Линклар

Қозоғистон ўзбекистонлик қочқинни Ўзбекистонга топширди


Қозоғистон ўзбек қочқинлари учун хавфли маконга айланиб қолди.

Қозоғистон ўзбек қочқинлари учун хавфли маконга айланиб қолди.

Қозоғистон ҳукумати ўзбекистонлик қочқинни расмий Тошкентга бериб юборгани маълум бўлди. 36 ёшли Сайидаҳмад Холматов бир неча ой аввал Ўзбекистонга экстрадиция қилингани айтилмоқда. Айни пайтда Олмаота ҳибсхонасида қолаётган 29 қочқиннинг тақдири ҳам мавҳум бўлиб қолмоқда.


Қозоғистон бош прокуратураси расмий Тошкент террорчиликда айблаётган Ўзбекистон фуқаросини экстрадиция қилганини эълон қилди.

Қарағанда вилояти прокуратураси матбуот хизмати ходими Нурбек Кузбаковга кўра, Андижон вилоят ички ишлар бошқармаси қидирувга эълон қилган Сайидаҳмад Холматов шу йилнинг 22 апрелида Жазқозғон шаҳрида қўлга олинган.

- 2009 йилнинг 23 июлида Андижон шаҳар суди уни ҳибсга олиш ҳақида қарор қилган. Қозоғистонда эканлиги аниқланганидан сўнг, Сатпаев туман суди экстрадиция қилиш учун ҳибсга олиш ҳақида санкция берган. 21 августда Сайидаҳмад Холматов Олмаотага, Ўзбекистонга экстрадиция қилиш учун жўнатилган эди,- деди Қарағанда прокуратураси расмийси.

Унинг айтишича, Андижон вилоятининг Жалолқудуқ тумани Дўнгқишлоғидан бўлган 36 ёшли Сайидаҳмад Холматов Қозоғистонда ноқонуний фаолият билан шуғулланмаган. Холматов мардикорлик қилгани келган, дея қўшимча қилди Нурбек Кузбаков.

Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси ўз сўровида Сайидаҳмад Холматовни жиноий ташкилот тузганлик, конституциявий тузумга тажовуз қилганлик, террорчилик, экстремистик ташкилот тузганлик ва уни бошқарганликда айблаган.

“Ўзбекистон бош прокуратураси талабини ўрганиб чиқиб, Қозоғистон бош прокуратураси Сайидаҳмад Холматовни экстрадиция қилиш қарорини қабул қилган”, дейилади Қозоғистон бош прокуратураси тарқатган хабарда.

Айни пайтда Ўзбекистонга жўнатилган андижонлик Сайидаҳмад Холматов қаерда сақланаётганлиги ҳақида маълумотлар йўқ.

Сўнгги пайтда Қозоғистондаги ўзбекистонлик қочқинлар хавф остида қолмоқда. Айни пайтда Ўзбекистон талабига кўра, Қозоғистондан 29 қочқин экстрадиция қилиниши мумкин. Бир неча ойдан буён Олмата ҳибсхонасида сақланаётган ўзбекистонлик қочқинлар террорчилик, диний экстремистик ташкилотларига аъзоликда айбланмоқда.
XS
SM
MD
LG