҳанзала исмли саҳобий “Ҳанзала мунофиқ бўлди” деган. Аммо бу сўздан иложи борича одамнинг тийилгани яхши.

Иймонсиз

Обид қори Назаров: Иймонсиз дегани Оллоҳ таоло томонидан пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам олиб келган нарсаларга ишонмайдиган, уни тасдиқ қилмаган одам ëки одамлар. Пайғамбар “иймон бу Оллоҳга, унинг малоикаларига, унинг муқаддас китобларига, пайғамбарларга, охират кунига ва яхшилик ҳам, ëмонлик ҳам Оллоҳдан эканига ишонишингдир” деганлар. Мана шу иймоннинг олтита рукни ҳисобланади. Шу олти рукндан бирортасига иймон келтирмаса инсон, ишонмаса, ўша иймонсиз бўлган бўлади.

Озодлик: Жуда кўп эшитамиз, кейин бизнинг веб-саҳифамизга келган шарҳларда ҳам, айниқса диндорлар бир-бири билан баҳслашадида, ўшанда бир-бирига нисбатан “иймонсиз” деган сўзнинг ишлатилишига гувоҳ бўламиз. Бунинг қўлланилишига ҳукм қандай?

Обид қори Назаров: Бу нарсага ҳам эҳтиëт бўлиш керак. Бундай сўзларни айтишдан тилни тийиш керак. Чунки иймон инсоннинг қалбида бўлади. Буни билиб бўлмайди. Пайғамбарга (с.а.в) Холид ибн Валид “бир мушрик инсонни ўлдирдим” деб унинг ўлдирганлиги хабари келади. Шунда Расулуллоҳ унинг калима айтганини эшитадилар. Яъни калима айтиб кейин ўлдирилганининг хабарини эшитадилар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом “Ла илаҳа иллаллоҳ” деганни ўлдирдингми, деб қаттиқ танбеҳ берадилар. У “Қилични кўриб кейин калима айтди” деганда, Пайғамбар алайҳиссалом “Сен унинг қалбини ëриб кўрдингми? Сен унинг дилини билдингми?” дейдилар. Бу сўзни бир неча маротаба такрорлаганлар. Демак, иймонсиз деган сўзни айтишдан тийилиш керак.

Лекин иймон калимасининг маънолари кенг. “Баъзи амалларни қилган одамнинг иймони чиқиб кетади” деган ҳадислар бор. Масалан зино қилган одам зино қилаëтган пайтда иймонсиз ҳолда бўлади, ароқ ичаëтган одам ароқ ичаëтган пайтда иймонсиз бўлади ва шунга ўхшаш. Гуноҳи кабира қилаëтган одам ҳақида ҳам қаттиқ таҳдид бор. Баъзи олимлар “Шундай ҳолда ўлса, иймонсиз бўлиб, кофир бўлиб дўзахга кетади” дейишган.

Лекин бунинг умумий хулосаси шуки, ўша ҳам агар мусулмонлик даъвосида бўлса, уни мутлақ иймонсиз ëки кофир деб ҳукм қилинмайди. Оллоҳга ҳавола қилинади. Унинг ҳукми гуноҳи кабиралигича қолади. Гуноҳи кабира қилган одам иймонсиз деб айтилмайди. Албатта гуноҳга тавба қилган одам гуноҳи кечирилади деб умид қилинади. Лекин тавбаси ҳақиқий тавба бўлиши керак. Тавба қилаëтган пайтда қаттиқ афсус-надоматда бўлиши ва шу гуноҳни қайтиб қилмасликка қатъий қарор, азм қарор қилган бўлиши ва ўша гуноҳнинг асоратларидан ўзини поклаши, тозалаши, ўзини халос қилиши керак бўлади ва тавба қилган одамнинг тавбасини Оллоҳ қабул қилади ва у мусулмон ҳисобланади.

Кофир

Обид қори Назаров: Кофир деган калима ҳам луғавий маъноси яшириш, бекитиш дегани. Истилоҳдаги маъноси эса Пайғамбар со ллоллоҳу алайҳи васаллам Оллоҳ таоло томонидан олиб келган нарсаларни қасддан инкор қилиш, уни рад этиш ва ўз ўзидан динда маълум бўлган нарсаларни инкор қилиш бу куфр бўлади. Куфр яъни кофирликнинг ҳам маънолари, шарҳлари бор. Буни ҳам уламолар, жумладан Ибнул Қаййин раҳимаҳуллоҳ икки қисмдан иборат деб шарҳлаганлар.

Куфри акбар, куфри асғар яъни катта куфр, кичкина куфр. Катта куфр ўша иймонсизлик. Яъни диндан чиқади ва кофир бўлган одам дўзахда абадий қолади. Кичкинаси эса гуноҳи кабиралар. Яъни Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам “Мендан кейин сизлар бир-бирингизнинг бошингизни кесадиган кофирларга айланиб кетманг” деганлар. Мана шу ерда куфр калимаси ишлатилди. Одам ўлдириш бу гуноҳи кабира, лекин бу куфр эмас. Одам ўлдирганни кофир деб ҳукм қилинмайди. Лекин унинг нияти, эътиқодига қаралади.

Озодлик: Баҳсларимизда кўп тилга олинадиган сўзлардан бирида шу. Мана бошқа дин вакилларига нисбатанми, масалан Герт Вилдерс ҳақида маълумот бердик. Кейин Герт Вилдерс чизган карикатураларни веб сайтларда чоп этган газеталар, бу ҳақда гапирганлар, бу ҳақда ëзганлар ҳаммасига бирдек кофир деган сўз ишлатилди. Мана Ўзбекистон ҳукуматига кофир деган сўзлар, милиционерларга нисбатан кофир деган сўзлар кўп ишлатиладида мусулмон шарҳловчиларимиз томонидан. Ҳар ҳолда уларнинг қўяëтган шарҳлари мазмунидан кўра биз мусулмон деб ўйлаймиз, тахмин қиламиз. Бунга қандай қарайсиз, нима дейсиз?

Обид қори Назаров: Одамлар баъзилар айтадики, “Кофир деб бўлмайди инсонни. Кофирми ëки кофир эмасмилигини Оллоҳ билади” дейди. Нотўғри бу нарса. Чунки кофир деган сўз, бу атама мусулмондан мусулмон эмасни ажратадиган атама. Бу сўкиш эмас. Баъзилар буни ҳақорат деб тушунади. Унақа эмас.

Масалан Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васалламни ҳақорат қилса, динни ҳақорат қилса, нафақат пайғамбарни диндаги маълум нарсани масхара қилса, ҳақорат қилса, у албатта кофир. Унда ҳеч тортишув йўқ. Бунга талашиш керак эмас. Чунки ўшалар динга ишонмаганидан, динни ëмон кўрганидан масхара қилади ва бунинг ҳукми кофир. Бу ерда ҳеч мунозара йўқ. Жуда бўлмаганда бу сўз эркинлиги. Унинг номи шу кофир. Ҳеч нарса қилмайди. Айтилаверади.

Озодлик: Энди масалан Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан ëки мана биз кўпинча прокурорлар, милиционерлар ҳақида баъзида материаллар берамиз. Уларга нисбатан ҳам ишлатилади кофир деган сўз.

Обид қори Назаров: Асли келиб чиқиши, ота-бобоси мусулмон бўлган, ўзини мусулмон деб ҳисоблайдиган инсонга нисбатан кофир деган калимани ишлатишда эҳтиëт бўлинади. Мусулмонлигини тан олмайдиган, очиқчасига мусулмон эмаслигини гапирадиган одамларга нисбатан ишлатилиши бу бошқа масала.

Лекин мана ҳозирдаги мусулмон мамлакатлардаги ҳукуматлар раҳбарлари ëки мана милиция ходимлари, булар зулм устига қурилган, диктатура устига қурилган, халқни эзиб, унинг қонини сўриб дегандай мана шундай жиноятлар содир этиш эвазига яшаëтган ҳукумтлар ëки уларнинг малайлари, жаллодлар, мусулмонларни ўлдираëтган, уларни ўғирлаб ëки таҳқирлаб ҳақорат қилаëтган одамлар масаласида бу нозик нарса.

Аввало ўшандай инсонларнинг ўзи қўрқиши керак. Яъни кофир бўлиб қолаëтган бўлиши эҳтимол. Лекин биз уни очиқ-ойдин ҳукм қилишдан тийиламиз. Кофир деб ҳукм қилиш ўлимга ҳукм қилиш билан баробар. Шунинг учун бундай тийилади. Уламолар учун энг қийин амал дейишган. Аслан ота-бобоси мусулмон бўлган ва ўзи ҳам мусулмонлик даъво қилаëтган одамни кофир деб ҳукм қилиш бу энг оғир масала илмли одам учун. Лекин илмсиз одамлар бу нарсага кўпинча чуқур аҳамият бермайдилар. Улар гапириб юбораверадилар. Бундан эҳтиëт бўлиш керак.

Лекин албатта шу масала кўтарилганда, бизлар таъкидлашимиз керакки, эҳтимол ўшалар кофир бўлиб қолаëтган бўлиши мумкин. Ҳижобга қарши ëки ислом амалларига қарши, Қуръон ўқишга қарши, ўқитишга қарши ҳатто бу ëқда масалан Ғарбда, Европада динга ишонмайдиган, мусулмон бўлмаган одамларчалик муомала қилишни билмайди. Бу кофир бўлиб қолиш эҳтимоли жуда ҳам катта. Эҳтимол бўлиб бўлгандир анча-мунчаси.

Лекин биз уни умумий тарзда айтамиз. Хоссатан, алоҳида бир шахсга нисбатан қўллаш қийин. Ундан тийилиш керак. лекин умуман олганда ҳижобга қарши курашаëтганлар, ҳақорат қилаëтганлар, сўкаëтганлар эшитиб қўйиши керак албатта бу сўзларни. Кофир бўлиб қолса, ўзидан кўради. Оллоҳнинг ҳукми бу. Бизники эмас.

“Эсэнбшник”, яъни, “жосус”

Обид қори Назаров: Жосус деган калима ҳам худди мунофиқ, кофир ëки иймон деган калимага ўхшаб араб тилидан олинган ва бу ислом дини билан боғлиқ. Жосуснинг луғавий маъноси бир нарсани енгил ушлаб кўриш билан уни енгил сийпалаб кўришни жасса деб айтиларкан. Калиманинг асли келиб чиқиши томир ушлаб унинг касаллигини аниқлаш деган маънода ишлатилган экан бошлаб.

Бу кейин жосусликка ҳам қўлланадиган бўлиб кетган. Чунки жосуслик ана шундай билдирмасдан ниҳоятда усталик билан бир нарсани билиш, сирини билиш, ишларнинг яширин томонларини текшириш бу кўпинча ëмонликда қўлланилади. Яъни ëмон ният билан ишларни ëпиқ, махфий текширишга тажассус дейилади. Яъни жосуслик қилиш.

Бундан Оллоҳ таоло Қуръони Каримда қайтарган ва Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳам қайтарганлар. Яъни Ҳужурот сурасининг 12 оятида “Ва латажассасу” деган. Яъни “Жосуслик қилмангиз. Бир-бирингизнинг сирларингизни, айбларингизни қидирмангиз” деб Оллоҳ қайтарган. Яна уламолар айтишадики, жосуслик асли бадгумонликдан, қалбнинг тоза эмаслигидан келиб чиқади. Инсон дили тоза бўлмаса, қалби касал бўлса, қалб касалликларидан бири бадгумонлик, одамлар ҳақида ëмон гумон қилиш. Ана шу ëмон гумон инсонни жосуслик қилишга етаклайди ë шунга буюради.

Мана шу нарсалардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, бу нарсани албатта халқ учун зарари катта. Бундан тийилиш керак. Балки ўшандай инсонлар, ҳали юқорида ҳам айтдик, агар мусулмон ҳисобласа, ўзини мўмин ҳисобласа, ҳозир замон албатта мураккаб, сиëсатлар мураккаб.

Жосуслик қилиш унигн чекига тушган бўлса, ўша турган жойидан фойдаланиб, мусулмонларга, халққа фойда етказсин. Халқнинг бошига келаëтган кулфатлардан огоҳлантирсин. Кимгадир суиқасд уюштирилаëтган бўлса, билса шуни, ўшани сақлашга яъни оддий инсонларнинг ҳаëтини сақлаб қолишга ëки улардан ëмонликлар йўлини тўсишга ҳаракат қилиш керак агар у жосус ўзини иймонли деб биладиган бўлса.

Қуръони Каримда Юсуф алайҳиссалом ўғилларини Мисрга жўнатиб, “Юсуфни қидириб кўринглар” деган насиҳат қилаëтганларида “ва таҳассасу ан Юсуф” деганлар. Яъни Юсуфни жиддий, жуда бир синчиклаб қидиринглар деган оятни келтириб баъзи уламолар “таҳассус” бўлиши мумкин дейишган.

Хуллас қисқасини айтганда, агар яхши ният билан ëмонликларнинг олдини олиш учун, хавф хатарни даф этиш учун шундай махфий нарсаларни ўрганса, демак бу жоизлиги келиб чиқади, лекин бунда одам чегарани билиши керак. Яъни у одам “бўлар экан” деб ўз билганини ëки махфий хизматлар буюраëтган ишларни қилишга бўлмайди. у одам исломни ўрганиши керак. мусулмонлик қоидалари қанақа бўлади, хўп исломда ҳам шунақа хавф-хатарни олиш учун баъзи нарсалардан хабардор бўлиш мумкин бўлса, у одам исломни билмаса, иймонни билмаса, мусулмонлик қоидаларини билмаса, у албатта адашиб қолади, хато қилади.

Лекин нима бўлганда ҳам инсон Оллоҳдан қўрқиши керак ва Оллоҳга таваккул ҳал қилиши керак. Бу жосуслар ҳам ўтаверади, мунофиқлар ҳам ўтаверади, иймонсизлар ҳам ўтаверади, дейди Обид қори Назаров.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG