Линклар

logo-print

Тожикистонда кўпхотинлиликка қарши кураш авж олди


Кузатувчилар Тожикистонда иккинчи ё учинчи марта уйланаётган эркакларнинг эридан ажраган ёки бева жувонларга эмас, балки ёш қизларга уйланаётганини айтмоқдалар.

Кузатувчилар Тожикистонда иккинчи ё учинчи марта уйланаётган эркакларнинг эридан ажраган ёки бева жувонларга эмас, балки ёш қизларга уйланаётганини айтмоқдалар.

Тожикистонда юзга яқин эркак икки ва ундан ортиқ хотин олганликда айбланиб, иши судга оширилди. Бунга айнан эркакларнинг биринчи, иккинчи ёки учинчи хотинларининг арз-додлари сабаб бўлган.

Тожикистонда икки ва ундан ортиқ хотин олган ҳамда улар билан яшаётган кишилар амалдаги қонун асосида жазоланади. Республика Жиноят кодексининг 170-моддасига биноан кўпхотинли эркаклар беш йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Жорий йил бошларида Тожикистон хотин-қизлар билан ишлаш қўмитаси икки ва ундан ортиқ хотин олган эркакларга қарши курашни бошлаган эди. Қўмита вакилларининг айтишларича, шу пайтгача мазкур қонун умуман ишламаётганди.

- Қўмита вакиллари қарийб саккиз ой давомида жуда мураккаб ва кенг кўламли ҳужжатларни кўриб чиқишди. Тожикистондаги икки ва ундан кўп хотин олган эркаклар рўйхатини тузиш учун уларни аниқлаш осон иш эмас. Шу пайтгача аниқланган кўпхотинли эркаклар рўйхати тегишли тизимларга тақдим этилди. Лекин иш шу билан тугагани йўқ, деди Тожикистон хотин-қизлар билан ишлаш қўмитаси раисаси Тоғоева.

Қўмита раисаси сўзларига кўра, мамлакатда аёллар ҳуқуқларининг поймол бўлиш холатлари камаймаяпти. Бунинг оқибатида ўз жонига қасд қилаётган хотин-қизлар сони ошаяпти. Жумладан, расмий маълумотларга кўра, биргина Сўғд вилоятида сўнгги саккиз ой давомида 252 киши ўз жонига қасд қилган бўлиб, уларнинг 116 таси аёллардир. Ачинарлиси, бунинг ортидан жамиятда етим болалар ҳам кўпаймоқда.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашларича, республикада кўпхотинлилик ўтган асрнинг 90-йилларидан бошланган. Тожикистонда фуқаролар уруши даврида ва ундан кейин бу жараён суръати тезлашди.

Расмий маълумотларга кўра, фуқаролар уруши натижасида мамлакатда юз мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган. Уларнинг асосий қисмини эркаклар ташкил этади. Оқибатда 25 мингдан ортиқ аёл бева ва яна етмиш мингга яқин бола етим қолган. Таҳлилчи Нўъмонжон Фахриддинов бу рақам тожикистонлик эркакларнинг хорижий ўлкаларга муҳожирликка чиқиб кетиши билан янада бир неча карра ошганини таъкидлади.

- Бугун Тожикистонда кўпчилик учун тирикчилик қилиш жуда оғир кечаяпти. Аҳолининг турмуш шароити талаб даражасида эмас. Кўплаб аёлларнинг эрлари асосан Россияга иш излаб кетиб, ўша ерда хотин, бола-чақали бўлиб қолиши эса бу қийинчиликларни янада кучайтирмоқда. Мана шуларни ҳисобга олган ҳолда, муҳтож аёлларни ўз никоҳига олиб, фарзандларини тарбияласа, ёмон эмас. Ислом дини ҳам рухсат берган-ку, - дейди Нўъмонжон Фахриддинов.

Таҳлилчининг айтишича, кўпхотинлиликни таъқиқлаш ўрнига уни қонунийлаштириш керак.

Бироқ хотин-қизлар масаласи билан шуғулланувчи ташкилотлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари фикрича, Тожикистонда кўпхотинлиликка йўл қўйиб бўлмайди. Уларнинг сўзларига кўра, иккинчи хотин олаётганлар савоб ишларни амалга ошириш учун эмас, балки ўз манфатларини кўзлаган ҳолда уйланишмоқда.

- Рости гап, савоб ишларни қилаётган бирорта эркакни кўрмадим. Иккинчи ёки учинчи хотин олганларнинг аксарият қисми етим боласи билан кўчада қолган аёлни еки ночор яшаётган аёлни ўз қарамоғига олгани йўқ. Иккинчи ёки учинчи хотин бўлганларнинг аксарияти ёш қизлар, дейди Аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи “Инис” нодавлат ташкилоти раҳбари Гулчеҳра Раҳмонова.

Иккинчи хотин бўлиб турмушга чиққан Дилафруз исмли аёлнинг фикрича, бу оғир кисмат. Унинг турмушга чиқишига яшаш шароитининг оғирлиги сабаб бўлган. Дилафрузнинг ҳозир битта фарзанди бор, лекин бахт нималигини билмайди.

- Оила муқаддас нарса. Бизнинг ислом шариатида тўртта хотинга ижозат берган. Лекин унинг шарт-шароитларини жойига қўйиб, биринчи хотинининг розилигини олиб, ҳар икки хотинини ҳам бир-бири билан таништириб яшаса, балки яхши бўлади. Бу эркакнинг вазифаси. Агар эркак ҳақиқий эркаклик вазифасини бажарса, ҳар икки хотинни ҳам икки елкасида кўтара олади, дейди Дилафруз.

Тожикистон давлат статистика қўмитасининг сўнгги маълумотларида айтилишича, республикада етти миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилиб, унинг қарийб 60 фоизини аёллар ташкил қилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG